Ўзбекча эҳсон ва америкача хайрия ҳақида икки оғиз

Атиги бир неча ой муқаддам телеграм тармоғида “Xayriya.uz” деб номланган гуруҳ ташкил этилди. Дунёни карахт қилиб қўйган вирус пайдо бўлишидан анча олдин. Гуруҳ асосчиларидан бири, ҳозирда АҚШнинг Сиетл шаҳрида истиқомат қилувчи ватандошимиз Фарҳод Султон. Дастлаб гуруҳ олдига кичик вазифа қўйилди, яъни Тошкент вилоятидаги бир нечта оилага ёрдам қўлини чўзиш. Бугунги, вабо даврида ўрнатилган миқдордан анча кичик бўлган миқдор белгиланди. Шу миқдорни йиғиш керак эди холос. Ярим соат ўтар ўтмас гуруҳ маъмури миқдор йиғилганини айтиб, ғазна ёпилганини маълум қилди. Яна икки кун ўтиб, Тошкент вилоятидан ҳарид қилинган маҳсулот ҳақида ҳисобот келди, бир неча соат ўтгач, хонадонларга тарқатилгани ҳақидаги ҳисобот келди. Бир ҳафта ўтиб гуруҳ маъмури ғазна яна очилганини маълум қилди, миқдор йиғилди, ғазна ёпилди, маҳсулот ҳақидаги ҳисобот, унинг ортидан эса тарқатилгани ҳақидаги ҳисобот келди.

Айни шу тадбир айтиб ўтганимдай бир неча ойдан бери давом этиб келади. Ҳар ҳафта. У пайтлар ҳатто Хитойда ҳам вирус ҳақида ҳеч гап йўқ эди. Бугун хайрия ишлари авжида. Деярли ҳар куни ижтимоий тармоқда навбатдаги хайрия ёки эҳсонлар ҳақида фото ҳисоботларни кўриш мумкин. Давлат идоралари томонидан уюштирилганини ҳам, хусусий шахслар тарафидан уюштирилганини ҳам. Лекин эслаганим гуруҳнинг бирор жойда фото ҳисоботи ҳам чиқмади, овоза ҳам бўлмади. “Xayriya.uz” гуруҳи ҳақида саҳифадаги маълумотга кўра, унда атиги 37 аъзо бор, уларнинг маълум қисми Тошкентда хайрия йиғимини қабул қилувчи, ҳарид қилувчи ва тарқатувчилар бўлса, қолгани ўша керакли миқдорни йиғиб берувчилар. Миқдор ҳозир ҳам, коронавирусдан сўнг айрим хайрия йиғувчилар тарафидан эълон қилинаётган миқдорлардан анча оз, аммо натижаси аён.

АҚШ гарчи дунёвийликни даъво қилсада аслида ўта насроний, аниқроғи ўта диндор мамлакатдир. Шу боис мамлакатнинг бугун деярли дунёни забт қилган валютасида ҳам “Биз Худога ишонамиз” деб ёзилган. Айрим штатлардаги, айрим шаҳарларда диний тарбия устунлиги боис, бугун Ўзбекистон ва ёки дунёнинг бошқа бурчларида намойиш қилинувчи Холливуд фильмларидаги мундайроқ саҳналар кесиб ташланади. Ҳа, айнан кесиб ташланади. Қаҳрамонларнинг бўса алмашувини ҳам кўриш амримаҳол. Диний тарбияга зид. Дин аралашмаган ва ўз таъсирини ўтказмаган соҳа деярли йўқ деса ҳам бўлади. “Америка Овози” ўз блогларида аввал хабар қилганидай, деярли ҳар бир маҳалла бошида, ҳар бир университет ва ёки мактаб ёнида албатта черков бўлади. Шу боис бугун Америкада истиқомат қилувчи истаган ўзбек оиласидаги мактаб ўқувчисидан сўрасангиз, сизга насронийлар динига оид анъаналар ҳақида батафсил гапириб бериши мумкин.

Диний ташкилотлар мамлакатга кириб келувчи ҳар бир миллат ва халқ эгаларини биринчилардан бўлиб кутиб олади ва илк ёрдамни ҳам айнан мана шу ташкилотлар ўз зиммасига олади. Ана шу ёрдамларнинг энг кенг ёйилгани бу ЭҲСОН. АҚШда давлат тарафидан диний ташкилотлардаги каби эҳсон ололмайсиз. Давлат нимадир эҳсон қилишдан олдин инсонни обдон тафтиш қилади, баъзан ҳамиятингизга тегиб кетувчи саволлар беради. Диний ташкилотлар эса аксинча, ёрдам кераклигини билгани заҳоти ҳаракатга тушади, ягона саволи, оиладаги инсонлар миқдори. Йиллар давомида шаклланган ана шу одат бора-бора оддий америкаликлар тарафидан ҳам ўзлаштирила бошланди. Шу боис бугун Америкада деярли ҳар бир йирик савдо марказлари, ўйингоҳлар, ҳайрия ташкилотлари олдида эҳсон кутиларини кўриш мумкин. Уларда кийимлар учун, оёқ кийимлари учун деб ёзиб қўйилади.

Америкаликлар орасида урчиган одатлардан бири, улар ҳеч қачон, деярли ҳеч қачон дейиш тўғрироқ, эҳсонни намойишкорона қилмайди. Тилга олганимиз қутиларга кун давомида кимдир нимадир солаётганини кўрмайсиз. Аммо тунги пайт шу тарафга йўлингиз тушса, ҳар бир қути ёнида ўнлаб тселофан қоплар турганини кўрасиз, ҳар бирида, эҳсон учун деб ёзилган бўлади. Ана шундай эҳсон қутилари бўйича энг машҳур ташкилот бу The Salvation Army (Нажот армияси) насроний хайрия ташкилотидир. Асли 1865 йили Буюк Британияда асос солинган ташкилот бугун бутун дунёга машҳур. Питсбургда бундан ташқари уч-тўртта йирик озиқ-овқат тарқатувчи насроний ташкилотлар ҳам бор, улар ҳар ҳафтанинг маълум кунида шаҳарнинг у ёки бу ҳудудида кам таъминланган оилалар учун текинга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатади.

Қочқинларга уй жой, уй учун керакли жиҳозлар етказиб бериш билан шуғулланувчи хайрия ташкилотларининг аксари ҳам насроний диний ташкилотлар. Диний бўлмаган хайрия ташкилотлари деярли йўқ ҳисоб. Бўлса ҳам жуда кам. Мана шу жойида икки оғиз, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида тўхталсам. Зеро, бугун Ўзбекистонда айнан мана шу масалада жуда ҳам кўп эътирозли чиқишлар янграмоқда. Дастлаб, эслатиб ўтиш жоиз, озиқ-овқат маҳсулотларини, шу билан бирга текинга овқат етказиб бериш, очларнинг қорнини тўйғазиш, уйсизларга совуқ ва ёмғирли кунларда вақтинча бошпана тавсия этиш ишлари билан ҳам асосан насроний диний ташкилотлар шуғулланади, давлат ташкилотлари деярли шуғулланмайди. Давлат фақат … Келинг бу ҳақда бироз кейинроқ. Дастлаб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида.

Озиқ-овқат маҳсулотлари одатда у ёки бу оиладаги инсонлар миқдорига қараб тақсимланади. Бугунги вирусли шароитда, инсонлар бир жойда йиғилмасликлари, бир бино ичида ёнма-ён туриб қолмасликлари (зеро бу ижтимоий масофа тартибига зид – муаллиф) учун, озиқ-овқат учун келганлар ташқарида, ўз машиналарида қолади ва уларга маҳсулотлар рўйхати берилади. Каминага бир америкаликнинг тушунтириб беришича, сўровчи шахс ана шу рўйхатдан ўзига керак бўлган маҳсулотларни танлаб, белгилаб чиқади ва рўйхатни ташкилот ходимларига қайтаради. Бироздан сўнг, ташкилот ходимлари сўралган маҳсулотлар ортилган аравачани олиб келиб, машинага солиб беради.

Демак, одатда озиқ-овқатлар қуйидагича берилади: 5 килограмм картошка, 4 килограмм пиёз, 4 килограмм сабзи, 5 кг. олма, 5 кг. нок, 5 килограммдан мандарин ва апельсин, банан, одатда 5 ёки 6 дона. Сўнгра, бир килограммдан гуруч, ловлаги, 1 пачка макарон, 10 ёки 20 дона тухум ва бир дунё консервалар. Товуқ гўшти ёки мол гўшти, баъзан чўчка гўшти, балиқ. Буларнинг миқдори одатда бир килограммдан ошмайди. Бу кўпроқ америкаликлар учун одатий миқдор бўлгани учун ҳам шундай тақсимланади. Икки дона батон нони, тўрғалган нон, ширинликлар ва айрим ҳолларда 20 ёки 25 долларлик пластик карта. Одатда бу карталар у ёки бу озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи дўконга тегишли бўлади, сиз ўша дўконга бориб, картадаги суммага яраша озиқ-овқат маҳсулоти ва ёки майиший бошқа маҳсулотлар сотиб олишингиз мумкин. Мана шу бир ҳафталик озиқ-овқат. Бир ҳафтадан сўнг яна бориб, янгисини олишингиз мумкин.

Йиллаб ана шу усулда кун кечирувчи америкаликлар бор. Маҳсулотларнинг сифати ҳақида одатда бахс қилинмайди. Америкаликлар учун бу ўта уятли иш ҳисобланади. Нега буниси кам, анависи кўп деган иддаолар ҳам қилинмайди, уят ахир. Мана бу миқдорда, мана буларни олдим деб овоза қилиш одати ҳам йўқ америкаликларда. Ва энг муҳими, ана шу хайрия қилувчи ташкилотларнинг ҳеч қайсиси, хайрия жараёнини видео ёки суратга олмайди, инсонларнинг бу тарздаги ҳаётини ошкор қилиш ҳам Америкада ўта уятли иш ҳисобланади. Баъзан бу каби ҳаракатлар жиноят иши учун сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Давлат тарафидан берилажак ёрдам, одатда жиддий тафтиш ва суриштирувдан сўнг бўлади, одатда бундай тафтишга чидаб берувчилар жуда кам топилади, ана шу камларнинг асосий қисмини ҳам одатда қора танли америкаликлар ташкил этади. Тафтиш натижасига қараб, оиладаги инсонлар сони инобатга олинган ҳолда инсонларга халқ тили билан айтганда Food Stamps (озиқ-овқат чиптаси деб оламиз – муаллиф), давлат иборасида эса SNAP- The Supplemental Nutrition Assistance Program (Озиқ-овқат бўйича қўшимча ёрдам дастури) деб аталувчи ёрдам ажратилади. Бу ёрдам ҳам пластик карта кўринишида берилади, давлат ҳар ойда бир марта (баъзан икки марта – муаллиф) бу картага маълум миқдорджа пул қўяди ва одамлар ана шу пулга озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олади.

Алоҳида эслатиш жоиз, бу пул ўзга мақсадларда сарфланишининг имкони йўқ, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам пишмаган, хом маҳсулот бўлмоғи шарт. Бундан ташқари давлат тарафидан Cash Assistance (Моддий ёрдам) дастури ҳам тавсия этилади ва бу ҳолда оиладаги инсонлар сонидан келиб чиқиб, давлат тарафидан ҳар ойда инсонлар банкдаги ҳисоб рақамига маълум миқдорда пул тушириб берилади. Бу сумма оиланинг барча эҳтиёжларига сарфланиши мумкин. Аммо, моддий ёрдамнинг ҳам озиқ-овқат бўйича қўшимча ёрдамнинг ҳам ўзига яраша шартлари бор. У узоқ муддат давомли тақдим этилувчи ёрдам эмас. Бундай ёрдамга лозим топилган шахс ва ёки шахсларга зудликда иш топиш ва ишга чиқиш шарти қўйилади ва энг асосийси ўзингиз иш топишни эплай олмасангиз, у ҳолда давлатнинг яна бир дастури автоматик тарзда ишга тушади ва сизга иш топиб беради.

Фақат бу ҳолда сиз бу ишнинг қандай бўлишидан қатъий назар, уни қабул қилишга мажбур бўласиз, акс ҳолда моддий ёрдам қайта ундириб олиниши мумкин ва ёки барча ёрдам тўхтатиб қўйилади. Шу боис ҳам инсонлар давлатдан кўра, диний ташкилотлар ёрдамига кўпроқ мурожаат қилади, зеро диний ташкилотлар сизга ҳеч бир шартсиз ёрдам кўрсатади. Аслида бу одат кўпроқ мусулмон давлатларда яхши йўлга қўйилган болмоғи лозим эди, зеро айнан Исломда эҳсон ва хайрия масаласи ўта муҳим ва бирламчи масала ўлароқ таъқидланган. Аммо…

Суҳбат аввалида бир гуруҳ ватандошларимиз томонидан ташкил этилган “Xayriya.uz” гуруҳи ҳақида тўхталиб ўтдим. Сабаби, бу гуруҳ дастлаб ўз олдига қўйган мақсади бўйича хайрия йиғимини давом эттириб келяпти ва шу кунга қадар бу гуруҳ тарафидан амалга оширилган эҳсонлар борасида бирор эътирозли чиқиш учрамади. Ҳайрия қилишни истаган ўзбекларнинг ҳам азалий, ҳам диний одатига биноан ҳеч бир сўзсиз, овозасиз амалга ошираверади. Зеро, асосий мақсад ёрдам. Эҳсонга муҳтож инсонлар ҳам берилганига қаноат қилади, зеро халқимиз айтмоқчи “берилган отнинг тишига қаралмайди” …

Ҳусниддин Қутбиддинов,
Питсбург, Пенсилвания штати

Мақоланинг илк манбаси “Amerika Ovozi” веб саҳифаси ҳисобланади.