БИЗ ЎЗБEКИСТОНГА БEФАРҚ ЭМАСМИЗ!

АҚШ, Канада ва Америка қитъасининг турли мамлакатларида истиқомат қилаётган азиз ватандошлар,

Ўзбекистоннинг қадрли дўстлари,

Бугун дунё ҳамжамиятини чуқур таҳликага солаётган коронавирус офати жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади.

Кенг кўламда тарқалаётган COVID-2019 глобал иқтисодий инқирозни юзага келтирмоқда. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, Ўзбекистондаги моддий кам таъминланган, ижтимоий ҳимояланмаган ва ночор аҳоли қатламининг оғир аҳволини янада қийинлаштирмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан коронавирус билан боғлиқ кескин вазият олдиндан ва тўғри баҳоланиб, инфекциянинг аҳолимиз орасида кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ва глобал инқирознинг республикамиз иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги барча соҳа вакиллари, хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналар, хусусан Ўзбекистоннинг Вашингтондаги Элчихонаси, БМТдаги Доимий ваколатхонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ҳамда саховатпеша ватандошларимиз COVID-2019 тарқалишига қарши курашда халқимизга ёрдам қўлини чўзиб келмоқда.

Ўзбекистонга кўрсатилаётган кенг кўламдаги хайрия акцияларидан четда қолмаслик мақсадида АҚШ ва Канададаги Ўзбекистонлик ватандошлар уюшмалари ташаббуси билан ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари шафийлигида «БИЗ ЎЗБEКИСТОНГА БEФАРҚ ЭМАСМИЗ» хайрия жамғармаси ташкил этилди.

Ўзбекистон ҳудудида ва хорижий давлатлардан юборилаётган хайрия маблағлари «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига ўтказилади. Мазкур маблағлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияси, кўрсатмалари ва тўлиқ назорати асосида қуйидаги йўналишларга сарфланади:

– коронавирус инфекциясини юқтирган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш;

– тиббий гигиеник ҳимоя воситалари, асбоб-ускуналари ва махсус транспорт воситаларини сотиб олиш;

– тиббиёт муассасаларини қуриш, уларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш;

– аҳолининг ижтимоий муҳтож қатламига зарурий ёрдам кўрсатиш.

Ўзбекистонни ўзига яқин деб билган, халқимиз саломатлиги ва юртимиз келажагига бефарқ бўлмаган ватандошларимиз ва барча дўстларимизни «БИЗ ЎЗБEКИСТОНГА БEФАРҚ ЭМАСМИЗ» хайрия акциясида фаол қатнашишга чақирамиз (GoFundMe: https://charity.gofundme.com/o/en/campaign/wecareaboutuzbekistan).

Ишончимиз комилки, ўзининг узоқ йиллик тарихида кўп синовлардан ўтган халқимиз Сизлар билан ҳамжиҳатлик ва бирдамликда бу қийинчиликларни ҳам мардона енгиб чиқади (алоқа учун телефон рақамлари: +1202-251-8298; +1202-765-8883; +1347-217-4406; +1917-539-4664).

Эҳтиром билан,

Ўзбекистоннинг АҚШдаги Элчихонаси,
Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси,
Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси,
Маалла УСА,
Туркистон-Америка ассоциацияси,
АҚШ ва Канададаги Бухоро яҳудийлари конгресси,
Сиетл-Ўзбек Маҳалласи,
Катта Филаделфиядаги Ўзбекистонликлар жамияти,
Чикагодаги Ўзбек-Америка жамияти,
Атланта Ўзбек жамияти,
Сан-Франсиско Кўрфази Ўзбек жамияти маркази,
Америкадаги Ўзбекистонликлар ассоциацияси,
Питтсбургдаги ўзбеклар жамияти,
Ватандош Ўзбек-Америка ассоциацияси,
Америкадаги Самарқандликлар Форуми,
Янги Англия Ўзбек Маданият Маркази.