Ўзбекистонлик талабалар Россияга киришлари мумкин

Россия Фан ва олий таълим вазирлиги Матбуот хизматининг  хабарига кўра,Россия ҳукумати мамлакат олийгоҳларида таълим оладиган айрим давлатлар фуқароларига Россияга киришга рухсат берди. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Маълум қилинишича, Россия Федерацияси ҳукуматининг жорий йил 31 мартдаги буйруғи билан Венесуэла, Германия, Сурия, Тожикистон, Ўзбекистон, Шри-Ланка каби хорижий талаба, аспирант, резидент ва тайёргарлик факультетлари талабаларига Россияга қайтиб, ўқишни давом эттиришга рухсат берилган.

Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги ўз навбатида, чет эллик талабаларни Россияга қайтариш тартибини ишлаб чиққан ва уни амалга ошириш устида ишламоқда. Олий ўқув юртларида ишларни ташкил этиш бўйича услубий материаллар тайёрланган, талабалар учун кўрсатмалар шакллантирилган.

Аудиторияга қайтиш учун махсус тайёргарлик талаб этилади, дейилади вазирликнинг хабарида. Чет эллик талабалар режалаштирилган келиш кунидан камида 10 кун олдин электрон почта орқали университетдаги кураторга кириш санаси ва чегара пунктидаги вазият тўғрисида хабар беришлари шарт. Кириш учун барча талабалар электрон почта орқали университет вакилидан рухсат ёки тасдиқни олишлари ҳамда ПЦР тестини олишлари керак.

Россияга келишдан уч кун олдин тест натижаларини топшириш шарт. Рус ёки инглиз тилларида салбий натижани тасдиқловчи гувоҳнома Россия Федерациясида чегара назорати пайтида, шунингдек, университет ётоқхонасида тақдим этилиши керак.

Россия ҳудудига киргандан кейин 72 соат ичида чет эллик талабалар иккинчи ПЦР синовидан ўтишлари керак. Синов натижаларини олишдан олдин улар яшаш жойидаги ўзини изоляция қилиш режимига риоя қилишлари керак. Изоляция даврида машғулотлар онлайн тарзда амалга оширилади. Чет эллик талабаларга иккинчи синовсиз кундузги ўқишга рухсат берилмайди.