Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида барча ўзбек ўқувчилари ғолиб бўлди

Халқ таълими вазирлигининг берган ахборотига кўра, жорий йилнинг 20-26 апрель кунлари Австрия, Хитой, Туркия, Россия, Саудия Арабистони, Исроил, Хорватия, Венгрия, жами 28 та давлат ўқувчилари ўртасида 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси онлайн тарзда ўтказилди. Унда Ўзбекистон шарафини 7 нафар ўқувчи ҳимоя қилиб, уларнинг 7 нафари ҳам медаль соҳиби бўлган.

Илк босқичда барча иштирокчилар 8 та мажбурий масала ишлаган бўлса (жами 80 балл), иккинчи босқичда кимё фанининг 5 бўлимига оид 15 масаладан ихтиёрий 5 тасини ишлаш талаб қилинди (жами 75 балл).

Якуний натижаларга кўра ватанимиз шарафини ҳимоя қилган ўқувчиларимиз 1 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан тақдирландилар.

Таъкдланишича, ғолиб иштирокчиларга дипломлар ва медаллар ҳамда совға қилинадиган китоблар ташкилий қўмита томонидан почта орқали жўнатилади.

Айтиш жойизки, ўтган йилги 54-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин ва 5 та бронза медалини қўлга киритган эди. Бугунги кунгача Ўзбекистон терма жамоасининг ҳисобида 7 та олтин, 20 та кумуш ва 51 та бронза медаллари мавжуд.