Ўзбекистонда 2020 йилда қайд этилган қотилликларнинг ҳар учинчиси оила-турмуш доирасида содир этилган

Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири айтиб ўтган.

Ялпи мажлисда Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2020 йил якуни бўйича вазир ахборотида айтиб ўтилди.

Ўтган 2020 йилда республика миқёсида 62 081 та жиноятлар қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 182,4 тадан тўғри келган.

Қайд этилганидек, оилалардаги носоғлом муҳит, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, 2020 йилда қайд этилган қотиллик жиноятларнинг ҳар учинчиси (143 таси, 35,2%), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 192 таси (20,5%) оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 14 379 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти, яъни 50,5 фоизи (7 264 таси) Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Энг ачинарлиси, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳар олтинчиси айнан ўз вақтида ҳал этилмасдан қолган оилавий келишмовчиликлар боис содир этилган.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 2020 йилда 5 774 нафар хотин-қизлар томонидан 5 520 та  жиноят содир этилган.

Хусусан, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг
14 774 нафарига “ҳимоя ордери” берилган бўлса, шундан 317 та ҳолатда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.