Ўзбекистон Республикасида визасиз режим жорий қилинган мамлакатлар сони 90 тага етди

2021йил 15 март ҳолатига кўра, фуқаролар учун Ўзбекистон Республикасида визасиз режим жорий қилинган мамлакатлар сони 90 тани ташкил қилади.

Икки томонлама халқаро шартномалар ва тенглик асосида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) иштирокчилари учун, хусусан 10 та давлат, Озарбойжон Республикаси, Грузия, Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси, Украина (чекланмаган), Қирғизистон Республикаси (60 кунгача) ва Тожикистон Республикаси (30 кунгача) билан икки томонлама визасиз режим ўрнатилган.

Визасиз режим санаб ўтилган мамлакатларнинг фуқароларига, уларнинг сафар мақсадларидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасига ташриф буюришни режалаштираётган барча тоифадаги паспорт (дипломатик, хизмат ва умумфуқаролик) эгаларига нисбатан қўлланилади. Мамлакатга кириш учун шахс амалдаги миллий паспорт ёки хорижий мамлакатларга сафар вақтида қўлланиладиган, унинг ўрнида ўтадиган амал қилиш муддати камида 6 ойни ташкил қилиши керак бўлган бошқа ҳужжатга эга бўлиши керак. 30 кунлик ва 60 кунлик визасиз режим Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтган вақтдан бошлаб амалга киради ва унинг тугашига қадар хориж фуқароси мамлақатдан чиқиб кетиши керак.

16 ёшга тўлмаган хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига визасиз кириши: Бунда ушбу фуқаролар қонуний вакиллари ҳамроҳлигида бўлишлари ва биометрик ўтиш ҳужжатига эга бўлиши талаб этилади ва Ўзбекистон ҳудудида ҳамроҳ шахснинг визаси амал қилиш даврида, лекин 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда бўлиши мумкин.

Маълумот учун:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги 5326-сон фармонига мувофиқ (1-банд) 2018 йил 10 февралдан бошлаб 7 та давлат, хусусан Исроил давлати, Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси ва Япония фуқаролари,шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланган.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги 5551-сон фармонига мувофиқ 2018 йил 5 октябрдан бошлаб Франция Республикаси фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 январдаги 5610-сон фармонига мувофиқ Германия Федератив Республикаси фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди.    

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги 5611-сон фармони билан 2019 йил 1 февралдан бошлаб, 45 та давлат учун 30 кун муддатга виз визасиз режим эълон қилинди.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 мартдаги 5691-сон фармони билан 2019 йил 20 мартдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун, шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари резиденти мақомини олган хорижий давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кун муддатга визасиз режим белгиланди.

5. Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 августдаги 5781-сон фармонига мувофиқ (1-Илова) 2020 йил 1 январдан бошлаб 20 та давлат, жумладан, Антигуа ва Барбуда, Барбадос, Белиз, Гренада, Доминикана Республикаси, Мексика Қўшма Штатлари, Гватемала Республикаси, Гондурас Республикаси, Коста-Рика Республикаси, Куба Республикаси, Никарагуа Республикаси, Панама Республикаси, Тринидад ва Тобаго Республикаси, Эль-Сальвадор Республикаси, Сент-Винсент ва Гренадинлар, Сент-Люсия, Багама Ороллари Ҳамдўстлиги, Доминикана Ҳамдўстлиги, Сент-Китс ва Невис Федерацияси, Ямайка фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий қилинади.