Туркияда Хитой ташқи ишлар вазирининг ташрифига қарши норозилик намойишлари ўтказилди

Юзлаб уйғурлар Анқара ва Истанбулда тўпланиб, Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ининг Туркияга ташрифига норозилик билдиришди.

Намойишчилар Туркия ҳукуматидан Хитойнинг ғарбий қисмида жойлашган Шинжонда инсон ҳуқуқлари бузилишига нисбатан қатъийроқ позиция тутишини талаб қилишди.

Намойишчилар Истанбулдаги Боязид майдонига йиғилиб, Хитойда концентрацион лагерларда сақланаётган, бедарак йўқолган деб топилган қариндошларнинг расмларини кўтариб, Пекинга қарши шиорлар кўтариб чиқишди.

“Биз Туркияни Шарқий Туркистон (Шинжон) билан ёнма-ён туришга чақирамиз ва баъзи иқтисодий фойда эвазига уйғурлардан воз кечмаслигини талаб қиламиз”, деди Истанбулдаги норозилик намойиши иштирокчиси Бурҳон Улуйўл.