Хўжали қатлиоми: совуқ қишнинг совуқ қирғини хотираси

1992 йил 25 – 26 февралида армани жиноий тўдалари МДҲ 366-мотоўқчи полки кўмагида Хўжали шаҳрига ҳужум қилди. Тоғли Қорабоғ можаросининг энг фожиали воқеаси Хўжали номли озарбайжон шаҳрида уюштирилган қонли қирғин бўлди.

Тоғли Қорабоғ ихтилофи оқибатида Озарбайжон ҳарбий хизматчилари ва тинч фуқароларидан 20 минг киши ўлдирилган, 200 минг киши яраланган ва майиб-мажруҳ қилингандир. Бомбардимонлар ва артиллерия зарбалари оқибатида қувилган ва мажбурий кўчган шахслар сони, Арманистондан келган қочқинлар билан бирга, Озарбайжоннинг Қозоқ, Ағдам, Ағжабедин, Дошкесан, Тоуз, Акстафа, Кедабек, Тертер, Геранбой туманлари ҳамда Нахчивон мухториятидан кўчган аҳоли билан бирга 1 миллиондан кўпроқ одамни ташкил қилди[1].

Озарбайжон Республикасининг 20 фоизга яқин ҳудуди, шу жумладан, армани кучларининг ўт очувчи марралари томонидан тўлиқ назорат қилингани боис маҳаллий аҳоли тарк этган фронт олди туманлари майдонининг бир қисми, жами 946 аҳоли яшаш пунктлари эгаллаб олинган эди[2].

Прогрессив инсоният яхши биладики, Тоғли Қорабоғ можароси давомида Арманистон ССР ҳудудида ҳам, ишғол остидаги Озарбайжон ерларида ҳам армани миллатига мансуб бўлмаган тинч аҳолига нисбатан этник тозалашлар амалга оширилди. Мазкур жиноятлар қоғозда қолиб кетмасдан, замонавий халқаро ҳуқуқ қонунларига биноан озарбайжонларга қарши геноцид сифатида қораланиши лозим.

1992 йил 25 – 26 февралида армани жиноий тўдалари МДҲ 366-мотоўқчи полки кўмагида Хўжали шаҳрига ҳужум қилди. Тоғли Қорабоғ можаросининг энг фожиали воқеаси Хўжали номли озарбайжон шаҳрида уюштирилган қонли қирғин бўлди. Ушбу фожиа Прагада ўтаётган ЕХҲК Олий мансабдор шахслар қўмитаси йиғилишида Тоғли Қорабоғ ихтилофи бўйича махсус комиссия ҳисоботи тингланаётган кунларда юз берди.

Хўжали шаҳридаги қуролли террор оқибатида озарбайжон миллатига мансуб 613 киши ўлдирилди; ўлдирилганларнинг 106 нафари аёллар, 63 нафари болалар ва 70 нафари кекса ёшдагилардир.

Хўжали шаҳрида уюштирилган оммавий қатлиомда тирик қолган 1 минг 275 нафар одам асирга олинди, 487 нафар киши майиб-мажруҳ қилинди, шулардан 76 нафари бир ёшга тўлмаган гўдаклар эди, уларнинг кўпчилиги олинган жароҳатлар оқибатида кейинчалик оламдан ўтди. Саккиз оила бутунлай йўқ қилинди, 26 бола иккала ота-онасидан, 130 нафари эса отаси ёки онасидан айрилди, 56 киши алоҳида шафқатсизлик билан тириклайин ёқиб юборилди, бош териси шилиб олинди, боши узиб ташланди, кўзлари ўйиб олинди, ҳомиладор аёлларнинг қорни ёрилди. Бугунги кунда АҚШнинг 20 штатида ва жаҳоннинг 12 мамлакатида 1992 йил 26 февраль воқеалари тинч озарбайжон аҳолисига нисбатан Хўжали геноциди деб тан олинган.

Кейинчалик ўша пайтлари Арманистон Республикаси мудофаа вазири бўлган, мамлакат президенти сифатида фаолият юритаётган пайтида Серж Саргсян, Хўжали қатлиоми ҳақида гапирар экан, 2000 йил 15 декабрида британиялик публицистга болалар, аёллар ва кексаларнинг ёппасига қирғин қилиниши ҳақида қуйидагича изоҳ берди: «Биз бу ҳақда овоз чиқариб гапирмасликни маъқул кўрамиз». Шу билан бирга, шаҳар эгалланганидан кейинги воқеалар ҳақида Серж Саргсян очиқроқ гапирди: «Ўйлашимча, асосий масала барибир бошқа ёқда эди. Хўжалига қадар озарбайжонлар биз билан ҳазиллашса бўлади деб ўйлашарди, улар ўйлардики, арманилар тинч фуқароларга қўл кўтаришга қодир эмас деб ўйларди. Биз бу стереотипни синдиришга муваффақ бўлдик. Мана шунақа бўлди»[3].

Хўжали қатлиомида бевосита қатнашган Арманистоннинг собиқ мудофаа вазири, ҳозирги кунда собиқ президенти бўлмиш Серж Саргсяннинг юқорида келтирилган баёнотини геноцид амалга оширилганлигининг тан олиниши деб ҳисобласа ҳам бўлади. Тинч озарбайжон аҳолисининг қирғин қилиниши ташкилотчиларидан бирининг бундай баёнот бериши Хўжали шаҳрининг эгалланиши ва унинг аҳолисига нисбатан қирғин уюштирилиши қасддан уюштирилган қўрқитиш акти, яъни террор бўлганлигини яна бир бор кўрсатади.

Афсуски, тинч инсонларга қарши ҳеч қандай жазо ва оқибатларсиз террор уюштирилиши Серж Саргсянга хизмат зиналаридан Арманистон Республикаси мудофаа вазири ва мамлакат президенти мансабига қадар кўтарилиш имкониятини яратиб берди, ва бундай жазосизлик оқибати Тоғли Қорабоғнинг ишғол остидаги бошқа ҳудудларида ҳам тинч аҳолининг ёппасига қирғин қилинишига олиб келди.

Кўплаб материаллар, кенг миқёсли исбот-далил базаси, Хўжали воқеаларидан омон қолган тирик гувоҳларнинг бевосита шоҳидлигига асосланган кўрсатмалар Озарбайжон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, ИИВ ва Миллий мудофаа вазирилиги қўшма тезкор тергов гуруҳи томонидан бир ерга тўпланди.

МДҲ 366-мотоўқчи полки зобитлари ва ҳарбий хизматчиларининг, шунингдек, армани ёлланмаларининг Қорадоғли, Хўжали, Мешали, Баганис-Айрим, Агдабан ҳамда Озарбайжоннинг бошқа аҳоли яшаш пунктларида озарбайжон нуфусига қарши геноцид ва инсониятга қарши жиноятларнинг қайта-қайта амалга оширилишини исботловчи материалларни тўплаш бўйича тезкор тергов тадбирлари ўтказилди. Бу ҳарбий жиноятчилар Озарбайжон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ ўта оғир жиноятларни содир этишда айбланиб, халқаро каналлар орқали қидирувга берилган. Улар тинч фуқароларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишда, асирлар ва тутқунларни қийноққа солиш ва азобли ўлимга дучор этиш, тинч аҳоли геноциди, маҳаллий озарбайжонларни мажбурий кўчириш ва ўзларининг қонуний яшаш жойларидан депортация қилишда айбланади.

Терговчиларнинг кўп йиллик машаққатли меҳнати шарофати билан қонли фожианинг бутун манзарасини қайта тиклашга, рўйхатларни тузишга, асосий жиноятчиларнинг – озарбайжон миллатига мансуб тинч аҳолининг ўлдирилишида иштирок этган армани ёлланма жангарилари ҳамда МДҲ 366-мотоўқчи полки ҳарбийларининг исм-шарифларини аниқлашга муваффақ бўлинди.

Озарбайжон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, ИИВ ва Миллий мудофаа вазирлиги қўшма тезкор тергов гуруҳи гумондор 286 кишини инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топиб, уларни Озарбайжон ҳудудида содир этилган жиноятлари туфайли жавобгарликка тортишга қарор қилди. Уларга нисбатан суд инстанциялари томонидан сиртдан ҳибс ҳақидаги қарорлар чиқарилиб, шулар асосида тегишли мурожаатлар Интерполнинг Озарбайжон миллий бюросига йўлланди ҳамда тилга олинган шахслар халқаро қидирувга берилди.

Шуҳрат БАРЛАС Саламов,
«EURASIA DIARY» ахборот агентлигининг
Марказий Осиё бўйича махсус мухбири


[1] Из отчёта за июнь. 1994г. Британской гуманитарной организации «MERLIN» и делегации американской «Женской Комиссии по беженцам – женщинам и детям». См. подробно: Zamanov I. From aggression to aggression or original face of Armenian racialism. Baku: Gartal, 2001. P.160-185.

[2] Маълумотлар расман 1994 йил 14 июльда «Foreign Report» бюллетенида чоп этилган эди. Бюллетень Лондонда «The Newspaper Limited» компанияси томонидан нашр этилади.

[3] CSCE Communication No. 82. Prague, 26 February 1992. To the Points of Contact Communique of Meeting of Ministers of Foreign Affairs of Azerbaijan. Armenia and Russia. The enclosed Communique of the Meeting of Ministers of Foreign Affairs of Azerbaijan, Armenia and Russia in Moscow on 20 February 1992, is circulated at the request of the Russian Federation. – OSCE Archive in Prague. Communication 1992 a.