ИШИДда халифа ўринбосари ва Ироқ ҳокими бўлган шахс ўлдирилди

Ироқ Бош вазири Мустафо Ал-Козимий пайшанба куни ИШИДда халифа ўринбосари ва Ироқ ҳокими бўлган шахс ўлдирилганини эълон қилди.

Ал-Козимий Твиттерда “Агар Ироқ халқи ваъда берса, ваъданинг устидан чиқади. Биз ИШИД террористик тўдасига даҳшатли жавоб қайтаришни ваъда қилган эдик. Мана, қаҳрамонларимиз бу тўданинг етaкчиларидан бирини, ўзини “халифа ўринбосари ва Ироқ ҳокими” деб эълон қилган кимса – Абу Ёсир Ал-Исавийни йўқ қилди”.

Ал-Козимий, шунингдек, Ироқ қуролли кучларининг бош қўмондони ҳисобланади.

Декабр ойида Ироқ ҳукумати ИШИДга қарши уруш тугагани ва у Сурия билан чегарани тўлиқ назоратга олганини эълон қилди.

ИШИД 2014 йилда Ироқнинг катта ҳудудларига бостириб кирди. Шундан сўнг ҳукумат ушбу гуруҳни мағлуб этиш учун АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кўмагида ҳарбий операцияларни бошлаган эди.

Ушбу гуруҳ ҳали ҳам Ироқда вақти-вақти билан қўлбола портловчи мосламалар билан ҳужумлар уюштирмоқда.

Ироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, пойтахт Бағдодда ўтган пайшанба куни худкушлик ҳужуми натижасида 32 киши ҳалок бўлган ва 110 киши яраланган.