Шавкат Мирзиёев: Туркий Кенгашга аъзолик халқимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида 15 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити бўлиб ўтди.

Унда мазкур ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарлари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қирғиз Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев иштирок этди. Кузатувчи мамлакат сифатида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, шунингдек, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Пурли Агамуродов анжуманда қатнашди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этди. Мамлакатимиз ушбу нуфузли халқаро тузилмага жорий йилда қўшилди. 

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ана шундай янги платформалардан биридир. Бу ташкилот 2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида тузилган бўлиб, дастлаб унга Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо эди. 

Ўзбекистон Президенти 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Жорий йил 5 октябрда Тошкентда Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ҳамда Инвестиция форуми ўтказилди.

Алоқалар бундай фаол ривожланар экан, буни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳам зарур эди. Жорий йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев саммитда сўзлаган нутқида Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, табиий ва тарихий жараёнлар ифодаси эканини таъкидлади. Юртимиз заминида умумий тарихимизнинг шонли саҳифалари битилгани, жаҳон илм-фани ва маданиятига унутилмас ҳисса қўшган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирлар, муқаддас динимиз тарихида ўчмас из қолдирган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк алломалар, туркий дунёни қалам билан бирлаштирган Алишер Навоий сингари улуғ шоирлар нафақат ўзбек халқи, балки барчанинг фахру ифтихори эканини қайд этди.

– Туркий Кенгашга аъзолик халқимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради. Бугунги кунда ўртамизда нафақат маданий-маънавий алоқалар, балки савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Охирги уч йилда давлатларимизнинг ўзаро савдо ҳажми салкам икки баробарга ошди, мингдан ортиқ янги қўшма ширкатлар очилди. Транспорт қатновлари кенгаймоқда, визасиз тартиб асосида туристлар оқими тобора кўпаймоқда, халқларимизнинг қардошлик ришталари мустаҳкамланмоқда, – деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон Президенти тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ва ишончли алоқаларни ўрнатиш учун энг қулай шароитлар яратишни устувор вазифа деб қайд этди. Шу борада қўшма технопарклар, стартап инновация компаниялари ва венчур жамғармалари ташкил этиш, қўшма инвестиция фонди ва туркий давлатлар савдо уйларини биргаликда барпо этиш ташаббусини илгари сурди.

Шавкат Мирзиёев Кенгашга аъзо мамлакатлар аҳолисининг 40 фоизидан ортиғи ёшлар эканидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Туркий Кенгаш доирасида Ёш тадбиркорлар форумини таъсис қилиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йил Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

Шунингдек, йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш, “Боку-Тбилиси-Карс” янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам амалий таклифлар айтилди.

Ўзбекистон Президенти маданий-гуманитар соҳалар аҳамиятига алоҳида тўхталиб, Кенгашга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт хазинаси” номли китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этишни таклиф қилди.