Мусофир ёхуд ўзга давлатдан бахт излаганлар

Жудаям узоқ учган самолёт ахийри ва ниҳоят «Озодлик маъбудаси» қад кўтарган диёрга қўнди. Одамлар шошганча ўзларини эшик томон отсаларда, йўловчиларнинг сони кўплигидан тезда ташқарига чиқишнинг имкони йўқ эди. Она диёримдан ҳозирланган жомадонни ғилдиратиб ошиққан томонга шошилдик.

Мен каби инсонлар буни сезишгандир балки, лекин узоқ вақтли сафардан кейин ташқарига чиққанингизда димоғингизга алланечук ис келиб урилади. Бу мутлақо бошқа бир бегона исдир. Ўзбекистондан жудаям катта масофага йироқлаганингизни, қўлингизни узатсангиз етмаслигини, Аллоҳ асрасин бирор кори – хол рўй берса тез фурсатда етиб бора олмаслигингизни, яқинларингиз, таниш билиш, қўни – қўшни, ҳамкасбларингизга ҳам «лаббай» дея жавоб бера олмайдиган бир масканга қанотларини ёзган самолёт сизни сабрингизни синай – синай элтиб қўйди. Бу ёғи мусулмон аҳлига жуда таниш бўлган ибора «мусофирчилик»…

Январ ойининг 22 санаси. Нью – Йоркнинг Бруклин шаҳридаман. Кўнглимда феврал ойига қадар маъқул бўлган иш топсаму, жўжжа бирдай асал болаларимга пул жўнатсам деган режа Ватанимдан узоқлаб кетганимга озгина далдадек эди. Бироқ биз алланималарни режа қиламизу, лекин Худонинг ўз ҳукми борлигини фақатгина унинг режаси амалга ошишини баъзида унутиб қўямиз.

Тасаввур қилинг умрингизда бўлмаган давлат, тилни билмайсиз. Одамлари, атроф – муҳит, урф – одат, дини, ирқи умуман сизга бегона бўлган ўлкадасиз. Қаердасизку, қай томонга кетяпсиз? Сизга нотаниш бўлган кўчалар, бинолар, дўконлар, жуда йирик бўлган автомобиллар, хуллас ўзга дунёдасиз.

Уйлар ҳам Ўзбекистондаги уйлардан бутунлай фарқ қилади. Айтишингиз мумкин нима учун ўхшаши керак? Тўғри умуман ўхшамайди.

Ниятга  кўра  иш топиш мақсадида  ҳаракатга киришдим. Қани энди натижа бўлса. Дўконларга бирма-бир кириб  тўғриси  чарчадим.  Брайтонда  жойлашган  «Toshkent» номини  олган дўконнинг  ўзига  беш  маротаба  мурожаат қилгандирман. Ижобий  жавоб  йўқ. Кейин атрофдаги «маслаҳат  беришга  уста бўлганлар»:  агентликка бор, бўлмаса  иш  топа олмайсан  деса,  биров «Русская реклама» газетасидан албатта  топасан,  яна  кимдир  фалончи  пул  берсанг  қарияларни  қараш  ишини  топиб  беришади  деди. Хуллас, ақлу – идроки жойида  бўлган  одамнинг  турли хил  маслаҳатлардан  боши  қотиши аниқ. Бир томондан соғинч ҳисси қийнаса, бир томондан ишнинг топилмаслиги азоблайди, ҳаммадан  ҳам  бир  холис  одам  маслахат  бериб,  сенга  ҳеч  бўлмаганда  бир  соат  вақт ажратмаслигида  эди. Бу  ерда  ҳамма «пулнинг қули»  триллер жанридаги фильмлардаги  «зомбига»  айланишган  қолишган.  Ишонасизми, маслаҳат  берганлар орасида:

–  Болаларингни  ташлаб  бекор  келибсан,  чиптанг  бўлса ортингга  қайт. Бу ерда  орзуларингга  эриша  олмайсан.  Бу ерда  нима  қиласан  ўзи? –  деганлари  ҳам  топилди. Шундайларга  қараб: 

– Опа  нимага ўзингиз қайтмайсиз Ватанга? – десам  жим қолди,  сабаби  у бу гапни  кутмаган  эди-да.

Не – не умидлар билан Америкага қадам ранжида қилган бир мусофирни олдинда яна  нималар кутаётганидан  кошки  хабари бўлса.  Роппа – роса  бир ҳафтадан  кейин  болаларга  қараш  учун  яшаш  шарти билан  «бебиситерликка»  яшаб  турган манзилимдан  жудаям   узоқ  бўлган  ерга  жўнаб кетдим. Тонгги 6:30 дан кечки 22:00 гача қулдай ишлашимнию: «Ҳолинг  не?  Қорнинг тўқми?» – дейдиган  бир  инсон  топилмаслигидан  хабардор бўлсам.  Бу  оилада  тарбия  топган  болалар  энагаларни шундай  очиқ  чеҳра  билан   кутиб  олишарканки…

Улар  ортимдан  қайчи олиб  югуришни  бошлашди,  масхара  қилишар,  эндигина  тозаланган  ерни яна  ифлос  қилишга  уринишарди. Бу оилада ишлаш мени инсон  қиёфасидаги  манқуртга  айлантиришига  ишонч  ҳосил  қилиб,  тезда ўша  уйни  тарк этиш  режасини туздим.  Уй эгаларига  ижарада  турган  уйдан  жамадонларимни  олиб  чиқишим  кераклигини  тушунтирдим.  Шунингдек,  имкон бўлса  бир  кунлик  иш  хаққимни  беришларини  илтимос қилдим.  Тўғриси  ўзимни  бечорага  солишга   уриндим.  Шу  ерда  Тошкентдаги  Маданият институтида  актёрлик маҳоратидан сабоқ олганим  қўл келди,  шукр. 

Ишонишди. Қочиш  режаси  амалга  ошди.  Бироқ, менга Тошкентда қилинган  ҳамма меҳнатларим  эвазига ўзга юртда  ёрдам  қилишни  ваъда  қилган  аёл,  ортимдан  бўлмағур  гапларни  айтиб, хақорат қилганидан  хабар топдим. Ишонинг бунга ҳайратланмадим, сабаби  бу  ерда одам нусҳасидаги шайтонларни  учратиш  одатга айланганди.

Энагалик  вазифасидан  аранг қочиб келган  мусофир  ростан ҳам  жомадонини  йиғиштиришга  тушди.  Ваъдаларни  катта  қилган аёл менга  бақирар,  бўлмагур гапларни   уйдирарди. Мен  жимгина  нарсаларимни  жойлай  бошладим. Ўйлаб таҳлил  қилсам,  бундай  салбий фикрларнинг  сабаби  унга юк, тирик  товон  бўлиб қолишим, устига – устак мен Америкага жуда кам миқдорда  пул  билан  келганим уни  саросимага  солиб  қўйибди. У кўпчиликка  жар солиб Америка тарихида бўлмаган  иш дея таажжубга тушибди.  Ўринли  арз. Қандай қилиб соати камида 100 доллар билан  баҳоланадиган  ҳаёт тарзи,  уйлар ижараси  камида  500 доллар бўлган ерга  арзимаган  пул билан  келишим  уни  тўғри  маънода  қутиртирганди.  Яна камига  мен  бир  ҳафта  давомида  яшашим  керак  бўлган  қамоқхонадан  қочиб  келганим  уни  батамом фиғони фалакка чиқишига сабаб бўлганди.  Ҳаёлида  мендан  қутулган  эдида.

Бахтга қарши кўчада  ёмғир шиддат билан  қуярди. Нарсаларимни  тахлаяпманку,  бироқ  қаерга,  кимникига боришимни  тасаввур қилолмасдим.  Сабаби  бу  ерда  ҳеч  кимни  танимасдим,  борадиган  манзилнинг  ўзи  йўқ  эди.

Нима  учундир  аввалига товушидан беҳузур  бўладиган метрога  бораман, кейин  аэропортга деган  фикр  ўтди.  Билмадим  нега,  лекин  манзилим аниқдай.  Қўлимда бир кун  қулчилик  қилиб,  ишлаган 80 доллар борку,  деган ўй ўтарди.  Интернетни  ўйлаб  топган  инсонни  даҳо  дегим  келди  шу  вақт. Сабаби мен билан рўй бераётган воқеаларнинг барча тафсилотларидан  энг  яқиним,  турмуш ўртоғим  хабардор эди. У  менга:

–  Нарсаларни  жойладинг, энди  қаерга борасан? – деб  эзиларди.  Тасаввур   қилинг  у  Тошкентда  мен  Нью – Йоркда!  Ит ичини еяётган  жуфти  ҳалолимни ҳолати  мени  баттар  эзарди.  У ўша  вақт ишда  эди. «Ҳозир»  дедида  бир  зумга жим қолди. Мен чиқиб кетишга  деярли  тайёр  эдим. Турмуш  ўртоғим  алоқага  чиқиб,  менга бир телефон  рақамни юборди. Юборилган  овозли  хабарида:  «Диққат билан  эшит.  Бу одамлар  сени  кутиб олишади.  Хавотир  олма,  кўчада  қолмайсан.  Ҳаммаси  яхши  бўлади.  Ҳозирнинг  ўзида  опага  қўнғироқ қил», – деб  тайинлади. Мен  ҳам  шошганча  телефон  рақамни  тердим.  Жуда  хотиржам  овоз  соҳибаси  гўшакни  кўтарди.  Мен вазиятни тушунтира бошладим. У жуда  хотиржамлик  билан:   

– Дилноза,  сиз қаердасиз?  Ҳозир манзилни  бераман, етиб кела оласизми? –  деб сўради.

–  Албатта! – деб  хурсанд бўлдим.

Қарангки  бу  аёл  берган  манзилни  ростан  ҳам яхши билардим. Мен  жомадонни  судраганча илк  келган манзилдан  ташқарига отилдим…

Айтилган  манзил  томон бораяпманку,  бўғзимга  алла  нима  келиб  тиқилгандек  бўлди. Узоқ  юртда,  тилсиз,  пулсиз,  камига  яқинларсиз, танишларсиз  ёлғиз  ўзим.

Тўғриси  хўрлигим  келди. Ўкириб  ҳайқиришни  истадим,  ўзимни  аранг  босардим. Атрофдагилар учун мен бир иммигрант – мусофирман. Менинг  кўз  ёшиму,  дардим  билан  кимнинг  нима  иши бор? Шу  кунгача  ҳеч  қачон ўзини  нозик  тарафларини  кўрсатмаган  ўз  юртида  анчагина  обрў   ва  ҳурматга  эга  бўлган  аёл  бир  неча кунда  иложсиз одамга айланса…

Тангрига  илтижо қила бошладим.  « Мендай  бир мусофирни  асра. Тўғри  йўл кўрсат.  Бировга  муҳтож  қилма,  йўлингдан  адаштирма», – дея кетиб борардим. У мени  эшитганига  шубҳам йўқ. У  дард – алам  ичра иймоним  йўғрилган  эътиқодимни  унга   бўлган  чексиз  муҳаббатимни,  иложсиз  қолганимни  ҳис  қилди. Тошкентда  хаққимга дуо қилаётган хаста онам, жигарларим  учунми,  ҳали  кичкина  бўлган  жўжа  бирдай  қизқалоқларим олдидаги  масъулиятим  учунми, турмуш ўртоғимнинг  ҳаққи – ҳурмати  учунми,  менга  юраги меҳрга  тўла  беғараз  одамларни рўбарў  қилди.

Хонадон  эгалари  мени  жуда илиқ  қарши олишди.

Хонадонга кириб  борар  эканман  усти – бошим  ёмғирдан  ивиб  кетганини  пайқадим,  бутун  йўл  давомида жомадонда  бўлган  зонтни  асаб   туфайли  олиш  ҳақида  ўйлаб  ҳам  кўрмаганман.

Бўлиб  ўтган  воқеалар  хусусида  умуман  гапиргим  келмади,  сабаби  бўғизимга  тиқилиб  турган  йиғи  ва доддан аранг ўзимни босиб турардим.  Уй  эгалари буни даров  сезишдию,  дастурхонга  ноз – неъматларни келтиришни  бошлашди. Иссиқ  чойни  узатиб дастурхонга қарашимни сўрашди….

Бир ўғил ва бир қизлари бўлган  аҳил оила.

Кеч тушди. Менга  қизлари  ёнидан  жой  тўшашди. Тўғриси бошим  қаттиқ оғрир, йиғидан  шишиб  кетган кўзларимга  қани  энди  уйқу келса…

Тонг отди. Мен яна  иш  қидиришда  давом  этдим. Бу орада уй  эгаларини  олдида  ноқулайлик  сезардим. Тезроқ  иш топила  қолса–ю  ижарга  уй  олиб  чиқиб  кетсам,  деган фикр  тарк  этмасди. Тез  орада  орттирилган  танишлардан бири   мени   Бруклинда  жойлашган  ресторанлардан бирига  олиб  борди.  Ошхона  юмушларида  ёрдамчи  керак экан. Қувонганимни  кўрсангиз  эди!  Танишни  узоқдан –  узоқ  дуо  қилдим. Енгимни  шимариб  ишга  тушиб  кетдим.  Тўланажак  хақ  бу  давлат  учун кўп  бўлмасада,   иш  топилганига  озми – кўпми  пул  ишлаш  илинжида хурсанд  бўлдим.  Лекин,  иш бошлаган  кунимданоқ ресторан  раҳбари  мени  ёқтирмаётганини сездим. Тўғриси ўзимизнинг  Ўзбекистонлик   бўлсада,  аллақачон  бошқа одамга  айланиб  бўлганди.  Ҳадеб  танбеҳ  бераверар,  ҳар бир  ишимдан  камчилик  қидирарди. Тишимни  –  тишимга қўйиб  бундай  холатга  тайёр   бўлишим  керак,  болаларим  ризқ – насибаси учун  чидашим  шарт,  деб такрорлардим. Ушбу  зайлда олти кун  вақт  ўтди.  Маош  оладиган  кун ҳам  етиб  келди.

Ҳа  Ўзбекистонда  иш  хаққи  ойига  икки маротаба, ёки  бир  марта  берилиши  жорий  қилинган. Йигирма  олти  йиллик  иш  тажрибамга  кўра,  ҳар  ҳафта маош  олиш тартиби  очиғи  мени  ҳайратга  солди.  Келишилган пулларни  олдиму, кеч соат 23:20 ларда  уйга ошиқдим. Ичимга  сиғмасдим,  тезроқ  тонг  отсаю, болаларим  учун аталган  пулларни  манзил  томон  юборсам. Ҳар  куни ишдан  қайтаётган  вақтимда  чарчоқни,  қўл –оёқлардаги оғриқни  сезардим.  Буни  қарангки,  яшил  рангдаги   пуллар  оғриқни  ҳам  сездирмади  ва  уйга  тезда етиб олишимга  имкон  берди.  Маош  олган  кунимнинг  эртасига  дам  олишга  рухсат  эди.  Уйдаги  юмушлар  билан  банд  бўлдим,  аёл  сифатида  ўзимга  қараб  олишга имкон  бўлди. Кечга  томон  эндигина  топган  ишимдан  ёмон  хабар  келди:  «Ўрнингизга  бошқа  қиз олдик, эртага ишга  чиқманг», – деган  овоз  мени  яна  ҳайратга  солди.  Эртаси  куни  ишга  отланган  одамнинг  аҳволини  тасаввур қилинг? Тўғри  ҳар  куни  хўжайиннинг қовоқ – тумшуғига  қараб  иш  қилиш  жонга  теккан, устига– устак  ўн  тўрт   баъзида  ўн  беш  соатлаб  тик оёқда ишлаш,  оғир  кўтариш,  ҳаттоки  тушликни  ҳам  туриб  ейиш  руҳан  ва  жисмонан эзилишингизга  сабабчи  бўларди. Бироқ  тайинли  иш борлиги, ҳар  ҳафтада  ҳақ тўланиши бу қийинчиликларни  бир четга суриб турарди.  Қисқагина  «майли» дея жавоб юбордим. Энди  яна  ҳаммасини  бир  бошдан  бошлаш керак. Биз  каби  иммигрантларни иш  билан  таъминловчи  икки  агентстликка  бордим.  Бирига 100, иккинчисига 150 доллар  пул бердим. Ваъдалари  катта эди…

«Сенга  албатта  иш  топамиз, эртагаёқ ишга чиқасан».

Иш  топилди,  тупканинг  тагида  учта автобус билан бориб, яна учта автобус билан уйга қайтиш. Йулкира  дегандек,  рози  бўлмадим, кейин  менга таниш бўлган  ҳудуддан руслар  дўконида иш  борлигини  маълум  қилишди. Манзилга  етиб  бордим. Дўкон  хўжайини  одам  олиб бўлгани  ҳақида  айтиб  қолди. Тарвузим  қўлтиғимдан тушиб,  иккинчи  агентликка мурожаат қилдим.  Кеч соат 21:25 ларда телефон рақамимга sms келди, у ерда тозалаб келиш керак бўлган  хонадонни  манзили  бор  эди. 

Тонг  отди  йўлга  отландим.  Метродан  тушиб  йигирма дақиқа  пиёда  юриш  керак. Одатга  кўра  ёмғир  қуйиб турибди.  Манзилни  топиб  бордим. Уй  эгаси  тўртинчи  қаватда  яшаркан. Аксига  мен  тушунмайдиган инглиз тилида  гапира  бошлади.  Мен  узр  сўраб, инглиз  тилини билмаслигимни,  лекин  уй  тозалаш  учун  келганимни амаллаб  тушунтирдим. У  эса  уйнинг  ичида  туриб, эшикни  очиб  киргинда,  тўртинчи  қаватга кўтарил деб бидиллашини  канда  қилмасди. Эшик  кодланган очилмасди.  Шунда  асабларим  таранг  бўлган  ҳолда агентликнинг  раҳбарига  қўнғироқ  қилдим. Инглиз  тилини  билмаслигим  ҳақида  маълум қилганлигим, мени  америкаликларга  юбормасликларини  илтимос  қилгандим. У мени кетиб қолмаслигимни ва тез фурсатда уйнинг эгаси мени  ўзи  уйига олиб чиқиш кетиши хусусида тушунтирди. 

Мени  уйнинг эгаси уйга таклиф қилиб олиб чиқиб кетди.

Тозалашим  керак  бўлган  жойларни бирма – бир кўрсатди. Керакли  бўлган  нарсаларни  келтирди.  Иш бошлабоқ соатимга  қарадим  вақт  эрталабки соат 10:20 ни кўрсатарди. Айтилган  барча  ишларни  бажардим. Қилган  ишларимни кузатар,  келиб  бармоқлари  билан  текшириб  кўрарди. Соат  бирдан  ошганида  қорним  очганини  ҳис  қилдим, сумкамга  овқатимни  солиб олгандим. Уйнинг  эгаси келдида,  юр  овқатланиб ол деб ишора қилди. Кетидан эргашдим, қўлида бир дона банан,  уни менга узатди.  Мен  «рахмат» ишорасини  қилиб, ўзимнинг овқатим борлигини тушунтирдим. У бошини ирғаб қўйди. Уй эгаси мени махсус  парҳезда  бўлса  керак деб ўйлади чамамда. Сабаби шунча  қилинган  ишнинг эвазига бир дона банан озишни астойдил  истаганлар учун айни муддао-да.

У айтган бошқа  ишларни ҳам айтилган  тўрт  соат вақт ичида  қилишга  улгурдим.  Соат 14:20  мен  уй  эгасининг юзига  тикилдимда,  бармоқларим  билан  тўртни  кўрсатиб: «finish» –  дедим. У эса елкаларини қисиб қанақасига сен атиги  икки  соат  ишладинг,  яна  икки соат ишлашинг керак  деб  қолса бўладими. Фиғоним  осмонга  чиқди. Яна агентликка қўнғироқ  қилдим. (Агенствода  рус тилида гаплаша оладиганлар ишлайди).  Мен  аниқ ва тиниқ равишда тўрт  соат ишлаганлигимни ва келишилган пулларни  олиб  чиқишини  тушунтирдим. Агар  асабимга тегса, муаммолар  келтириб  чиқаришимни  уқтирдим.  Агент  мени  важоҳатимни  бир  зумда  тушунди. Ҳозирнинг ўзида  мен унга қўнғироқ қилиб, сенга  пулларни  бериб, кузатиб  қўйишини  сўрайман, деди.  Шундай ҳам бўлди, ҳозиргина  қўлларини  бигиз  қилиб  «икки  соат ишладинг» деяётган  уй  бекаси  пулларни  қўлимга  тутқазиб миннатдорчилик  билдирди.  Пулларни  чўнтагимга жойладимда:  «Юзларингни  тескари қилсин  сен телбаларни», – деб  йўлимга  равона бўлдим.

Уйга  келгач  ўрнимга  ётдим… Ўйлай  бошладим, узоқ манзилларга  бориб,  ўй  тозалаш билан  иш битмаслигини, мен  йўлкира  ва  кўп  вақт йуқотишимни  тушуниб етдим.

Умуман бошқа  иш топишим муҳимлигини англадим.

Наргиза  исмли  танишим  билан  Бруклиндаги  Брайтон Бич деган  ерда  иш  қидириб  юрардик. Телефоним жиринглади.  Жавоб  бердим. Бу  Америкада  орттирилган  яна  бир танишим эди. У Брайтонда  жойлашган ресторанлардан  бирида  иш  борлиги,  агар  зудлик  билан борсам  мени  қабул  қилишлари  мумкинлигини айтиб  қолди.  Тасодифни  қарангки мен у берган  манзилга  жуда  яқин  эдим.  Дугонам  билан  ресторан томон  шошилдик.  Шундоққина  денгизнинг  бўйида жойлашган украин  миллатига мансуб  бўлган кишиларнинг  ресторани экан. Мен ресторан раҳбари билан учрашар эканман ресторанда ишлаганлигим  ҳусусида  гапирдим. У синаб кўрамиз маъқул  бўлсанг оламиз, дедида эртагаёқ ишга чиқишимни тайинлади. Эртасига айтилган вақтдан  ярим  соат аввал  етиб  бордим. Вазифам  ошпазга  ёрдамчи  бўлиш. Кийимларимни алмаштириб фартукни тақишга шошилдим.

Ошхонага  чиққанимда  иш  эндигина бошланаётган эди. Менинг ошпазим  ҳали келмаганди.  Ошхонада ёши 85 ларда  бўлган аёл газ  плитаси  устидаги  катта  идишда  қайнаётган  овқатнинг  таъмини кўрарди.  Сўрашдим,  кўзларини  менга қадаб  ўқрайиб  қўйди.  Эътиборим  чаққонлик  билан  ошхонани  супураётган  ўзбек  эркакка   тушди. Сўрашдим,  шевасидан  Тошкентдан   эканлигини сездим   кўнглим хотиржамдек  эди.  У менга ошпазнинг феъли  оғирроқ  эканлигини,  «хўп  бўлади»  деб ишларни бажаришим  муҳимлигини  тушунтирди.  Мен «албатта» – дея  ишора  қилиб  бош  ирғидим. Кўп  ўтмай  ошхонага  мен  ёрдамчи  бўлишим  керак  бўлган  ошпаз  кириб  келди. Жуда  семиз, қоматига  тўғри  келмайдиган  калта  шим  (шортик) кийиб олган  аёл эди. Исми  Марина  экан, мен у билан  сўрашдим. У менга қайси касбда ишлаганим, болаларим  қаердалигини  сўради, мен жавоб бердим.  Кейин нима учун болаларим ҳали кичкина эканлигини суриштира  кетди. Мен эса иккита институт ва  аспирантурани тамомлаганлигим  ҳақида шу  важдан  турмушга  кеч  чиққанлигим  ҳақида  очиқ – ойдин  сўзлаб  бердим. У  эса устимдан  кулиб:

–  Нима қилардинг шунча  ўқиб  охир – оқибат  хизматкорлик  қилсанг? – деб  мазах  қилди. Мен бояги эркак тайинлаганидек  гапига  эътибор  қилмадим, лекин  бу  аёл  камситишни,  ёмон   гапларни  дўндириши, дилозорлиги билан феъли  оғир  ошпаз  шоҳсупасига чиқиб  олганди.

Эрталабки ўндан кечки бешга қадар ишлаган бўлсам, у менга беш, олти марта дўқ урди, камситди,  камига  масхара  ҳам  қилишга  улгурди.  Энг  ёмони  эътиқоди мустаҳкам  Аллоҳни  таниган,  харом  ва ҳалоллик  муҳим  бўлган  одамга  кун  бўйи  бир  чўчқани  безаб, ёғ суртиб уни  газ  печига  қўйиб  қайта–қайта  пиширилишини  қандай  қилиб  кузатиш  мумкин?  Тушлик вақти  кичкина  идишда  еган  озгина  таомимни  эсласам ҳозир  ҳам  кўнглим  беҳузур  бўлади,  сабаби  харом  ва  харижга йўғрилган  ошхонада  ҳалолликка, инсоф  ва диёнатга  йўл бормикан? Мен бошқа бир миллатнинг ошхонасини  қоралашдан  буткул  йироқман.  Лекин,  шукрни  билган  мусулмон  учун  ҳалол  ва  харомнинг  ўрни  беқиёсдир. Бундай  ошхонада  ишлаш,  кези  келганда  мусулмон  учун  харом ҳисобланган  таомлар  қайнаб  пишган  идишларда    таомларни  ейиш  чўчқа, тўнғиз  еган  идишдан  сув ичишдек  гап эмасми? Ўзимизнинг Тошкентли  акани ҳам  шу  қадар  изза  қилишдики,  мен бу  акага  бундай  камситилишларга  чидаш  мумкинми? – деб  қарадим,  у  эса мени  дарров  тушуниб,  юртимда  олган  ойлик  маошимни суриштирди,  мен  паст  овозда  пул  миқдорини шивирладим. У менга юзланиб: «Сиз бу  пулларни бир кунда  топасиз.  Фарқи борми?» – деди. Мен сукут сақладим.  Лекин, кўнглимнинг тубида бу ерда бошқа ишламаслигимни аниқ  билардим. Тезроқ  вақт  ўтсаю, Америкадаги  уйимга  равона  бўлсам.

Шунда ресторан бекаси ёнимга келиб, иш вақтим тугаганлигини, эртага  албатта ишга чиқишим мумкинлигини айтди.

Менинг ҳолатимни ўша вақт кузатиш керак эди. Хурсандлигимдан  фартукни  қаергадир ирғитдимда,  ташқарига  ўзимни отай деганимда,  мени яна  ўша  ака тўхтатди.

–  Мана, бир кунлик иш соатингиз ҳам  ўтди.  Эртадан ишга чиқинг. Сизни ёқтирди, табриклайман! – деди. 

Мен мийиғида  кулгандай  бўлдимда,  хайрлашиб   вақтинчалик уйим  томон  шошилдим. 

Кўчага  чиқдимку,  зора  ўзимни  тўхтата олсам,  аёл  кишига  хос  бўлган  маржондай  кўз  ёшлар  чунонан қуйилиб  келардики,  қани  уларни тўхтата олсам. Ҳар бир  дўқ, пўписа, камситилиш, газ  плитасида ястаниб олган  чўчқа  боласи… Эсласам  вужудим  ҳали ҳам нафратга тўлади.  Ният  қилганимдек,  эртаси куни ишга чиқмадим.  Яна 0–зеро ҳаммасини бошидан  бошлаш,  яна иш қидириш  керак  эди.

Тушкунликка  тушиш,  кўз  ёши, соғинч, ишончсизлик –  буларнинг  ҳаммаси  деярли  ҳар  бир  мусофирда  мужассам.  Тақдир  тақазоси уларни дунёнинг бир  четидан  бошқа  бир  четига  ирғитиб  юборгандек.  Ёшидан, динидан,  ирқидан,  касби  ва эгаллаб турган  лавозимидан  қатъий  назар,  у  ўзга  давлатда  ҳаммасини бир бошдан  бошлашга  маҳкум.

Тушкунликка  тушган кунларимдан бири  соғинч,  алам  ич – этимни  еяётган  маҳалда  турмуш ўртоғим  билан  беш  яшарли  қизалоғим  ИМО дан  қўнғироқ қилишди. Мен  Ватанни  тарк этганимдан  буён  қизларимни  кўзларидан  қувонч  йўқолганини,  аввалгидай эркин, эрка  эмаслигини пайқадим.

Тангри  оналарга  ўз  фарзандлари  оғриғини  сезиш  қобилиятини  берганига  шубҳа  қилолмаймиз. Қизим гаплашиб  туриб,  ияги (даҳани) титрай  бошлади,  у мени  соғинганини  тезроқ  уйга  қайтишимни  илтимос қиларди.  Пиқиллаб  йиғлай  бошлади.

Мен  ҳам  ўзимни тута олмай  йиғлашга тушдим. Турмуш  ўртоғим  бу  ҳолатдан  ўзини  йўқотиб  қўйди.  Бирданига телефон  экрани  қоронғилашди.  Мен  қизимни  кўрмасдим фақат  дадасининг:  «У  телефонни  қучоқлаб олди. У сени  қидиряпти,  соғинган» – деган овози эшитилди.  

Ишонинг бу  ҳолат  сизни  эсанкиратиб  қўйиши аниқ. Мен  карахт эдим,  боламни  қай  сўзлар  билан  овутишни билмасдим.  Оналик – бир парча  этни одамча  даражасигача  етказиш,  бедор  тунлар,  агар  узоқ  сафарда  бўлсангиз  сабр  ва  узоқ  мусофадан туриб  севишни, ардоқлашни,  фарзандингиз  бошидаги  ҳар бир  тола сочнинг  қадрига етишингизни  ўргатаркан. Бунда  яна  бир  карра  Оналик  мақомига  эришиш,  яхши она  бўлиш ортида  синов, машаққат,  кўз  ёш  Яратгандан  илтижолар  тураркан.  Аслида улардан  йироқлаб  кетишимга  сабаб ҳам улар учун  шароит, мукаммал  билим  эгаллашлари учун  замин ҳозирлаш  эди.  Ўзим  ва  оилам томондан  танланган йўл жуда  мушкул  ва синовли  эди. Сабр – бундан  бошқа  нарса эмас.  Муаммо  олдида  ҳам, соғинч  қийнаганда  ҳам  фақат  сабрга  юзланиш  муҳим…

Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова
ҳикояси.