Бош прокуратура: коррупцияга қарши кураш янада кучайтирилади

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Матбуот хизмати ўтган давр мобайнида коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида таҳлилий хабар берди.

Хусусан қурилиш, коммунал хўжалик ва йўл қурилиши соҳаларидаги коррупцион ҳолатларга тўхталиб ўтилган.

“…қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл қурилишини амалга ошириш учун белгиланган тартиб-таомилларга риоя қилмаслик, пудратчиларни таниш-билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш ёхуд манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш каби коррупциявий ҳолатлар кўплаб кузатилмоқда.

Биргина ижтимоий тармоқларда бу борада деярли ҳар куни бериб борилаётган  ташвишли  хабарларнинг ўзи мазкур ҳолатларнинг исботидир.

Шу боис, коррупция иллатига барҳам бериш, қонун устуворлиги ва жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ҳисоб палатаси томонидан республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилиб, қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл қурилиши соҳаларида қонунийлик аҳволи ўрганилмоқда.

Қисқа муддатда мазкур соҳаларда қонунийликни таъминлаш борасида  муайян  ишлар  амалга  оширилди.

Жумладан, прокурорлар томонидан қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида жами 452 та объектда текширишлар ўтказилиб, уларнинг натижасига кўра қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органларига 46 та тақдимнома киритилди. 337 нафар шахс маъмурий ва 22 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, келгусида қонун бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида 126 нафар мансабдор шахс ёзма равишда огоҳлантирилди.

Давлатимиз Раҳбарининг топшириқларига асосан, 1.379 та янги объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари қайта кўриб чиқилганда, дастлабки қийматга нисбатан 1,5 трлн. сўм ёки 22 фоиз ҳаражатлар ортиқча ва асоссиз киритилганлиги аниқланиб қисқартирилди.  

Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан бугунги кунда жами 82 та объектда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича текширишлар ўтказилиб, 66 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар  мавжудлиги  аниқланди.

Шу билан бирга, 23 млрд. сўмлик 21 та объектни қуриш юзасидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказилган тендер ва танловларда буюртмачи ва пудратчилар ўртасида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик  ҳолатларига  йўл  қўйилган.

Текширишларда аниқланган жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 111  та  жиноят  иши  қўзғатилди.

Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишлари қатъий назоратга олинди ва айни пайтга келиб 24 та жиноят иши суд муҳокамасига юборилиб, айбдорларга нисбатан жазо  муқаррарлиги  таъминланди.

Ушбу тоифадаги жиноят ишлари бўйича давлат ва жамият манфаатларига 260,7 млрд. сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланиб,  унинг  47,6  млрд.  сўми  ундирилиши  таъминланди.

Айни вақтда, етказилган зарарларни ихтиёрий тўламасдан келаётган, тергов ва суддан яшириниши эҳтимоли бўлган 36 нафар шахсларга  нисбатан  қамоққа  олиш  тарзидаги  эҳтиёт  чораси  қўлланилди.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, бу борада Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси Бош прокуратура томонидан қатъий назоратга олинган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаснии ривожлантириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4936-сон Қарорида лойиҳа ва пудрат ишлари хариди жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, ушбу соҳада “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидан, шу жумладан электрон тендер платформасидан тизимли фойдаланиш чораларини кўриш белгиланган.

Шу асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги “Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш борасидаги ишлар  кескин  кучайтирилмоқда.

Юқорида қайд этилган ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилаётган ўрганишлар натижалари бўйича эса кенг жамоатчиликка мунтазам  ахборот  бериб  борилади.”