0 рақами ҳақида

Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ёзган китоблар ичида энг машҳурларидан бири “Ал – Жабр ва ал-муқобала” бўлиб, бу китоб илми ҳисобдаги европаликлар ҳозирда алгебра номи билан атайдиган фанга асос бўлди. Зотан, алгебра арабча “ал-жабр” нинг европачалаштирилган талаффузидир. Бу китоб ўрта асрларда лотин тилига таржима қилиниб, бутун  Европада дарслик вазифасини ўтади.

Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг ҳисоб усулларини, жамлаш, тақсимлаш, кўпайтириш ва каср чиқариш каби илмий ҳисобни баён қилувчи бошқа бир китоби XII асрда испан ва лотин тилларига таржима қилинди. Бу китоб 1143 йилда олмон тилига таржима қилинди. Ана ўша вақтдан бошлаб, олмонлар у кишини Алгорезимус номи билан атай бошладилар. Германиялик олима Зигред Хунке Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийга бағишланган сатрларида жумладан, қуйидагиларни ёзади:

“Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ғарбга фақат ададларни ва ҳисобнигина ўргатиб қолмади, балки турли математик масалаларни ечишни ҳам ўргатди. Ҳозиргача алгоритм қоидаси унинг номи билан аталади”.

Энди, бошқа бир хоразмлик олим Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ал-Хоразмий ҳақида сўз очамиз. Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ал-Хоразмий ҳам илми ҳисоб бўйича улуғ кашфиётлар қилган.

Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ал-Хоразмий 976 йилда ўзининг “Мафотиҳ ул-улум ” номли китобида ҳисоб амалиётларида ўнликларда бўш жой қолса, кичкина доира шаклидаги аломат қўйишни таклиф этади. У киши ўша доирани “сифр”, яъни “ҳеч нарса” деб номлайди. Худди мана шу “сифр” назарияси инсониятнинг илмлар бўйича энг буюк кашфиётларидан бири ҳисобланади.

Бу нарса русларда “ноль” дейилади. Бу ҳам “ҳеч нарса” маъносини беради. Европа халқлари ҳам Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ал-Хоразмий “сифр”ини таржима қилиб, “зеро” дейдилар.

Европалик тарихчилардан Эйр “сифр” назарияси ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Албатта, “сифр” назарияси мусулмонлар европаликларга тақдим этган энг улкан илмий ҳадялардан бири ҳисобланади. “Сифр” аломати ҳисобни тўғирлаш борасидаги энг улуғ қадамдир”.

Дарҳақиқат, “ноль” бўлмаса, ҳисоб-китоб қилиш мумкин эмас ҳолга келиб қолади.

Бу кашфиётнинг қадри электрон ҳисоблаш машиналари – компьютерлар чиққанда яна ҳам ортди. Ҳозир улардаги ҳамма нарса айнан “ноль” асосида амалга оширилади. Ҳамма рақамларнинг асосида 0 бўлади. Унинг баъзи қисмини ишлатиб, баъзисини ишлатмаслик йўли билан қолган рақамлар барпо этилади.

Ғаниева Зулхумор,
Фарғона вилояти Бағдод тумани,
13-умумий ўрта таълим мактаби
математика фани ўқитувчиси.