Россияга кириши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига Ўзбекистон ҳам киритилди

Россия Федерацияси Ҳукуматининг фармойишига кўра, Фуқаролари ҳамда доимий яшаш ҳуқуқига эга шахслари Россия Федерацияси чегарасидан ҳаво ўтиш пунктлари орқали Россияга кириши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига 6 та мамлакат, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам киритилди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси берган ахборотига биноан 2021-йил 1 апрелдан бошлаб Россияга ҳаво ўтиш пунктлари орқали кириш бўйича белгиланган чекловлар қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

− Ўзбекистондан Россияга ҳаво пунктлари орқали кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

− Кўрсатиб ўтилган фармойишда келтирилган давлатлардан (Буюк Британия, Танзания, Туркия, Швейсария, Миср, Малдив Ороллари, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Қирғизистон, Корея Республикаси, Куба, Сербия, Япония, Сейшел Ороллари, Эфиопия, Ветнам, Ҳиндистон, Қатар, Финландия, Озарбайжон, Арманистон, Гретсия, Цингапур, Тожикистон, Венесуэла, Германия, Сурия, Тожикистон, Шри-Ланка) бирида яшаш учун гувоҳнома ёки бошқа доимий истиқомат қилиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

− Россияга ҳаво пунктлари орқали кириб келадиган Ўзбекистон Республикасида яшаш учун гувоҳномага эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар. Россия томонидан рейслар ҳақида қўшимча маълумотлар олинган тақдирда бу борада ахборот тақдим этилади.