Мадагаскар президенти коронавирусга қарши эмлаш ўрнига гиёҳлар билан даволашни афзал кўради

Мадагаскар президенти Андре Раголина мамлакат аҳолисини коронавирусга қарши эмлашга шошилмаётганлигини таъкидлаб, ушбу касалликка қарши курашиш учун гиёҳлардан даволанишни афзал кўришини маълум қилди.

Андре Раголина: “Шахсан мен ҳали вакцина олмаганман ва уни олиш ниятим ҳам йўқ”, деб таъкидлаб, табиий ковид ичимлиги ва мўъжизавий ўсимлик чойини ўзи ва оиласини коронавирусдан ҳимоя қилишини айтган.

Раголина вирусга қарши эмлашга мутлақо қарши эмас ва бу борада у қуйидагича изоҳ берган: “Мадагаскар ва мен коронавирусга қарши эмланишга қарши эмасмиз. Мамлакатим вакциналарни кузатиш босқичида. Аммо, ҳозирги пайтда вакциналарнинг кўплаб ножўя таъсирлари мавжуд”.

Президент Раголина, айниқса, Жанубий Африкада вируснинг мутанти пайдо бўлгани сабабли, ўз давлати коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини билан тўқнаш келаётганини эълон қилди. Ўтган ойда коронавирусга чалиниш ҳолатлари 2483 тани ташкил этган, ушбу вирус туфайли 45 та ўлим ҳолати кузатилган. У бу рақамлар ташвиш туғдирмайди, деб айтган.