Франция делегацияси Ўзбекистон Cоғлиқни сақлаш вазирлиги фаолияти билан танишди

Кеча Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев Франция делегацияси билан учращди. Ташриф доирасида вазир Франциянинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Брис Рокфей, ЖССТнинг COVID-19 пандемиясига қарши курашиш қўмитаси раиси, “АР-НР International” ассоциацияси раҳбари Дидье Уссен, Франция соғлиқни сақлаш вазирининг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси, “АР-НР International” ассоциациясининг етакчи консультанти Доминик Делпе ҳамда мамлакатимиздаги нуфузли француз фармацевтика компаниялари вакиллари билан мулоқот ўтказди.

Учрашув доирасида юртимиздаги қатор тиббиёт муассасалари фаолиятига замонавий бошқарув менежменти ва илғор технологияларни жорий қилишда француз ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, тиббиётга рақамли технологияларни жорий этишда Франция тажбирасини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Франциянинг “АР-НР International” ассоциацияси мутасаддилари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ва Тошкент тиббиёт академияси фаолияти билан танишишди. Айниқса, Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси ва Болалар миллий тиббиёт маркази фаолияти чет эллик меҳмонларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди.

“АР-НР International” ассоциацияси Париж шаҳридаги 32 та йирик марказий шифохонанинг халқаро фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилот бўлиб, 100 минг нафар тиббиёт ходимларини ўзида қамраб олган. Шу пайтгача Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатларида йирик лойиҳаларни амалга оширган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Франция билан ҳамкорликда 151 номдаги дори-дармон, 22 турдаги тиббий асбоб-ускуналар, 17 турдаги тиббий буюмлар ишлаб чиқарилади.