Ўзбекистонга киришда экспресс тест олиш тартиби 2021 йилнинг 15 мартидан бошлаб бекор қилинади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақда хабар берди.

Бунда коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари натижалари инглиз ёки рус тилларида бўлиши талаб этилади.

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан
2021 йилнинг 25 мартидан бошлаб хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилардан фақат сифат кўрсаткичи талаб даражасида бўлган лабораторияларнинг коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари маълумотномалари билан ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтказилади ёхуд автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви ўтказмасдан киритилади.

Шу билан бирга мутасадди ташкилотларга чет элда сифатли ҳамда ишончли коронавирус инфекциясига ПЗР текширувларини ўтказувчи лабораториялар – яъни Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган лабораториялар рўйхатини (ҳар бир мамлакат кесимида камида 10 тадан) шакллантириш ва эълон қилиш бўйича топшириқ берилди.

Масъул вазирлик ва идораларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус билан боғлиқ мамлакатга кириш бўйича чекловлар бекор қилингани, янги авиа ва темир йўл қатновлари ташкил этилаётгани тўғрисида ўз расмий веб-саҳифаларида ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали хорижий ҳамкорлар, инвесторлар ва туроператорларга маълум қилиш бўйича топшириқ берилди.