“Ҳаққини таниган болалар”

Мусофир бўлганингда, ўз юртинг одамларини кўча-куйда учратар экансан, беихтиёр саломлашгин, уларга қараб табассум қилган келади. Ўз юртимдан узоқда бўлган давримда таниш-билишлар сафи кенгая бошлади. Шунда бир важдан асли Фарғоналик бўлган оиланинг уйига ташриф буюрдим. Хонадондан ичкарига кирар эканман 10 ёшли болакайни компьютерга, чамаси 12 яшар қизнинг эса телефонига михланиб ўтиргани эътиборимни тортди. Мен уларнинг хонадонига илк бора келишим, меҳмон сифатида ташриф буюрганим бу болаларга умуман қизиқмасди. Мен саломлашиш ниятида уларга табассум билан боқдим. Улар мени худди “йўқ кишидай”  эътибор қилмай, яна ўз машғулотларига шўнғидилар.

Бурҳон ака – уйнинг боши, қизига юзланиб: “Чой қўй қизим, меҳмон келди” деганида Дилнавоз исмли қиз ҳаттоки бошини ҳам кўтаришни эп билмади. Шунда менинг олдимда жуда ноқулай аҳволга тушган Бурҳон ака “Вазиятдан чиқ” деган маънода аёлига қаради. Муяссар опа шошганча:

– Энди булар шунақа – Америка болалари, уларга қаттиқ гапира олмайсиз, мактабда ҳар куни ота-онангиз урушмайдими? Қўл кўтармайдими? деб психологлар савол-жавоб қилишади. Менга, мактабни яхши ўзлаштиришса бўлгани. Тилни яхши билишади, ҳар қалай билими кейинчалик ўзларига ас қотади. Болаларни кўнглига қараб иш тутамизда. Айтганча аҳамият берган бўлсангиз биз ёш эмасмиз, болаларни кеч кўрганмиз.

Уй эгаларини менинг ташрифим ноқулай вазиятга туширганидан ҳижолатда қолдим. Бу болаларнинг тақдири охир-оқибат нима билан тугагани ҳусусида ҳикоям сўнгида маълум бўлади…

Муяссар опа турмуш ўртоғи билан Америкага бундан 8 йил аввал Грин Карт лотореясига ютуқ чиққанлиги сабаб ташриф буюришганди. Бурҳон ака қарияларга қарашни эплай олмагани учун анча йиллардан бери уй (Билдинг) қоровули сифатида ишларди. Бу ишда ойлик маоши у қадар кўп бўлмагани боис, рўзғор ва яна кўп харажатларни кўтариш Муяссар опанинг елкасида эди. Шу боис Муяссар опа туну-кун ишда бўлишига тўғри келарди. Ўйига ҳам бир-икки соатга келарди холос. Кўп ҳолларда хорижда ишлайдиган аёллар қариялар ва ёш болаларга энагалик қилиш билан машғул бўладилар.

Муяссар опа ҳам ана шундай кекса аёлларга энагалик қиларди. Икки иш жойи ҳам уйидан анча узоқда бўлиб, йўл учун жуда кўп вақт кетарди. Биринчи иш жойи “қоралар райони” да бўлиб, кўпчилик у ерда ишлашдан бош тортса ҳам Муяссар опа ишлашга розилик билдирганди, сабаби иш соатлари кўп бўлиб (АҚШда соат ҳисобида маош тўланади), маоши ҳам бинойдек эдида. Ҳар сафар ишга юрагини ҳовучлаб борарди, қора танли қари аёл, уйида қизи ва ўғли билан яшарди. Қизи оиласидан ажрашган, ўғли эса гиёҳванд эди. Уйда деярли ҳар куни жанжал бўлар, кўзи қонга тўлган ўғли аравачада ўтирган онасини аямай, фақат пул сўрашдан нарига ўтмасди. Қизи она-боланинг ўртасида қозилик қилиш билан овора бўларди. Муяссар опа бу жанжаллардан шу қадар безиб кетган эдики, бироқ пулига қизиқиб чидашни афзал биларди.

Оддий иш кунларидан бирида Муяссар опа ишга ўз вақтида етиб келди, хонада сокинлик ҳукм сурарди. Бунга гиёҳванд ўғилнинг қаергадир кетиб, уйга қайтмагани сабаб бўлганди. Муяссар опа унинг вазифасига кирадиган барча юмушларни бажарди. Кетиш вақти бўлганида, сумкасини олдида уй бекалари билан ҳайрлашиб бекат томон шошилди. Сумкасидан транспорт учун йўлкира ҳаққи сифатида фойдаланиладиган “метрокарт” ни олмоқчи бўлди-ю, дарҳол ҳавотирга тушди, сабаби сумкасида “метрокарт” бўлган кармон йўқ эди, у бекатга келиб тўхтаган автобусга чиқа олмади. Келган йўлидан орқага қайтар экан, узун йўлакдан кармонини қидиргандек бўлди. Лекин у, кармони иш жойидаги хонадонда йўқолганига шубҳа қилмасди. Уйга қайтганини кўрган кекса аёл унга ҳайратланиб қаради:

– Нега қайтдинг, шошиляпман, дўконга бораман деган эдинг-ку?!
– Дўконга бориш учун пул керак-да, кармон жойида йўқ.
– Бу нима деганинг? Қанақасига йўқ бўлади, кўчада туширгансан ёки эрталаб сумкангдан чиқариб олишган.
– Йўқ, эрталаб жойида эди. Аниқ эсимда.

Баланд овозда бақириб, дўқ уриб гапираётган онасини олдига чиққан қизи, Муяссардан бўлган воқеани сўраб суриштирди. Қизи Муяссарга янги иш бошлаган вақтида шахсий нарсаларига онасидан эҳтиёт бўлишини, онаси бўла туриб, қизининг пулларини ўғирлагани ҳақида гапирганди. Қизи онасини огоҳлантирганча пулни қайтариб беришини  сўради. Онаси ўз тилида қўлларини силтаб, қизига кўзини ола-кула қилиб, ҳеч нарса олмагани ҳақида гапира кетди. Қизи аравачада ўтирган онасини четга суриб хонасига кирмоқчи бўлди, лекин онаси унинг киришига тўсиқлик қила бошлади. Муяссар бу саҳнани четда туриб кузатар экан, пулларни кампир ўғирлаганига ишончи комил бўлди. Қизи онасининг қаршилигига қарамасдан уни итариб, ичкарига отилди. Онасининг жавонида турган катта сочиқни бир силтаган ҳам эдики, у ердан қизил рангдаги сумка ерга “тап” этиб тушди. Қизи сумкани шошганча очди, ичида Муяссарнинг қора рангли кармони турарди. Кампир лом-лим демади. Қизи Муяссарга кармонни узатиб, ундан узр сўради. Муяссар аёлнинг қўлидан маҳкам тутиб, миннатдорлигини билдирдида, бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Эртаси куни Муяссар ишга чиқмади. Яхшигина даромад ҳам мутлақо кўзига кўринмади.

2017 йилнинг июнь ойи болалар мактаб таътилига чиқишган. Шундай кунлардан бирида Бурҳон ака Муяссар опага гап очди.
– Муяссар болалар уч ой таътилда бўлишади, Ўзбекистонга бориб келмаймизми а? Қариндош-уруғлар ҳам бизларни беоқибатга чиқаришгандир. Болалар ҳам яқинлари билан кўришишади. Улар бу ерга келишганида гўдак эдилар.

Турмуш ўртоғининг бу фикридан Муяссар ҳайрон қолди. Сабаби ҳар сафар Бурҳон ака Ўзбекистонга бориб-келиш ҳаражати катта эканлигидан нолирди. Бу сафар эса болаларни ҳам олиб кетишга тушганидан ҳайратланди. Лекин, бу фикр устида ўйланиб қолди, сабаби болалари баъзида хаддиларидан ўтаётганини, ҳаттоки тунов куни ўғли дадасига: “Мени тергайверсангиз ўқитувчимга айтиб бераман”, деса, қизи: “Агар қўл кўтарсалар, судга топширишга ҳаққинг ҳам бор”, деб турганида Бурҳон ака дори ичиб ўзини аранг ушлаганини эслади. Балким ўзбекона урф-одатлар, катталар билан муомилани кўриб ўрнак олишар деган ўй билан бу сафарга розилик берди. Яқинларга совға-салом, туҳфалар Муяссар опанинг югур-югури эвазига тахт бўлди. Болалар боришни унчалик ҳам исташмас, турли хил баҳоналар ўйлаб топишарди. Рейс куни Муяссар опа оиласини кузатди. Бурҳон ака шунча қистовга олса ҳам Муяссар опа улар билан бирга боришга унамади: “Сарфланган ҳаражатларни ўрнига қўйиб тураман, ишламасак бўлмайди, уй ижара пули ҳам бор”, деб эрига ётиғи билан тушунтирди. Бурҳон ака вазиятга тушуниб, икки фарзанди билан Ўзбекистонга учиб кетди.

Ватан… Қариндош-уруғ, опа-укалар. Меҳмондорчилик, совға-салом. Бурҳон ака жуда бахтли эди. Бу сафардан фақат икки фарзанди кўнгли ёришмас, қайтиб кетиш кунини санаб кун ўтказишарди. Одамови ва ҳеч кимга қўшилгиси келмаётган болаларни қариндошлар қучоғига олишар, дастурхоннинг тўрига таклиф қилишарди. Бурҳон ака болаларини зимдан кузатсада, худди эътибор бермаётгандек ўзини тутарди.

Тонгдан уйғониб олган болаларининг қувончи чексиз эди.
– Уйимизга кетамиз, жонга тегди бу ер. Яхшиям кетиш куни келди. Яшасин! деб Дилнавоз баланд овозда бақира бошлади.
Опасини кузатиб турган Санжар унга қўшилганча:
– Бошқа бу ерга келмайман, зерикиб кетдим. Биз танимаган, билмаган одамлар қучоқлашлари жонга тегди. Америкамни соғиндим.

Бу гапларни эшитиб турган Бурҳон ака болаларини қаттиқ бағрига босди-да, ҳужжатлар турадиган сумкадан болаларининг Грин Карт ҳужжатини олди. У болаларига қараб:
– Мени диққат билан тингланглар, мени дадам, дадамнинг бобоси, бобомнинг бобоси ҳам, танбеҳ бериб урушгани учун арз қиламан, судга бераман демаган. Мен эллик ёшдан ошиб сочимга оқ оралаган вақт, онанглар бировларни кирини ювиб, уй-юмушини бажариб, чўмилтириб пул топсада, сенлар бизнинг устимиздан шикоят қиладиган бўлдиларингми-а?!

Болалар ўз отасини бу қадар важоҳатда кўришмагани боис, Америкадаги бурро тиллари нимагадир бирор сўз айтишга қодир эмасди. Бурҳон ака болаларга тегишли бўлган Грин Картни майда-майда қилиб йиртиб ташлади. Болалар буни кўриб эсанкираб қолишди. Ҳамма нарсага тушинган Дилнавоз дод солиб йиғлай бошлади.

– Нима учун? Нимага? Ҳаққингиз йўқ эди.
– Сен менинг пушти камаримдан бўлганмисан, демак жудаям ҳаққим борда. Ҳаққиларингни энди она тупроғингда танишни бошлаларинг. Мен озгина фурсатдан кейин онангни ҳам уйга қайтараман. Мана сенга Америка-ю, ана сенга Грин Карт.

Хориж давлатларида болаларнинг тарбияси кескин ўзгариши, бунинг натижасида салбий оқибатлар рўй бериши хусусида кўп бор эшитганмиз. Тўкис ҳаёт, саёҳат, бойлик булар ниманидир бой беришимиз эвазига бунёд бўлади аслида. Лекин, болаларни ўз ота-онасига нисбатан беоқибат, сурбет бўлиши бу жуда оғир синов ва бой берилган катта бадал тўлови эмасми?!     

Ҳикоя муаллифи
Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова.