Россияга ишлаш учун кетаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатлари қонуний ҳимояга олинди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хабарига кўра, агентлк Россия Федерацияси Самара вилояти «Мигрантларга ёрдам кўрсатиш ҳудудий маркази» бош директори С.Нуждин билан учрашув ташкил этди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи вазифасини бажарувчи Х.Умаров, Агентлик бошлиғи ўринбосари Х.Файзуллахўжаев ва бошқарма бошлиқлари, Самара вилояти «Мигрантларга ёрдам кўрсатиш ҳудудий маркази» вакиллари иштирок этган учрашувда Ўзбекистон – Россия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасини янада ривожлантириш, пандемия шароитида Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шунга кўра Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Самара вилояти «Мигрантларга ёрдам кўрсатиш ҳудудий маркази» ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

Келишувда Россияга ишлаш учун кетаётган Ўзбекистон фуқароларини Самара вилояти ҳудудидаги корхоналарда ишлашга олдиндан мослаштириш, меҳнат миграцияси жараёни доирасида тўғридан-тўғри алоқа самарадорлигини ошириш, меҳнат мигрантлари учун хизматларнинг хавфсизлиги ва сифатини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиниши назарда тутилган.

Жорий йил февраль ойида марказнинг Ўзбекистондаги вакили А.Щербинин Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ташриф буюриб, ушбу марказ филиалини Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича келишув имзолаш истагини билдирган эди.