ҲОКИМ ва ХАЛҚ

Ўлкамизнинг ер ости ва ер усти бойликларини талаш, ҳақ-ҳуқуқсиз қилинган маҳаллий халқнинг инсон ресурсларидан аёвсиз фойдаланиш, босиб олиб бўйсинтирилган маҳаллий халқни фақатгина қўл меҳнати билан банд бўладиган ишчи кучи сифатида эксплуатация қилиш, оддий ҳолга айланган даврлар ўзбек халқининг қайғули ва фожиали ўтмиши ҳисобланади. Буни асло эсимиздан чиқаришга ҳаққимиз йўқ.

Айнан юқорида таъкидланган юксак инсонийлик ҳис-туйғуларни ва тарихий хотирани ёш авлод вакиллари кўнглида тарбиялаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Президент қарорига мувофиқ, истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб ташкил қилинадиган байрамни юқори кайфиятда ўтказиш учун бир қатор амалий ишлар олиб борилиши кўзда тутилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрида мустақиллигимизнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган “Истиқлол” мажмуаси ташкил этилади. Шу билан бирга, пойтахтда барпо этилаётган янги ер усти метро ҳалқа йўлини “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллиги” деб номланади.

Масаланинг қизиқ томони шундаки, орадан салкам 30 йил вақт ўтгандан сўнг ҳам гўзал пойтахтимиз Тошкент шаҳри марказида миллий тарихимизни ифодаловчи макон, “Истиқлол” мажмуаси барпо қилинишига тиш тирноғи билан қарши бўлаётган кимсалар жамиятимизда бемалол яшаётганини билиш, кўпчиликни ҳайратлантирмай қолмайди.

Кечагина Ўзбекистонда ўрис тилини расмий шаклда иккинчи давлат тили қилиш йўлидаги тарғиботлари билан танилган нусхалар бугунги кунга келиб, ўзларини гўёки табиатни асраш ҳаракатининг ашаддий иштирокчилари сифатида гавдалантириб бошлагани кулгули, шу билан бирга жамиятимиздаги энг ачинарли аҳволлардан бири сифатида ўзини намоён қилди.

Ҳар жойда ва ҳар бир гуруҳда “ўзбекларга маданиятни ўрислар олиб келган”, “ўрислар бўлмаса қўшни Афғонистондек аҳволда яшардик” деган сийқаси чиққан алаҳсирашлари билан ижтимоий тармоқларнинг пўстагини ўрис тилида қоқиб ётган персонажлар, бугунги кунга келиб, табиатни асраш бўйича ашаддий эколог ниқоби остида ёриб чиқаётган найрангбозларнинг қилиқлари ҳеч кимга сир ҳам бўлмай қолди.

Кимдир дарахтларнинг кесилишига қарши эканлигини айтиб, дод-вой кўтарса, кимдир Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни айблаб, таниш-билишчилик билан қурилиш ишларини ўзига тегишли ширкатларга бермоқчи бўлаётган “жиноятчи” ўлароқ тавсифлашга уринади.

Баъзи бир нусхалар эса Ж. Ортиқхўжаевнинг шахсияти билан боғлиқ мавзуни ижтимоий тармоқларга кўтариб чиқиб, қонуний ва расмий фаолият олиб бораётган Тошкент шаҳрининг ҳокимини, гўёки шаҳарни эгаллаб олган маккор ишбилармон сифатида ҳам кўрсатмоқчи бўлади.

Маҳаллий халқнинг миллий ва тарихий хотирасини абадийлаштириш мақсадида янги қурилажак мажмуани, расмий матбуот орқали ўрис тилида “Проклятие незасимости” (тарж. истиқлолнинг лаънати) ўлароқ сифатлантириб, дунё ҳамжамиятига жар солишни уюштираётганлар асосан ўзимиздан чиққан русийзабон маҳаллий аҳоли намояндалари эканлиги таажубланарли ҳолат.

Ижтимоий тармоқларда “кунда шу ерда” мақомида, лекин ўзи Москвада ўтириб фаолият кўрсатадиган ўрис тилида ижод қилувчи чаққон блогерлар тузиб олган гуруҳларда, Ўзбекистон Республикаси пойтахтида, давлат бошлиғининг қарорига кўра барпо қилиниши кўзда тутилаётган “Истиқлол” мажмуасининг яратилишига тўсқинлиқ қилишни шахсий фуқоралик позицияси даражасига кўтармоқчи бўлган, сопи ўзимиздан чиққан ойболталар ҳам йўқ эмас.

Тошкент шаҳар ҳокими аҳоли билан кўришиш жараёнида оломон ичидан “ўрисча гапир” деб ҳокимга қарата бақириб чиққан персонажларнинг талабига жавобан, Тошкент ҳокими, “Мен ўзимнинг элимда, Ўзбекистонда яшаяпман, ўзбек тилида гапираман. Тушунмаётган бўлсангизлар таржимон ёлланглар” дейиши, шу заҳотиёқ оддий халқ орасида катта ҳурмат қозонишига васила бўлди.

Жаноб Ж. Ортиқхўжаевнинг давлат тилига нисбатан кўрсатган ҳурматини эътироф қилиб, хурсанд бўлиб турган оддий халқ учун қанчалик руҳий куч бағишланганини фақат шу халқнинг намоёндасигина англаши мумкин.

Ҳозирги пайтда, Тошкент шаҳри ҳокими жаноб Жаҳонгир Ортиқхўжаев, ўзининг шахсий жасорати, маданий савияси ва тафаккур қобилияти билан мантиқли иш олиб борса, албатта халқимиз унинг ёнида туради.

Агар, бир неча минг йиллик тарихга эга шаҳарнинг ҳокими сифатида, ҳаракатланса, унда ўзининг ҳам, халқининг ҳам миллий салоҳиятини юксалтира олишига ҳеч қандай шубҳа қолмайди.

Маълумки, сиёсий рақобат ва кураш талафотсиз бўлмайди. Лекин фаҳм-фаросатли, илғор фикрли, халқнинг дардини англайдиган доно зиёлилар иложи борича кўзланган мақсадга талофатсиз эришиш йўлларини қидиради.

Нафақат Тошкент шаҳри ҳокими, балки миллий ўйғониш, юксалиш ва тараққиётни истаётган ҳар бир Ўзбекистон Ватандоши миллат келажаги ҳақида қайғуриши билан бирга ўз халқини парокандаликдан сақлаш ишларини ҳам улкан маҳорат билан амалга ошириши кераклигини, жаноб Ж. Ортиқхўжаев инобатга олишига умид қиламиз.

Шахсий фикрларнинг умумлаштирилиши натижасида жамиятнинг ҳамма намояндаларига тааллуқли бўлган хулосалар юзага чиқиши аниқ. Масаланинг шу жиҳатларини инобатга олиб ҳаракат қилинса ҳар қандай муаммо муваффақиятли якун топишига ишонамиз.

Тошкент шаҳри ҳокими, жаноб Ж. Ортиқхўжаев ўз оппонентлари билан муроса қилиб билишга усталиги натижасида эса давлат дастурида кўрсатилган ишни ўз вақтида бажаришга эришиши мумкин.

Ижтимоий фикр ва хулосалар асосида ҳукумат томонидан халқнинг миллий руҳини ва истиқлолчилик салоҳиятини ошириш мақсадида қилиниши шарт бўлган режалар тузилиб, қарорлар қабул қилинмоқда. Олинган қарорлар жамиятни ҳаракатга етаклаши зарур. Шундагина халқ салоҳияти юксалади. Зеро, муваффақият, бу – ҳаракатдан олдин пухта ўйланган режа асосида яратиладиган жараён натижасидир.

Халқимизнинг ҳурриятини ва давлатчилигимиз эркини қайта тиклаганимизга ҳам чорак асрдан кўпроқ вақт бўлибди. Ўз Ватани истиқлолини теран англаш, ўтмишини пухта ўрганиш ва ундан сабоқ олиб яшаш каби туйғулар жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ҳаётида ижобий ўзгаришлар яратиши, уларга ишда, сўзда ва фикрда шахсий эркинлик тотини туйдириши аниқ.

Юқорида кўрсатилган тамойилларга кўра, жамиятни ташкил қилувчи асосий омил бўлмиш миллий кўз қарашларга ва миллий тушунчаларга эга бўлган инсонлар билан биргаликда иш қиладиган Тошкент шаҳри ҳокими Ж. Ортиқхўжаев, бошлиқ сифатида ёлғиз одамнинг ҳам қўлидан анча иш келишини хисс қила олади.

Саламов Шуҳрат БАРЛАС,
«EURASIA DIARY» ахборот агентлигининг
Марказий Осиё бўйича махсус мухбири