Туркия минтақада смартфонлар ишлаб чиқариш базаси бўлишга интилмоқда

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған душанба куни унинг мамлакати смартфонлар ишлаб чиқаришнинг минтақавий базаси бўлиш учун ишончли қадамлар билан давом этаётганини айтди.

Матбуот баёнотида Эрдўған “Туркия ҳар йили 10 миллиондан зиёд уяли телефонлар сотиладиган ва Европа, Россия ва Яқин Шарқ бозорлари учун кесишиш нуқтасини ташкил этадиган смартфонлар ишлаб чиқариш базаси бўлишга ишонч билан ҳаракат қилмоқда”, деди.

Унинг таъкидлашича, Хитойнинг “Xiaomi” компанияси, ўзининг ҳамкори “Салкомбе” билан Туркияда қўшма корхона ташкил этган. Корхона тахминан 30 миллион долларлик сармояни жалб қилган бўлиб, йилига 5 миллион телефон ишлаб чиқариш қувватига эга. Унда 2000 кишига иш ўрни яратилади.

У Корона пандемияси туфайли дунё бошидан кечираётган қийин даврда Туркияга, унинг имкониятларига ва келажагига ишонган барча инвесторларга ўз миннатдорчилигини билдирди.