Индонезия: Сулавеси зилзиласи қурбонлари сони 81 кишига етди

Индонезия архипелагидаги Ғарбий Сулавесида жума куни эрта тонгда содир бўлган 6,2 балли зилзиладан сўнг минглаб одамлар уйларини ташлаб кетдилар.

Индонезия Табиий офатларнинг оқибатларини бартараф этиш агентлиги вакили Радития Жати душанба куни 81 кишининг ўлими тасдиқланганлигини ва 250 дан ортиқ одам жиддий жароҳат олганини маълум қилди.

Юзлаб уйлар, савдо марказлари, шифохоналар ва бир қатор меҳмонхоналар жиддий зарар кўрган.

Индонезия метеорология бошқармаси Сулавесида янги силкинишлар ҳақида огоҳлантирди ва келгуси бир неча ҳафта ичида мамлакатда ёмон об-ҳаво ва тошқинлар бўлиши мумкинлигини айтди.

Индонезия Тинч океанининг олов ҳалқаси деб номланган сейсмик фаоллик зонасида жойлашган бўлиб, у вақти-вақти билан зилзилаларни бошдан кечирмоқда.