ҚОРАБОҒ – ОЗАРБАЙЖОНДИР!

(Давоми.)
I-Бўлимни ўқиш.
II-Бўлимни ўқиш.
III-Бўлимни ўқиш.

IV-Бўлим.

Гарчи ҳали ҳеч ким сўз ва тафаккур эркинлигини бекор қилмаган бўлса-да, бу борада бугунги кунда қарор топган воқеликни тан олишга тўғри келмоқда. Тоғли Қорабоғ муаммосига доир мавзу ёритилгани учун кўтарилган жанжаллар, жиноий-маъмурий таъқиблар ва айрим сўзи ўтадиган шахслар томонидан уюштирилган туҳматлар жаҳон медиасида Тоғли Қорабоғ муаммосидан мутлақо бехабар одамларнинг биомассаси шаклланишига олиб келди. Буларнинг бари, Тоғли Қорабоғ масаласи устида ишлайдиган журналистлар орасида касбий бехабарлик, ижтимоий бечораҳоллик ҳолати кенг оммалашишига олиб келиши мумкин.

Тоғли Қорабоғ мавзуси журналист ва олимлар назарида

Собиқ совет республикаларининг деярли барчасида Тоғли Қорабоғ можаросининг келиб чиқиш сабаблари-ю, оқибатларини ўрганиш яқингача ман этилган мавзу эди. Тоғли Қорабоғнинг этник можароси юзага келгунга қадар ҳатто Озарбайжоннинг ўзида ҳам арман терроризмининг жиноий фаолияти-ю, мафкурасини ўрганиш ман этилган бўлиб, ишончли фактлар тадқиқотчилардан бекитилган эди.

Озарбайжон Республикасининг ишғол қилиб, босиб олинган ҳудудини озод қилишга қаратилган кенг миқёсли ҳарбий операциялари бошлангач, Тоғли Қорабоғ ҳодисаларини Озарбайжон манфаатларидан келиб чиққан тарзда ёритиб борган журналистлар, олимлар ва ижтимоий тармоқнинг оддий иштирокчиларини миллатчиликда айблаш, уларга миллатлараро нифоқ чиқарувчилар тамғасини босиш ҳолатлари кескин кўпайиб бораётганини сезиш унчалик қийин иш эмас.

Тоғли Қорабоғ можаросини оммага ёритаётган қардош давлатларнинг журналист ва мутахассислари ҳаётида бундай ноқулай воқеаларнинг юз беришининг олдини олиш ва ижтимоий тартибнинг бузилишига йўл қўймаслик мақсадида, туркий тилли давлат раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланишига эҳтиёж туғиляпти. Бундай эҳтиёж, кўпчилик мисолларда қайсидир туркий юртни бадном қилиб, давлатининг раҳбариятига нисбатан маломатлар ёғдириш мақсадида асоссиз айблаш кампаниялари тез тез оммага эълон қилинаётгани туфайли юзага келмоқда.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, арман террорчилари томонидан туркий тилли халқлар тарихида қолдирилган қонли из, улар иштирокида юз берган мудҳиш ҳодисалар қатъий сир тутилгани боис, собиқ советлар иттифоқи даврида яшаган журналист ва олимлар ОАВда, ушбу мавзуга доир бирор-бир материал чоп эта олишмаган.

Туркий тилли давлатлар тарихидаги сепаратизм ва этник терроризм оқибатларини билмаслик келгусида бу давлатларда истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида геосиёсий вазиятни етарлича тушунмаслик ҳолатлар юзага чиқишига олиб келиши мумкин. Шу сабабдан, Тоғли Қорабоғ мажорасини тадқиқ қилувчи мутахассислар, олимлар ва журналистлар биргаликда сифатли ишлашлари учун уларга қулай академик муҳит барпо этиб, давлат раҳбарияти поғонасида қўллаб-қувватланиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ахборот тарқатишнинг «қардошча» усули

Туркий тилли давлатлар тасарруфидаги ахборот манбаларининг таҳлили Тоғли Қорабоғ муаммосига доир мавзулар борасида ниҳоятда андишасиз бир вазият қарор топганини кўрсатди. Ушбу мавзу қандай ҳолатга келиб қолганини ҳеч бир қийинчиликсиз фаҳмлаш мумкин эди.

Яқинда маълум бўлишича, қардош Туркия давлатининг айрим сиёсатчилари бу масалада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон ҳукуматини қаттиқ танқид қилишибди. Ўша танқидлар оммалаштирилгандан сўнг ижтимоий тармоқда «Туркий тилли давлатлар қардош Озарбайжонга етарлича диққат-эътибор қаратмади» деган мазмундаги ҳаддан ортиқ танқид ва ўринсиз айблар ёғдирилди. Ҳатто Туркий тилли давлатлар кенгаши ҳам бир четда қолиб кетмабди.

Наҳотки туркий тилли давлатлар бу қадар кескин танқидга муносиб топилган бўлса? Ёки бу, шунчаки ижтимоий тармоқдаги хонтахта таҳлилчиларининг оддий популизми эдими? Ёхуд айрим шахслар томонидан уюштирилган навбатдаги сиёсий иғво бўлдими? Ахир туркий тилли давлатларнинг бари Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини амалда намоён этишди-ю? Уларнинг бирортаси ҳам бир четда томошабин бўлиб қолмади. Бирор-бир давлат томонига ўтганча, ўз позициясини маълум қилишга ҳақи бўлмаган Туркманистондан ташқари, албатта. Чунки ушбу қардош ўлканинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эътироф этилиб, тасдиқланган ўзига хос доимий бетарафлик мақоми бор.

Гап шундаки, туркий тилли давлатларнинг Озарбайжонни қўллаб-қувватлаб, Тоғли Қорабоғ можаросига нисбатан эгаллаган позициясини жаҳон ҳамжамияти эшитмай қолди. Бунда, қардош туркий давлатларнинг медиа манбалари ҳарбий ҳаракатларни ёритишга тайёр бўлмагани сабаб бўлди, шунингдек, COVID-19 пандемияси даврида ҳаракатлар чеклангани салбий роль ўйнаб, ушбу омилларнинг бари вазиятга номақбул таъсир ўтказди.

Гарчи, ОАВ туркий тилли давлатларнинг расмий позициясини ёритиб ўтган бўлса-да, тан олмоқ даркорки, ушбу материаллар эътиборсиз қолиб, жаҳон ҳамжамиятига кўрсатган таъсири талаб даражасида кечмади. Бошқача қилиб айтганда, жаҳон ҳамжамияти Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги туркий тилли давлатлар томонидан қўллаб-қувватланганига эътибор қилмади. Бунинг ўрнига можарони сиёсий-дипломатик битимга келишиш йўли билан ҳал этишга қаратилган даъватлар Озарбайжоннинг ноқонуний босиб олинган ҳудудини озод қилишни бас қилиш даъватларидек тақдим этила бошланди.

Медиа ресурслар орқали Туркий давлатлар ўртасида бузғунчилик ва ғаламислик руҳидаги ҳар хил иғволар тарқатилишининг олдини олиш мақсадида айни дамда Тоғли Қорабоғ масаласидан хабари бор жамоат арбоблари ўртасида ҳамкорликда олиб бориладиган ишларни йўлга қўйишга катта эҳтиёж сезилмоқда.

Хулоса

Жаҳон сиёсатида қарор топган бугунги вазиятни инобатга олган ҳолда, ҳар бир давлатнинг ўзига хос ички қонунларида ҳамда стратегик шерик саналган давлатлар билан имзоланган давлатлараро қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқий кўрсатмаларнинг бузилишига йўл қўймаслик мақсадида, қардош озарбайжон халқини Ватан озодлиги учун олиб борган курашда қозонган ҳаққоний зафарини фаол қўллаб-қувватлашимиз айни муддао бўлар эди.

(Давоми бор)

Саламов Шуҳрат БАРЛОС,
«EURASIA DIARY» ахборот агентлигининг Марказий Осиё бўйича махсус мухбири