БАА илк бор чет элликларга фуқаролик олиш ҳуқуқини бермоқда

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) расмийлари чет элликларнинг айрим тоифаларига БАА фуқаролигини олишга имкон берадиган қонунчиликка ўзгартиришлар киритди. Бу ҳақда WAM агентлиги хабар бермоқда.

Агентликка кўра, барча муносиб номзодларнинг мурожаатлари ҳукумат ва маҳаллий ижро этувчи идоралар томонидан кўриб чиқилади. Фуқаролик олиш ҳуқуқи чекланган доирадаги чет элликларга тақдим этилади.

Жумладан, инвесторлар, ихтирочилар, олимлар, шифокорлар, санъаткорлар ва уларнинг оила аъзолари фуқароликка мурожаат қилишлари мумкин. Ҳар бир тоифанинг ўзига хос талаблари бор.

“Биз фуқаролик қонунига БАА фуқаролигини беришга рухсат берувчи тузатишларни киритдик… Янги фармон бизнинг тараққиётимизга ҳисса қўшадиган истеъдодли одамларни жалб қилишга қаратилган”, – деб ёзди ўзининг Твиттер саҳифасида Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум.