Туркия: Байден маъмурияти даврида Вашингтон билан муносабатлар яхши бўлишига ишонамиз

Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Калин Анқара ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва манфаатларга асосланган экан, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти даврида яхши бўлишига ишонч билдирди.

“Байден ва унинг жамоаси Туркияни ва унинг сиёсатини билишади”, деди Калин CNNга берган баёнотида.

У яна: “Сурия, Ироқ, Ливия, Кавказ ва Форс кўрфазидаги бугунги муаммоларни ҳал қилишда, мен улар (Байден жамоаси) Туркиянинг стратегик аҳамияти ва қийматини билишига ишонаман”, деб қўшимча қилди.

У “Сиз Байден маъмуриятидан Доналд Трамп маъмуриятидан яхшироқ муносабатларни кутмоқдамисиз?” деган саволга жавобан, “Трамп ҳам ҳар доим Туркияни дўстона давлат сифатида кўришини очиқ-ойдин ифода этган”, деди.

У сўзларини давом эттириб: “Байден маъмуриятига келсак, муносабатлар ҳурмат, умумий манфаатлар ва суверенитетни ўзаро тан олишга асосланган бўлса яхши бўлади. Биз Байден маъмурияти билан янги саҳифани очишимизга ишонамиз “, деган.