Италияда фожиали ҳодисадан сўнг ТикТок танқид остида қолди 

Италия ҳукумати 10 ёшли қизчанинг ўлимидан кейин Хитойнинг қисқа видеоларни улашадиган “ТикТок” иловасини дастурнинг ёши тасдиқланмаган барча фойдаланувчиларининг аккаунтларини блокировка қилишга чақирди.

Италия Маълумотлар махфийлигини сақлаш ҳайъати жума куни берган баёнотида, ТикТок 13 ёшгача бўлган болаларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш мажбуриятини олганига қарамай, ушбу қоидадан четлаб ўтиш осон эканини айтди.

“ТикТок” иловаси Хитойнинг “ByteDance” компаниясига тегишли бўлиб, бутун дунёда, айниқса, ўсмирлар орасида тез оммалашмоқда.

Италия расмийларининг талаби, Сицилиянинг Палермо шаҳрида бир қизчанинг бўғилиш натижасида ўлгани сабабли билдирилган. Бу ҳодиса бутун мамлакатни ларзага келтирган.

Ота-онасининг айтишича, у ТикТокда қандайдир челленжда қатнашган, у ерда бўйнига тасма боғлаб, ўзини телефонида видеога олаётганда бўғилиб қолган.

Прокуратура ўз жонига қасд қилишга уриниш бўйича тергов бошлаган ва кимдир уни челленжда қатнашишга таклиф қилган-қилмаганлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Манба: Reuters