Байден АҚШнинг Иордания билан бирдамлигини билдирди

Иордания қироли девонининг хабар беришича, чоршанба куни Иордания қироли Абдулла II АҚШ президенти Жо Байден билан телефон орқали суҳбатлашган.

Байден қўнғироқ пайтида “Америка Қўшма Штатларининг қирол бошчилигидаги Иордания билан тўлиқ бирдамлигини ва Қиролликнинг хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш бўйича чоралари ва қарорларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Байденнинг қўнғироғи Иордания қироли ўз халқига собиқ валиаҳд шаҳзода Ҳамза бин Ҳусайн билан боғлиқ сўнгги воқеалар тўғрисидаги хабарлардан кейин амалга оширилди.

Иордания қироли унинг ўгай укаси ва собиқ валиаҳд шаҳзода Ҳамза билан келишмовчиликлардан сўнг ўз хабарида “фитна бостирилди ва мамлакат энди хавфсиз ва барқарор”, деб айтган.

Иорданияда собиқ валиаҳд шаҳзода Ҳамза бин Ҳусайн мамлакатдаги беқарорлик режасида иштирок этганликда айблангандан кейин сиёсий инқироз юзага келди.

Аввалроқ, Иордания ҳукумати қиролликка қарши уюштирилган фитнада шаҳзода ва бошқа шахслар иштирок этгани, натижада бир қатор одамлар ҳибсга олинганлиги ва шаҳзода уй қамоғига олинганлиги ҳақида хабар берган эди.

Ўз навбатида, шаҳзода Ҳамза қиролга содиқлигини эълон қилган мактубни имзолашдан олдин унинг акасига қарши тўнтариш ташаббуси ва мамлакатининг миллий хавфсизлигига зарар етказиш айбловини ёлғон деб айтган эди.