Хитой АҚШни унинг ички ишларига аралашмасликка чақирди

Хитой ташқи ишлар вазири Уанг Йи (Wang Yi) Вашингтонни сўнгги хатоларини тузатишга ва АҚШ-Хитой муносабатларини яхшилаш учун биргаликда ишлашга чақирди.

Шанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали суҳбат чоғида Уанг Йи “Хитой АҚШдан сўнгги хатоларини тўғирлашга, ҳамкорлик ва зиддиятларни ҳал қилишга эътибор қаратиш, соғлом ва барқарор муносабатларни йўлга қўйишга чақиради”, деган. Бу Хитой марказий телевидениесида эълон қилинган.

“Қўшма Штатлар “Ягона Хитой” тамойилига ва АҚШ-Хитой келишувлари қоидаларига риоя қилиши керак. Гонконг, Тибет ва Шинжон ишларига аралашиш Хитойнинг ички ишларига аралашиш деб ҳисобланади. Биз ташқи аралашувга тоқат қилмаймиз”, деган Уанг Йи суҳбат чоғида.

Ўз навбатида, АҚШ давлат котиби Блинкен Вашингтон Шинжон, Тибет ва Гонконгда инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятларни ҳимоя қилишини таъкидлаган.