Арманистонда сиёсий инқироз: Қуролли кучлар бош штаби бош вазирдан истеъфо талаб қилди

“Арманистонда ҳарбий тўнтариш қилишга ҳаракат бўлди. Қуролли кучлар Бош штабининг баёноти ҳарбий тўнтариш қилишга ҳаракат деб баҳоланади. Барча тарафдорларимизни Республика майдонига тўпланишга чақираман”, деб хабар берган бош вазир Никол Пашинян ўзининг Facebook саҳифаси орқали 25 февраль куни қилган мурожаатида.

Сиёсий инқироз бош вазир Пашинян Арманистон Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғининг ўринбосари Тиран Хачатрянни лавозимидан озод қилганидан сўнг бошланган.

Бош штаби бошлиғи Оник Гаспарян ва 40 та ҳарбий мулозим бош вазирнинг бу қарорига норозилик билдирган ва бош вазирни ҳукумати билан мамлакат тақдири учун масъулиятсиз қарорлар қабул қилиш ва бошқара олмаётганликда айблаб истеъфога чиқишини сўрашган.

Пашинян шундан сўнг Бош штаб бошлиғи Оник Гаспарянни ҳам лавозимидан озод қилиш ҳақида қарор чиқарган ва шунингдек, мамлакат ҳарбийларига хизматни доимий тартибда давом эттириш, чегараларни ҳимоя қилиш ва огоҳликни йўқотмасликка чақирган. “Ҳаммаси назорат остида, қуролли кучларнинг сиёсат билан шуғулланиши ва сиёсий баёнотлар беришига рухсат бериб бўлмайди”, деб таъкидлаган бош вазир Никол Пашинян.

Бош вазир ўз тарафдорлари билан Ереван кўчаларида намойиш ўтказиб юриш қилган.

Ҳарбийлар билан бош вазир ўртасидаги ихтилоф Пашиняннинг Россияда ишлаб чиқарилган “Искандар” ракета қуролининг самарасизлиги ҳақидаги гапларидан кейин бошланган. Шунингдек, бош вазир ҳарбий тизимдаги коррупциялар ҳам Арманистонинг Тоғли Қорабоғ урушидаги мағлубиятига сабаб эканлигини айтиб ҳарбий раҳбарларни айблаган эди.

Арманистондаги воқеаларга Россия ўз муносабатини билдирган. Жумладан, Песков “Россия Арманистондаги воқеаларни хавотир билан кузатмоқда. Россия ўзининг Жанубий Кавказдаги ҳамкори бўлган Арманистондаги воқеалар Конституция доирасида қолишини истайди”, деган. Шунингдек, “Искандар” ҳақидаги саволга “Россия қуроли дунёнинг турли жойларида ўз самарадорлигини кўрсатган”, деб жавоб берган Песков.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 10 ноябрь куни Россия воситачилигида Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғдаги урушни тўхтатиш ҳақида келишувни имзолаган эди. Келишув Озарбойжон ғалабасини англатиб Арманистон армиясини Тоғли Қорабоғдан чиқиб кетишини белгилаган эди.