Қизча 220 миллион йиллик динозавр изини топди

Лилия Уайлдер исмли 4 ёшли қизча ва унинг оиласи Жанубий Уелсдаги Барри яқинидаги пляжда динозаврнинг яхши сақланиб қолган изларини топдилар.

Динозавр изи Лилининг оиласи маҳаллий ҳудудда сайр қилиб юрган пайтида аниқланди. Қизча Бендрикс кўрфазида динозавр изларини биринчи бўлиб кўриб қолган. Уелс миллий музейи веб-сайти томонидан чоп этилган пресс-релизда айтилишича, динозаврлар қандай юрганлиги ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун бу кашфиёт олимларга ёрдам бериши мумкин.

Уелс Миллий музейида қазиш ишлари бўйича куратор Синди Хауеллс шундай деди: “220 миллион йиллик тарихга эга бўлган бу динозавр изи Буюк Британияда сақланиб қолган энг яхши намуналардан биридир”.

Таъкидлаш жоизки, бу турдаги оёқ излари намуналари “Граллатор” номли динозавр турига тегишли, аммо бу изни вужудга келтирган динозавр турини аниқлаш мумкин эмас.

Ушбу оёқ изининг хусусиятлари ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг узунлиги 10 сантиметрдан бир оз кўпроқ ва у баландлиги 2,5 метр келадиган динозавр томонидан қолдирилган бўлиши мумкин. У орқа оёқларида юрадиган ва майда ҳайвонлар ҳамда ҳашаротларни фаол равишда овлаган озғин ҳайвон бўлиши мумкин.