Канадада даромадни декларациялаш ва солиқлар тўлови

Канадада ҳар йили 30 апрелгача даромадларингизни декларация қилишингиз зарур. Декларациянгизга қараб сизга, шу жумладан, болалар пули миқдори белгиланади. Эри хотин декларацияси одатда қўшиб тайёрланади.

Одатда иш берувчилар ойлик ҳисоблаганида барча солиқларни тўлайди ва қўлингизга солиқлардан қолган пулни беради. Лекин агар сиз йил давомида «левий» қилган бўлсангиз, қўшимча даромадингизни ўзингиз декларация қилишингиз керак.

Канадада солиқлар федерал, провинциал ва муниципалга бўлинади. Даромад солиғи федерал ва провинциал бўлиши мумкин. Солиқнинг провинциал қисмини провинцияларнинг ўзи белгилайди ва пул худуднинг ўзида қолади.

Масалан, Альбертада 50 000 Канада доллари миқдоридаги йиллик маошдан 11 900 доллар, яъни 24% солиқ тўланади. Бунга федерал ва провинциал даромад солиғи, пенсия ва ишсизлик жамғармаларига тўловлар киради. 50 000 «начисление»дан 38 100 доллар қўлингизга тегади.

Ҳудди шу суммани Квебек провинциясида топсангиз, қўлингизга 35 700 доллар тегади, чунки у ерда провинциал солиқлар баландроқ.

Лекин солиқ базасини камайтирувчи жуда кўп шартлар бор. Масалан, 2020 йил Абдумаликнинг боғчасига 8750 доллар тўлабмиз. Бу тўлов солиқ базасини шунча миқдорга камайтиради. Яъни, сиз энди 50 000 доллардан эмас, балки 50000-8750=41250 доллардан солиқ тўлашингиз керак.

Аммо сизнинг иш берувчингиз 50 000ни ҳисоблаб, ундан солиқ тўлаган. Сиз боғчага тўлаган суммани декларациянгизда кўрсатсангиз, Канада солиқ қўмитаси солиқларингизни қайта ҳисоблаб, сизга ортиқчасини қайтариб беради.

Яъни, ишхонангиз 50 000 доллардан 11 900 доллар даромад солиғи тўлаган. Лекин боғча пули солиқ базангизни қисқартирди ва у 41 250 долларга тенг. Шунинг учун давлат сизга тахминан 2900 доллар қайтариб беради.

Қўшимча бизнес қилишда ҳам солиқ базасини кичрайтирувчи шартлар бор. Мен уйдан туриб ишлаганман. Уй майдонини ўлчайсиз, кейин қўшимча бизнес билан шуғулланган хона майдонини ҳисоблайсиз. Ундан сўнг у хонадан қанча бизнес учун, қанча оддий истиқомат қилиш учун фойдаланганингизни ҳисоблайсиз (масалан, 20% бизнес учун).

Бир йил учун коммунал хизматлар ва интернет учун тўлаган пулингизни олиб, ўша хонада айнан бизнес учун қанча сарфлаганингизни чиқарасиз. Ва мана шу суммага солиқ базангиз қисқаради. Рақамларни киритсангиз, махсус сайтлар сизга ўзи ҳисоблаб беради.

Мен бу йил, ишхонам берган ойликдан ташқари, «левий»ларим ортидан 11 525 Канада доллари қўшимча даромад қилибман. Энди қўшимча даромаддан 1800 доллар қўшимча солиқ тўлашим керак бўлар экан. Лекин боғчага ва тиббиёт учун сарфлаган пулларимизниям қўшсак, давлат бизга умумий 833 доллар қайтариб бераркан.

Декларация онлайн тўлдирилади. Аввал мен бухгалтер хизматидан фойдаланардим (тахминан 300 доллар икки кишига), ўтган йили ва бу йили ўзим ўрганиб, ўзим топширяпман.

Фарҳод Файзуллаев,
Zambarakning_oqi канали муаллифи