Ўзбекистонда Чегара қўшинларига кўмаклашувчи отрядлар ташкил этилади

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Ҳукумат қарори (35-сон, 23.01.2021 й.) қабул қилинди.

Низомга кўра, Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари (кўмаклашувчи отрядлар) чегара зонасида, давлат чегарасига туташ туманларда яшовчи фуқаролар, шунингдек, давлат чегараси яқинида жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотларда ишлаётган ишчи ва хизматчилардан ташкил этилади.

Кўмаклашувчи отрядлар аъзолигига соғлом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини ҳурмат қиладиган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари ихтиёрий равишда қабул қилинади.

Чегарадош аҳоли пунктларида амалга ошириладиган тадбирларда Чегара қўшинлари назорати остида қатнашиш, белгиланган ҳудудларда кузатув олиб бориш ва фаолиятининг тунги вақтларида жамоат жойлари, маҳалла кўчалари ва чегарадош ҳудудлардаги қаровсиз жойларда тунги патруллик фаолиятида иштирок этиш кўмаклашувчи отрядларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Кўмаклашувчи отряд Чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинмалари ҳузурида 1 нафар сардор ва 9 нафаргача бўлган отряд аъзоларидан иборат таркибда ташкил этилади.

Аъзоликка қабул қилишда меҳнат шартномаси тузилмайди ва иш стажи ҳисобланмайди.

Кўмаклашувчи отрядга қабул қилиш ва рўйхатдан чиқариш Чегара қўшинлари ва ҳарбий қисм командирининг буйруғи асосида амалга оширилади.

Кўмаклашувчи отряд аъзоларига гувоҳнома берилиб, гувоҳнома шакли ва уни бериш тартиби Давлат хавфсизлик хизмати томонидан белгиланади.

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда, зарурат туғилганда, кўмаклашувчи отряд аъзолари ўзларининг асосий иш жойи иш берувчиси розилиги асосида фаолиятидан йил давомида жами 30 иш кунидан ошмаган ҳолда вақтинча озод қилинади ва бунда уларнинг иш стажи ҳамда ўртача ойлик маоши ўз ҳолича сақланиб қолинади.

Кўмаклашувчи отряд аъзоларига қуйидаги миқдорда ойлик тўловлари белгиланади:

● сардорларга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваригача;
● аъзоларга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,06 бараваригача.