Мирободда тез ёрдам шифокорига оғир тан жароҳати етказилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Миробод туманида тез ёрдам шифокори бемор уйига борганида уриб тевалангани ва оғир тан жароҳати олганлиги ҳақида хабар тарқалди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат бўйича муносабат билдирди. Аниқланишича, 26 март куни соат 23:43 да пойтахтимиздаги “103” диспетчерлик хизматига Миробод туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро А.дан чақириқ келиб тушади.

Кўрсатилган манзилга тез тиббий ёрдам бригадаси (шифокор – 1995 йилда туғилган Бахромжон Ҳазратов) 7 дақиқа ичида зудлик билан етиб боради. Бемор кўрикдан ўтказилаётган вақтда тўсатдан шифокор Б. Ҳазратовга сабабсиз ташланиб, унинг бошига қаттиқ жисм билан уриб, оғир тан жароҳати етказади.

Шифокорнинг олган жароҳатидан кучли қон кетаётганлиги сабабли воқеа жойидан тез тиббий ёрдам автомашинасида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасига олиб борилган. Кейинчалик эса беморнинг аҳволи яхши эмаслиги ва жароҳати ўта оғирлигини инобатга олиниб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилган.

— 26 ёшли тез тиббий ёрдам шифокори Б. Ҳазратов айни пайтда марказимизнинг нейрореанимация бўлимида оғир аҳволда интенсив даво муолажаларини олмоқда, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов. — У ҳозир оғир аҳволда, беморга бош мия ёпиқ жароҳати, бош миянинг ўрта даражадаги лат ейиши, бош тепа ва энса соҳаларидаги йиртилган жароҳат ташхиси қўйилган.

Даставвал, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасига олиб борилган Б. Ҳазратовнинг бошидан кучли қон кетаётганлиги сабабли қон тўхтатиш учун бошнинг тепа ва энса соҳаларидаги жароҳатга 4 та чок қўйилган.

Шифокорга тан жароҳати етказган шахсга нисбатан қандай чора кўрилгани ҳақида ахборот берилмаган.

Вазирлик хабарига кўра, Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам бригадалари томонидан шу йилнинг январь ойида 82 минг 462 та, февраль ойида 80 минг 290 та ва 1 мартдан то 27 мартгача 80 минг 531 та чақириқларга ўз вақтида зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган. Ўтган йил ушбу тизимга мамлакатимиз бўйича 11 ярим миллиондан ошиқ мурожаатлар келиб тушган.

Ўзбекистонда шифокорларга нсибатан тажовуз ва ҳужумлар бшлиб туриш ҳолати сўнгги йилларда кўп кузатилди.

Бу салбий ҳолатни олдини олиш бўйича соҳага масъул Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари амалий ишларни кучайтириши керак, деб ҳисоблаймиз.