Туркия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Ўзбекистонга келди

Туркия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи, армия генерали Яшар Гулер раҳбарлигидаги делегация 23 март куни ўзбек-турк ҳарбийларининг махсус-тактик ўқув машғулотини кузатиш учун Ўзбекистонга келди.

Ташриф давомида Туркия делегацияси раҳбари Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош шатби раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

Туркия делегацияси вакиллари Тошкентдаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриши, шунингдек, «Термиз» полигонида ўтказилаётган ўзбек-турк қўшма тактик ўқувларини кузатиши кутилмоқда.

22 март куни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги Термиз дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Туркия Республикалари Мудофаа вазирларининг икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ икки мамлакат Қуролли Кучларининг махсус бўлинмалари ҳамкорлигидаги махсус-тактик ўқувининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи, полковник Лазизжон Усмонов, Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сативалдиев ва Туркия Республикаси махсус операция кучлари бригадаси командирининг ўринбосари, полковник Рушту Тўреди ва икки давлат ҳарбий хизматчилари иштирок этди.

UzA.