Ўзбек олимаси

2019 йилнинг ёз мавсуми эди,  мобил  телефоним  жиринглади,  “Ватандош” “Америка – Ўзбекистон”  жамиятининг  президенти  Норҳўжа  Содиқов  Нью-Йоркка  ўзимизнинг   ўзбекистонлик  тадқиқотчи  қиз  ташриф  буюргани,  у  билан  мени таништириш  истаги  борлиги  хақида  айтиб  қолдилар.  Мен албатта бу учрашувга розилик билдирдим.  Вақт ажратиб борганимда Норхўжа аканинг хонадонида меҳмон бўлган жуссаси кичик қиз мени табассум ва илиқлик билан қарши олди. Шоирахон менга худди қадрдондек туюлди. Салом-аликдан сўнг журналистлигим тутиб кетиб, Шоирахондан интервью олиш истаги борлигини айтиб кундалигим ва ручкамни сумкамдан олмоқчи бўлганимда, у мени кулиб тўхтатди. Аслида бу нозиккина қиз мендан илмий иши учун савол-жавоб қилмоқчи бўлгани ва фиркларим муҳимлигини билдирди. Иккаламиз бу холатдан бироз кулишиб олдик. Лекин тадқиқот ишлари ниҳоясига етгач, албатта интервью беришини билдирди. Мен ҳам унга  илмий ишларида омад тилаб: “келажакда бу олима қиздан албатта интервью оламан” деб ният қилдим. Ниятимнинг амалга ошиши учун айни вақтда фурсат келибди. Эътиборингизни оз фурсатга қаратсангиз ўз элимизнинг фарзанди қанчалик кўп ишлар қилганига гувоҳ бўласиз.

– Шоирахон қандай оилада катта бўлдингиз?

Шоирахон Нурдинова:  –  Наманган вилояти Чуст туманида зиёли оилада туғилганман. Отам  шифокор, онам ўқитувчи бўлиб ишлаганлар, оилада 4 фарзандмиз. Ота-онам фарзандларини болаликдан илм-маърифатга йўналтирилиб, тарбия беришган. Илмий иш қилишимда аввало Аллоҳнинг инояти, кейин эса оилавий муҳитнинг аҳамияти катта  бўлди.

Дилдора:  –  Айнан ушбу мутахассисликни танлашга сабаб нима?

Шоирахон: –  Мактаб ва лицей давримда аниқ фанларга ихтисослашган синфда ўқидим. Табиийки, аниқ фанларга бўлган қизиқишим мени иқтисодиёт факультетига етаклади. Ўзбекистон Миллий Университетидаги фидойи устозлар тавсияси билан илмий тадқиқот қилишни мақсад қилдим.

Дилдора: –  Инсон бирор нарсага эришиш учун жуда кўп нарсалардан воз кечишга тўғри келади? Бундан қўрқмадингизми?

Шоирахон: – Йўқ, қўрқмадим. Чунки инсон нимадандир воз кечмаса, муваффақиятга эриша олмайди. Мажозий маънода тарозининг икки палласига йўқотганларим ёки воз кечганларим ва эришганларимни қўйсак, тарозининг иккинчи палласи оғир бўлади.

Дилдора:  –  Қиз бола учун илмий иш қилиш нечоғлик муҳим?

Шоирахон: –  Илм ёки илмий иш жинсиятидан қатъий назар эркак учун ҳам, аёл учун ҳам  муҳим деб ҳисоблайман. Аёл кишининг илмли бўлиши келажак авлод тарбиясида таъсири муҳимроқ.

Дилдора: –  Нима сабабдан айнан бу мавзу?

Шоирахон: –  Қайта қуриш йилларида мамлакатимизда аёллар орасида ўзига ўт қўйиш орқали жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб кетгани кузатилади. Илмий адабиётларда бу ҳолатларнинг асосий сабаби сифатида оилавий зўравонлик кўрсатилса-да, иқтисодий муаммолар ҳам бу вазиятнинг юзага келишида асосий роль ўйнайди. Бу аёлларнинг иқтисодий шароити ва бахтиёрлик даражаси қай ҳолатда эканлиги мени қизиқтириб келган. Шундан келиб чиққан ҳолда, ўзбекистонлик аёлларнинг бахтиёрлик даражаси тўғрисида илмий иш қилишга қарор қилганман. Лекин, Анадолу Университетининг докторантура босқичида устозларимнинг тавсияси ва Туркиядаги маълумотларга эришиш қулайлиги туфайли мавзуимни бироз ўзгартиришга тўғри келди. Шунинг учун, Туркиядаги аёлларнинг бахтиёрлик даражаси юзасидан илмий тадқиқот олиб бордим.

Дилдора:  – Шоирахон илмий ишингиз ҳусусида батафсил гаплашсак.

Шоирахон: – Илмий ишимда асосан, Туркиядаги хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иштироки ва бунинг бахтиёрлик даражасига таъсири масаласини ўрганиб чиқдим. Тадқиқотим учун 1990-2012 йилларига оид статистик маълумотлардан фойдаландим, шунингдек, Туркиянинг олти вилоятида соҳа тадқиқоти учун материал тўпладим.

Шоирахон Нурдинова

Дилдора: – Мавзуингизда Турк аёллари меҳнат қилиш муаммоси билан бирга ўзбек мигрантлари муаммосини ҳам ёритдингизми?

Шоирахон:  – Албатта. Ўзбек диаспораси, унинг бугунги кундаги ҳолати ва муаммолари борасида илмий тадқиқотлар олиб боришда давом этмоқдаман. Хусусан, Туркиядаги ўзбек мигрантларининг иқтисодий ва ижтимоий масалалари бўйича илмий изланиш олиб боряпман.

Дилдора: – Илмий изланишлар асосан факт ва асосли маълумотлар асносида олиб борилади. Туркияда Ўзбекистондан борган муҳожирлар ҳақида расмий маълумотлар бизга қизиқ.

Шоирахон: – Туркия Миграция Ташкилотининг маълумотларига кўра, 2019 йилда 44,021 Ўзбекистон фуқаросига яшаш ва ишлаш учун рухсатнома берилган. 2017 йил маълумотларига кўра, 3,321 Ўзбекистон фуқароси ноқонуний мигрант сифатида жазоланган. Бу эса йиллар давомида расмий ҳужжатларсиз Туркияда яшаб, ишлаб юрган юртдошларимиз сони анчагина эканлигидан далолат беради.

Дилдора: – Бу жиддий  рақамлар… Юртимиздан борган муҳожирларнинг аксарияти қайси шаҳарларда меҳнат қилишади? Улар иш хаққидан розимилар?

Шоирахон: – Ўзбекистонлик мигрантлар асосан, Истанбул, Анқара, Бурса, Измир, Анталья каби  йирик шаҳарларда яшаб ишлашади. Кўпчилиги ёш болалар ва қарияларга энагалик қилишади, шунингдек дўконларда сотувчи бўлиб ишлайдиганлар ҳам кўп. Иш хақига келсак, маош у қадар баланд бўлмаса-да, яшаш эҳтиёжлари ва яқинларга юбориш учун етаётгани маълум бўлди.

Дилдора: – Илмий ишингизда раҳбарлик ва ҳамкорлик қилган ўқитувчилар ҳақида фикрлашсак.

Шоирахон: – Мигрантлар орасида аёллар сонининг кўплиги ва уларнинг индивидуал ҳолда Туркияга даромад топиш мақсадида келганлиги мавзуси эътиборимни тортди. Шу мавзуда Индиана Университети профессори Маrianne Kamp билан ҳамкорликда илмий лойиҳа устида ишладик. Бу ҳамкорлик жудаям самарали бўлди, Индиана Университетидаги кенг имкониятлар, илмий ресурслар ва кутубхонасидан фойдаландим. Шу билан бирга АҚШдаги ўзбек диаспораси ва унинг фаровонлик даражаси бўйича маълумот тўпладим. Ўзбек диаспораси вакиллари билан учрашдим, интервью олдим, ҳозирда бу маълумотларни таҳлил қилиб, илмий мақола кўринишида нашрга тайёрлаяпман.

Дилдора: – Танлаган мавзуингиз ҳозирги даврда жуда долзарб ва кўпчиликни ўйлантираётган масаладир. Дунёнинг турли бурчагига чиқиб кетган ўзбек муҳожирларини асосий мақсади иқтисодий эркинлик шундайми?

 Шоирахон: – Туркиядаги тадқиқотим, асосан, қисқа муддатли меҳнат муҳожирлари масалаларига қаратилган. Бу муҳожирлар, асосан, иқтисодий сабаблар туфайли Туркияга иш излаб келган аёлларни ташкил этади.

Дилдора: – Шу ўринда ўзим ҳам АҚШ даги муҳожир сифатида юртдошларимизга Ватанга қайтиш истаги қанчалик устун деган саволни кўп бераман. Тадқиқотчи сифатида бу ҳақда фикрингиз?

Шоирахон: – Маълум бир иқтисодий мақсад учун индивидуал ҳолда Туркияга келган бу аёллар мақсадлари рўёбга чиққач, Ўзбекистонга доимий яшаш учун қайтишни режалаштирганлар. Чунки, бу меҳнат муҳожирларининг оила аъзолари Ўзбекистонда яшайди. Меҳнат муҳожирлари орасида Ўзбекистонга қайтгач, яна Туркияга бошқа бир иқтисодий мақсад билан қайтганларни кузатиш мумкин. Шу тарзда, Туркия-Ўзбекистон орасида доиравий миграцияни кўриш мумкин. Бу муҳожирлар орасида  миллий, маданий, ижтимоий жамиятларни тузиш ва унга аъзо бўлиш даражаси нисбатан паст эканлиги кузатилади. Асосий эътибори даромад топишга қаратилган меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонда олган маълумот ва иш тажрибаларига мос келмаган меҳнат турида фаолият юритадилар: бола ёки қарияларга боқувчилик қилаётган муҳожир аёллар орасида ўрта-махсус ёки олий маълумотлилар сони талайгина. Фаолият турига мос равишда муҳожирларнинг иш берувчи билан бирга яшашлари уларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини таъминлайди. Аксарият ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг  яшаш ва ишлаш учун рухсатномалари бўлмаганлиги ва улар фаолият олиб бораётган иш табиатидан келиб чиқиб, тадқиқотчиларнинг диққатидан четда қолганини кўриш мумкин. Аслида, Туркияни  Россия ва Қозоғистондан кейин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун асосий иш берувчи давлат сифатида эътироф этиш мумкин.

Дилдора: –  Илмий ишингиз жараёнида АҚШ да яшаб меҳнат қилаётган муҳожирлар билан ҳам учрашиб,фикрлашдингиз? Туркия ва АҚШ даги муҳожирлар ўртасидаги фарқ?

Шоирахон: – АҚШ да истиқомат қилувчи юртдошларимиз  Туркиядаги қисқа муддатли иқтисодий муҳожирлардан фарқ қилади. Улар асосан, АҚШ га оилавий кўчиб келганликлари ва Ўзбекистонга доимий яшаш учун қайтиш ниятида эмасликларини кўриш мумкин. Интервьюларда АҚШ да истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг иқтисодий аҳволи миграциядан сўнг сезиларли даражада ўзгаргани, Америкадаги  ҳаёт тарзи ва эркинликлардан мамнун эканликлари маълум бўлади.  

Дилдора: – АҚШ да яшаётган мигрантларини қийнаётган муаммолар ҳусусида ҳам қизиққансиз.

Шоирахон: – Америкада яшаётган ўзбеклар орасида келажак авлоднинг тил ва дин муаммоси, ўзбек маданиятининг тобора унутилиб бораётгани каби масалалар муҳим эканлиги тилга олинди. АҚШдаги ўзбекистонликлар орасида Туркиядаги юртдошларимизга нисбатан жамиятлар ташкил этиш ва миллий ўзликни сақлаб қолишга бўлган муносабатнинг кучлилиги кўзга ташланади.

Дилдора:  – Докторантура  тадқиқот  ишларини  Туркияда олиб бордингиз? Бунга қандай эришдингиз?

Шоирахон: –  Бакалавриатура ва магистратура босқичларини Ўзбекистон Миллий Университетида тамомлаб, аспирантурада илмий ишимни Тошкент Давлат Техника Университетида давом эттирдим. Номзодлик имтиҳонларини муваффақиятли топширдим, илмий ишимни ҳимоя қилишга тайёрларкан, таълим тизимидаги ўзгаришлар сабаб ўқиш ва илмий фаолиятимни хорижда давом эттиришга қарор қилдим. 2014 йилда Туркия Республикасининг хорижий талабалар учун Туркия Грантлари (Türkiye Bursları) дастурига ҳужжат топширдим. Бу грант орқали олий таълимнинг барча босқичларидаги хорижий талабалар Туркияда бепул таълим, бепул турар жой, тиббий суғурта, ойлик стипендия  ва авиачипта билан таъминланади. Докторантура учун грант талабгорларидан академик муваффақият, илмий мақолалар ва конференцияларда фаол иштирок этиш талаб этилади. Мазкур грантни ютиб, Анадолу Университетига докторантурага қабул қилиндим. Шунингдек, илмий тадқиқот лойиҳам Анадолу Университетининг илмий тадқиқот лойиҳалари қўмитаси томонидан молиялаштирилди. Бу эса менга соҳада маълумотларни тўплаш, ихтисослигим бўйича тренингларга қатнашиш ва конференцияларда иштирок этиш билан боғлиқ ҳаражатларимни қоплаш имкониятини яратди. Туркиядаги таълим олиш ва илмий фаолиятим давомидаги арзимас муваффақиятларим эътиборга олиниб, Хориждаги турклар ва қардош жамиятлар бошқармаси томонидан 2019 йилги битирувчилар орасида энг муваффақиятли хорижий талаба деб топилдим ва Туркия Жумҳурияти Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған қўлидан мукофот олиш бахтига муяссар бўлдим.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдоган докторантура битирувчиси Шоирахон НурдиновагаЭнг муваффақиятли хорижий талаба” нишонини тақдим этмоқда. Туркия, 2019 йил.

Дилдора:  – Аввалом бор бундай нуфузли ютуқ билан муборакбод этамиз.

Шоирахон: – Раҳмат катта.

Дилдора:  – Ўқиш жараёни ва имкониятлари сизга маъқул бўлдими?

Шоирахон: –  Туркияда талабаларга жуда кенг имкониятлар яратилган бўлиб, илмий тадқиқот ишлари рағбатлантирилади. Анадолу Университетида таълим олиш жараёнида бу имкониятлардан фойдаланиб, Нидерландия, Тайвань, АҚШ, Эстония каби давлатларда илмий тажриба алмашдим. Шунингдек, Гонг Конг, Руминия, Буюк Британия, Испания давлатларида илмий конференция ва семинарларда иштирок этиш имкониятига эга бўлдим. Ўқиш ва илмий фаолиятим давомида бахтиёрлик иқтисодиёти (Happiness Economics) бўйича илмий тадқиқот олиб бордим.

 Дилдора:  – Режа ва ниятларингизга эриша олдингизми?

Шоирахон: – Режа ва ниятларимда қисман эришдим, дея оламан. Лекин, ҳали олдинда қилинадиган ишлар талайгина.

Дилдора: – Мусофирлик қанчалик оғир?

Шоирахон: – Гарчи ўқишга тадқиқот учун борган давлатларимда яшаш ва ўқиш учун ҳамма шароит яратилган бўлса-да, мусофирликнинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Ватан соғинчи ва оила аъзоларимдан йироқда бўлиш осон кечмади. Яқинлардан узоқда янги муҳит ва янги инсонларга мослашиш инсондан кучли  ирода талаб қилади. Шу маънода, мусофирлик инсонни маънан юксалишида катта роль ўйнайди, деб ҳисоблайман. Қолаверса, қардош турк халқининг меҳмондўстлиги ва самимийлиги бу қийинчиликларни енгиб ўтишимда жуда катта ёрдам берди.

Дилдора:  – Хорижда диаспора қанчалик муҳим?

Шоирахон:–  Диаспора масаласида хориж тажрибаси диаспора билан она Ватан орасидаги тўғри алоқа-муносабат жуда кенг имкониятлар яратиши ва диаспора жуда кўп соҳаларда “кўприк” вазифасини бажариши мумкин эканлигини кўрсатади. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда хориждаги юртдошларимизга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарганини кузатишимиз мумкин.

Халқимиз орасида водийдан иқтидорли санъаткорлар етишиб чиққанини кўп маротаба  эътироф этишганлигига гувоҳ бўлганмиз. Шоирахон Нурдинова ҳам асли водийлик, у миллатимизга воҳадан нафақат санъат аҳли балки нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиб, илмий даражага эришган олима қизлар ҳам борлигини кўрсатди. Шоирахонга ижодий ходимларимиз номидан омад, ўзи ва яқинларига тан-сиҳатлик тилаймиз.

Суҳбатни журналист
Салоҳиддин қизи Дилдора Рустамова
олиб борди.