Адолат учун фидоийлик тимсоли: Рейчел Корри

Корри 2003 йилда Фаластинлик бир оиланинг уйини бузилишдан асраб қолиш учун норозилик қилган пайтида Исроил бульдозери билан эзиб ўлдирилган. 23 ёшли америкалик тинчлик фаоли бўлган бу қиз ўлдирилганига 18 йил бўлди.

Ўлимга қарши ҳаёт овозини кўтаришга ҳаракат қилган Коррининг ўлдирилиши, Фаластиннинг бугунги кунда ҳам давом этаётган озодлик учун курашига ҳисса қўшди. Ўз ҳаётини фаластинликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишлаган ёш аёл, 2003 йилда Ғазога бориб бутун дунёга тинчликка бўлган ишончини билдирмоқчи эди. Амалга оширган фаолияти ва видеолари билан Корри Исроил томонидан инсон ҳуқуқлари бузилишини фош қилди.

Ўлдирилган куни америкалик фаол тўқ сариқ кўйлаги ва қўлидаги мегафони билан, Исроил бульдозерлари томон йўл олди. У ўзининг ғарбона кўриниши исроилликларни тўхтатади деб ўйлаб уларга қарши чиқди, аммо Исроил томон раҳм қилмади. Унинг ўлими ҳақида хабар топган Ғазо аҳолиси уни «шаҳид» деб аташди ва Корри учун катта дафн маросими ўтказдилар.

Қорнини снаряд ёриб юборган, оғзидан ҳозиргина эмган она сути аралаш қизил қон келиб, кўзчалари косасидан чиқиб кетган гўдагини қучоқлаб додлаётган онани кўрган, фарзандларининг мажақланган жасадини кўриб, ақл-ҳушидан айрилиб, бир онда телба бўлиб қолган тенгдошини кўрган, … «Художон, мени жаннатингга олиб кет. Бу ерда жуда қўрқяпман. Укамни олиб кетдинг-ку! Жаннатга олиб кетсанг, ҳечам тўполон қилмайман…», дея қўлчаларини дуога очиб ўтирган митти қизалоқнинг азобларини кўрган Корри онасига юборган сўнгги мактубида шундай ёзган эди:

«… Онажон, мен бу ерда кўрган даҳшатларимни сизга айтиб берсам, ҳаётингиз ҳаловат йўқолади. Кўзларимга ишонмаяпман, даҳшатдан кечалари ухлолмаяпман. Дунёмизнинг асл юзи мана шундай эканини ва бу ҳақсизликларга, бу зулмга индамай қараб турган ёки кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга олаётган миллиардлаб одамлар борлигини ўйласам, юрагимдаги нафрат, исён бўғзимга тиқиляпти… Онажон, агар зулм биздан бўлса, мен бизлардан эмасман! Менинг сўнгги сўзим шу! Мен бизлардан эмасман!..».

Унинг номини абадийлаштириш мақсадида 2010 йилда Ғазога йўл олган Ирландия ёрдам кемасини ҳам Рейчел деб аташган. Унинг ҳикояси асосида фаластинликларнинг оғир ҳаётини акс эттирувчи бир нечта ҳужжатли фильмлар ишланган