Вашингтон ва Россия ўртасида янги низо майдони пайдо бўлмоқда

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Арктикада Россиянинг роли ортиб бораётганлиги сабабли “янги тўқнашувлар театри” пайдо бўлиши мумкинлигини айтди.

Блинкен иқлимга бағишланган нутқида шундай деди: “Иқлим ўзгариши янги можаролар театрларини вужудга келтириши мумкин. Феврал ойида Россиянинг газ танкери тарихда биринчи марта Арктика денгизи маршрутида сузиб ўтди. Яқин вақтгача ушбу йўналишда йилда фақат бир неча ҳафта давомидагина сузиб ўтиш мумкин эди. Арктика глобал ўртача кўрсаткичдан икки баравар илиқроқ бўлгани сабабли бу муддат узаймоқда”.

Америка дипломатиясининг бошлиғи “Россия бу ўзгаришлардан янги ҳудудлар устидан ўз назоратини ўрнатиш, Арктикадаги, шу жумладан, Аляскадан 300 мил узоқликда базаларини модернизация қилиш ва янги базаларни қуришга уринмоқда”, деди.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу аввалроқ АҚШ Арктикада ўз ҳарбий кемалари сонини кўпайтираётганини таъкидлаб, минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият дунёнинг етакчи давлатларининг табиий ресурслар ва транспорт эришиш учун рақобати сабабли мураккаблашаётганига ишора қилди.

 Россия мудофаа вазири унинг мамлакати мудофаа қобилиятини ошириш ва Арктикадаги миллий манфаатларини таъминлаш учун Шимолий флотни фаол ривожлантираётганини таъкидлади.

Россия ТИВ, ўз навбатида, Арктика минтақасида Қўшма Штатлар ҳарбий кучини кўпайтираётганидан хавотир билдирди ва Москва ушбу минтақани тинчлик йўлида ҳамкорлик майдони бўлиб қолишини қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади.