ҚОРАБОҒ – ОЗАРБАЙЖОНДИР!

(Давоми.)
I-Бўлимни ўқиш.
II-Бўлимни ўқиш.
III-Бўлимни ўқиш.
IV-Бўлимни ўқиш.

V-Бўлим.

Икки қардош ўлка, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида йўлга қўйилган ҳар томонлама алоқаларнинг янада равнақ топиши ўзбек ва озарбайжон ёшлари орасида шахснинг якка тартибдаги интеллектуал имкониятлари шаклланиб, ривож топишида жиддий аҳамиятга эга бўлади деб умид қиламиз.

Тоғли Қорабоғ мавзусининг ўзбек журналистикасидаги ўрни.

Айрим мутахассислар томонидан вазиятга берилган баҳога қараганда, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо бўлгач, ўзбекистонлик журналист ва олимлар Тоғли Қорабоғ можаросининг келиб чиқиши-ю, оқибатларини ёритиб берадиган материалларни ОАВда эълон қилиш масаласида бошқа давлатлардаги ҳамкасбларига нисбатан етакчи ўринга чиқиб олишибди. Бироқ шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоизки, яқин вақтгача туркий тилли бошқа давлатларда бўлган сингари Ўзбекистонда ҳам Тоғли Қорабоғ муаммосига доир мавзулар маъқул топилмаган.

Аниқроқ қилиб айтиладиган бўлса, Ўзбекистоннинг Жанубий Кавказдаги стратегик шериги ҳисобланадиган, ўзбек халқига дўст ва қардош саналмиш Озарбайжоннинг арманлар босиб олган ҳудудида ҳукм сураётган ҳақиқий сиёсий аҳвол ҳақидаги материалларнинг чоп этилиши айрим шахсларнинг кўринмас қўли ила ман этилар эди.

Ўзбекистоннинг айрим ахборот ресурслари томонидан Тоғли Қорабоғ муаммосига доир учинчи қўлдан ёки мавзудан бехабар манбалардан олинган ахборот тақдим этиб борилди, оқибатда эса аҳоли жанговар ҳаракатлар зонасидаги реал вазиятни нотўғри идрок этиши ҳам мумкин эди. Лекин, ижтимоий тармоқ орқали эълон қилиниб турилган янгиликлар, экспертларнинг вазият таҳлили билан бирга воқеа тафсилотлари одамларга тўғрини англашга ва масалага ҳар томонлама қарашга ёрдам берди.

Сунъий равишда юзага келтириладиган этно-конфессионал антогонизмларнинг минтақаларимиздаги манбалари, сабаблари ва оқибатларини ўрганиб бораётган мутахассисларнинг тадқиқот натижаларини, муносабат ва хулосаларини ОАВга чиқармаслик, Тоғли Қорабоғ ҳақида фикр билдиришни истаганларни миллатлараро нифоқ чиқаришда айблаш сингари таажжуб ҳолатлар жамиятимизда ҳали ҳам мавжуд.

Миллатчиликда, миллатлараро нифоқ чиқарилишида айбланиб, қамалиб кетишдан хайиққан ўзбек журналистлари ҳам, қардош давлатларда фаолият юритаётган ҳамкасблари сингари, Тоғли Қорабоғ муаммосини ёритар экан, мабодо жанжал чиқадиган бўлса тегишли манбаларга ишора қилиш учун Россиянинг медиа манбаларидан юлиб олинган мавзуларни чоп этиб юраверишди.

Арман терроризмининг мафкурасига доир асосли академик маълумотлар бўлмас экан, нафақат Ўзбекистон журналистлари, балки уларнинг турли давлатлардаги ҳамкасблари ҳам Жанубий Кавказда айни вақтда нималар юз бераётганини, туркий тилли халқларга қарши йўналтирилган этник терроризм мафкураси сингдирилган ҳудудларда келгусида нималар содир бўлиши мумкинлигини ҳаттоки фикрида ҳам таассавур қила олмайдиган аҳволда қолиб кетиш эҳтимоли мавжуд.

Журналистик тадқиқот амалиётда шуни кўрсатмоқдаки, Тоғли Қорабоғ можаросига доир шубҳали манбалардан олинган ишончсиз маълумотлардан юлиб келтирилган лавҳалар Ўзбекистон фуқароларининг онгига салбий таъсир кўрсатиш мақсадидагина ишлатилиши мумкин. Чунки, одамлар онгида сунъий равишда ҳосил қилинган сохта тасаввурлар ҳеч шубҳа йўқки, қардош Озарбайжон халқининг босиб олинган ҳудудида ҳукм сураётган ҳақиқий аҳвол борасида жамоатчиликда янглиш тасаввур шаклланишига олиб келади. Ваҳоланки, бундай аҳвол Ўзбекистоннинг ҳам, Озарбайжоннинг ҳам миллий манфаатларига зид келади.

Тоғли Қорабоғ мажорасига ўзбеклардан диққат

Озарбайжонда кечаётган ҳодисаларни диққат билан кузатиб бораётган аксарият ўзбек зиёлилари орасида Озарбайжонга бўлган қизиқиш ҳисси кескин кучайгани қайд этилмоқда.

Катта авлодга мансуб ўзбекистонликларнинг аксарияти ҳозирги кунларда Озарбайжонда содир бўлаётган воқеаларга қардош озарбайжон халқига бўлган илиқ биродарлик муносабати туфайли қизиқиш билдирмоқда.

Ўзбекистоннинг давлат идораларида ишлайдиган амалдорлар билан ўзбекистонлик тадбиркорлар, Озарбайжонда рўй бераётган ҳодисаларга баҳо берар экан, энг аввало икки юрт ўртасида имзоланган ўзаро фойдали давлатлараро шартномалар нуқтаи назаридан мавзуни диққатга олишмоқда.

Ўзбекистонлик ёшлар орасида эса озарбайжон қардошларимиз томонидан моҳирона ўтказилаётган ҳарбий операцияларга қизиқиш ортган. Балки шу боисдан, сўнгги вақтда кўплаб ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқда дунёда рўй бераётган бошқа можароларга нисбатан айнан Тоғли Қорабоғ можаросига катта қизиқиш билдиришаётгандир.

Ўзбекистон ва Озарбайжон – ўтмиш, бугун, келажак

Сир эмаски, озарбайжонларнинг миллий менталитети билан этник маданияти ўзбекларнинг одамсеварлиги, ҳамиша эзгуликка интилиши, бағрикенглиги ва биродарларча ҳозиржавоблигидан фарқ қилмайди. Шуни ҳам ёдда сақлаш керакки, тарихий Туркистон билан Жанубий Кавказнинг бугунги халқлари ўз аждодларининг муносиб авлодлари бўлиб, оғир тарихий машаққатларни бошдан кечиришганига қарамай, миллий ўзлик ва миллий ғурур каби муқаддас тушунчаларни сақлаб қолиб, ёш авлоднинг онгига сингдириб келди.

Ўзбекларнинг ҳам, озарбайжонларнинг ҳам кундалик ҳаётида ўз биродари, яқин қардошининг тақдири борасида қайғуриш табиий бир ҳолат бўлса, бундай туйғуга путур етиши – миллий маданият ва маънавиятнинг барҳам топиши ила якун топадиган фожиа ҳисобланади. Зеро, ўзбеклар-у, озарбайжонлар таг-томири ягона, азалдан қардош халқлар ҳисобланиб, биродарлик ришталари биз учун муқаддасдир.

Ўзбеклар учун ҳам, озарбайжонлар учун ҳам қариндошлик муносабатлар ҳамиша муҳим масала бўлиб келмоқда. Балким шу боис ҳам ёшлар онгида биродарлик туйғусини тарбиялаш, миллий маънавиятимизнинг асоси ҳисобланаётгандир.

Ўзбек халқининг озарбайжонлар билан боғлаб турган дўстлик ва биродарлик ришталарига бўлган диққат-эътибори шарофати ила Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги ўзаро фойдали сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар бугунги кунга келиб давлатлараро муносабатларнинг янада юқори поғоналарига кўтарилмоқда.

Ўзбекистонликларнинг Озарбайжонга, хусусан, Тоғли Қорабоғ муаммосини ўрганиб чиқишга бўлган қизиқишига, шунингдек, Озарбайжон – собиқ совет маконидаги халқлар орасида ҳукм сурган зиддият этник урушга айланиб кетган биринчи давлат бўлганини ҳам сабаб сифатида келтириш мумкин.

Нима бўлган тақдирда ҳам ўзбекистонликларнинг қардош озарбайжон халқи тақдирида бўлаётган воқеаларга қизиқиши – самимий ва адолатдандир.

Ўзбекистоннинг сиёсий позицияси

Умуминсоний қадриятлар ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига амал қилган ҳолда Озарбайжон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини, суверен ҳудуди бўлинмаслигини Ўзбекистон Республикаси ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган ва ҳозирги кунда ҳам расман қўллаб-қувватламоқда. Мазкур масалада Ўзбекистоннинг расмий позицияси қатъий ва ўзгармас қолади ва озарбайжон халқининг ўзига тегишли ҳудуд яхлитлигини тиклаш ва асраш ҳуқуқига ҳурмат-ла қарайди.

Ўзбекистоннинг Тоғли Қорабоғ бўйича қатъий ва ўзгармас қоладиган сиёсий позицияси мазмунан шундан иборатки, Озарбайжон ўз ҳудудини душман қўлидан қайтариб олганидан кейин ҳам унинг ҳудудий яхлитлиги борасидаги Ўзбекистон Республикасининг позицияси ўзгармас бўлганча қолаверади. Нафақат дипломатик этикет ва дипломатик протокол меъёрлари айнан шундай ёндашувни тақозо этади, балки бу ҳаракат умумэътироф этилган қоидалар, анъаналар ва ҳукуматлар томонидан халқаро муносабатларда амал қилинадиган таомиллардан ҳам келиб чиқмоқда.

Ўзбекистоннинг сиёсий позициясини тўғри англаш учун оддий бир ҳақиқатни, у ҳам бўлса, халқаро ҳуқуқ бунёдкорлари ва субъектлари миллатлар эмас, давлатлар эканини идрок этмоқ лозим.

Миллатдан қатъи назар, анъанавий-маданий ва тилга оид идентификацияларни фуқаролик билан боғлаш мумкин эмас. Чунки бу нарсалар бошқа-бошқа тушунчалардир. Шу тамойилга асосан, ҳар қандай давлатнинг жаҳон жамияти томонидан эътироф этилган ҳудуди расмий Тошкент учун юксак тушунча саналади. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат идораси расмий шаклда ўз муносабатини ва сиёсий позициясининг таърифини жаҳон жамияти олдида кўп марта, очиқ-ойдин намоён этиб, бу борада Ўзбекистоннинг тутган дипломатик йўли дунёнинг ҳар қандай давлатига нисбатан у ёки бу сиёсий масалалар бўйича ўзининг расмий позициясини холисона маълум қилиб келган.

Ўзбекистоннинг Тоғли Қорабоғ можаросига доир ўзгармас сиёсий позицияси Ўзбекистон билан Озарбайжонга қарашли ОАВда халқаро ҳуқуқ субъектининг қатъий ташқи сиёсий позицияси сифатида ёритилиши – мавзудан бехабар фуқароларнинг онгида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига оид аниқ тасаввурлар шаклланишига омил бўлади. Шунингдек, бу, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам, Озарбайжон фуқаролари учун ҳам билим орттириб, сабоқ олишларига хизмат қиладиган ижобий иш бўлади.

Озарбайжон Республикасининг ҳудудий яхлитлигига доир Ўзбекистон Республикасининг алоҳида позицияси Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бокуда ўтган Туркий тилли давлатлар саммити доирасидаги учрашуви чоғида яна бир бор тасдиқланиб, озарбайжон халқининг катта ҳурматига сазовор бўлган.


Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев учрашуви.
Боку шаҳри, 2019 йил октябрь.

Раҳбариятнинг хоҳиши билан мустаҳкамланган, шахслараро ва давлатлараро муносабатлар учун қулай муҳит барпо этишга қаратилган сиёсий тадбирлар юртимиз фуқароларининг бунёдкорлик фаолияти учун янги йўл очиб бериб, Ўзбекистон билан Озарбайжон томонидан биргаликда тузилган турли уюшмалар, ҳамжамиятлар ва компаниялар фаолиятига ижобий таъсир ўтказди.

Ўзбекистон ушбу мавзуга режали равишда жиддий ёндашар экан, жамики Туркий дунё давлатлари олдида рад этиб бўлмайдиган сиёсий обрўга эга бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев турк халқларининг асрлар оша сақланиб келаётган тарихий алоқаларидан бохабар бўлиши ҳеч шубҳа йўқки, ушбу дипломатик муваффақият гарови саналади.

Марказий Осиёнинг нақ юрагида жойлашган Ўзбекистон томонидан қардош давлатларга яқинлашиш йўлида моҳирона олиб борилаётган интеграцион стратегия – юртимизнинг хайрихоҳлик руҳидаги прагматик ташқи сиёсати сифатида бутун дунёда тан олинмоқда. Бундай сиёсий воқелик жаҳон ҳамжамияти томонидан ўзбек дипломатиясининг ўзига хос сиёсий йўлидай эътироф этилмоқда.

Хулоса

Жанубий Кавказда қарор топган бугунги сиёсий воқеликдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирликларининг келгусидаги ҳамкорликлари ўзаро манфаатли бўлиши учун икки томонлама янги стратегик ҳамкорлик режаси ишлаб чиқилса, икки давлат ўртасидаги қардошлик ришталари янада мустаҳкамланиб, юртимиз фуқаролари ва жаҳон ҳамжамиятининг эътиборига Тоғли Қорабоғ можароси билан боғлиқ муаммолар тўғри ва батафсил ҳавола этилиши амалга оширилган бўлар эди.

Ҳамкорликдаги ҳаракатлар давомида, муқаддам мувофиқлаштирилган халқаро меъёрлар ва тартибларга асосан холис ниятда амалга ошириладиган қўшма Медиа тадбирлар, Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги келгуси икки томонлама дўстлик ва биродарлик муносабатларини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатиши билан мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Саламов Шуҳрат БАРЛАС,
«EURASIA DIARY» ахборот агентлигининг Марказий Осиё бўйича махсус мухбири