«ЎЗБЕК МИЛЛИЙ МАФКУРАСИ». Маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастури (лойиҳа таклифининг давоми)

Мақоланинг биринчи бўлими сайтимизда олдинроқ эълон қилинган эди. Энди иккинчи бўлим тақдим қилинмоқда.

II-БЎЛИМ

Умуммиллий тушунчалар ва тамойиллар

Ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқи ва равнақи йўлида хизмат қиладиган “Умуммилий Кенгаш»нинг аъзолари, ҳар бир Ватандошимиз оиласи бахтли ва фаровон келажак сари олға интилиб яшаши учун зарур бўлган қўйидаги умуммиллий тушунчалар ва тамойилларни эгаллашлари учун ҳаракат қилишади:

1. Яшаётган географик муҳитнинг таъсирида ва тарихий воқеалар жараёнида қолиплашган «Миллийлик» тушунчаси ҳар бир инсоннинг ирсий хотирасидаги маълумотлар ҳамда наслдан наслга берилувчи миллий урф-одатлар таъсирида ривожланади ва миллатнинг ўзига хос бўлган негизини белгиловчи «Миллий ўзлигини» ташкил қилади.

2. Миллий онги, миллий ўзлиги, миллий ғурури билан бирга оилавий қариндошлиги, маданий яқинлиги ва бир-бирига бўлган иқтисодий эҳтиёжларини бирлаштира олган ва шу тушунчалар асосида бирикиб «Эл-юрт» бўла олган одамлар ўзининг «Миллий ўзлигини», борлиғини, яшаш тарзини, миллий урф-одатларини ўз халқининг «Миллий қадрияти» деб ҳисоблайди.

3. Инсонларнинг оилавий қон-қариндошлиги, маданий жиҳатдан бир-бирига ўхшашлиги, қолаверса, бир-бирига бўлган иқтисодий эҳтиёжи сабабли юзага чиқадиган ижтимоий бирикма ўлароқ қабул қилинган «Эл-юрт» тушунчасини ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг тарбиясига боғлиқ ҳодиса.

4. Инсон, ўз эли ва юртига нисбатан қайсидир ташқи ёки ички унсурлар томонидан қўлланилган ижобий ёки салбий таъсирлар натижасида ҳосил бўладиган ўзидаги яхши ёки ёмон ҳис-туйғуларнинг ифодасини яшаб келаётган жамиятининг ўзига хос «миллий ори ва номуси» каби тарбиявий жиҳатлари билан назорат қилади.

5. Инсон, ўзининг келажак авлодини ўстириб-улғайтириш учун зарур бўлган макони бўлмиш «Эл-юртини» ҳимоя қилишни «Миллий мафкурасига» таянган ҳолда амалга ошириши мумкин ва бу жараён инсон тафаккурида ўзига хос «Миллий онг» яратилишига васила бўлади. Натижада, ҳар бир инсон ўз «Миллий қадрияти» ҳақидаги тушунчаларини наслдан наслга беришга ҳаракат қилишни «Умуммиллий мақсад» сифатида баҳолай бошлайди.

6. Инсон хулқининг тарбиявий жиҳатини, ижтимоий-сиёсий чегарасини ва миллий шаклини белгиловчи Ор, Уят, Эл, Юрт тушунчаларининг бирикмасидан ҳосил бўладиган «Миллий онг»нинг «Миллий ғурур»га айланиши ўз халқи, оиласи, туғулиб ўсган макони, дунё харитасида мустақил давлат сифатида белгиланган ва дунёдаги барча ўзбекларнинг маркази бўлган Ўзбекистон диёрига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан фахрланишдан келиб чиқадиган бир туйғу ҳисобланади.

7. Ҳар қандай жамият томонидан «Миллий ғурур» ижобий баҳоланувчи туйғу бўлиши билан бирга бу ҳис-туйғу Ўзбекистоннинг келажагига эътиборли бўлган дунёдаги барча Ватандошимиз кўнглида Ватанпарварлик ва Миллатпарварлик ҳақидаги тушунчаларни сайқаллайдиган фикр ҳаракати ҳамдир.

8. Минг йиллар давомида сайқалланган ўзбекона тушунчаларнинг йўқ бўлиб кетишига йўл қўймаслик учун дунёнинг қайси мамлакатида яшашидан қатъий назар ҳар бир Ватандошимиз миллий борлиғини аввало ўзида ва ўз оиласида намоён қила билиши зарур.

9. Соғлом оилавий муҳитда сингдирилган умуминсоний эзгулик ва одамгарчилик тушунчалари миллий онгни шакллантириш мақсадида олиб борилган ҳаракатларни муваффақиятли амалга ошишини таъминлайди. Зеро, ҳар бир инсонда, ўз халқи билан ҳамнафас бўлиш ва ўз Ватандошларининг дарди билан фиғонига ҳамдард бўлиш туйғулари асосида онгли равишда юксак инсоний фазилатлар тарбия қилинади.

10. Ўзбек халқининг миллий руҳида мужассам бўлган ва ўзигагина хос маданияти, маънавияти ва маърифатининг таянадиган асосий кучини ташкил қиладиган халқчиллик ва ҳамжихатлик каби фазилатлари, айнан ўз тақдири билан бирга ўзгалар тақдирини ҳам ўйлашга ва уларга нисбатан бефарқ бўлмасликга даъват қилувчи миллий урф-одатлар сарчашмасидан озуқаланади.

Нафақат Ўзбекистон ичкарисида, балки бутун дунёда, турли хил давлатларда истиқомат қилувчи зиёлиларимизнинг тафаккуридан жой олиши керак бўлган тамойиллар Ватандошларимизни ҳамжихатликка бирлаштирувчи асосий ғоявий йўл сифатида халқимизнинг бир неча асрлик орзу-ҳаваслари бўлмиш ушбу умуммиллий тушунчалардан иборат бўлмоғи шарт.

Ватандош масаласи

Дунёнинг турли давлатларида истиқомат қилувчи ҳар бир ўзбекнинг онгида миллий масала тусини олиши шарт бўлган асосий мавзулар қуйидагича:

1. Дунё тамаддунида ўзбек халқининг ўзига хос миллий маданиятининг ўрни не чоғлик буюклигини тушуниб етиш учун энг аввало ён атрофдаги халқларнинг тарихига, маданиятига, сиёсатига ва иқтисодиётига назар солиб, ўзбек миллати халқ сифатида қандай вазиятда эканини аниқ ва шак-шубҳасиз белгилаб билиши шарт.

2. Ўзбекистон ташқарисидаги давлатда яшаётган қайсидир Ватандошимизнинг бошидан ўтаётган чорасизлик, азоб-уқубат, йўқчилик ва бошқа масалалар билан боғлиқ вазиятларга ҳар бир Ватандошимиз ҳамдард бўлиб, шахсан ўзини унинг аҳволига даҳлдорман, деб билиши шарт.

3. Ватандошларимизнинг шахсий эркинлиги улар яшаётган давлатнинг қонунида тан олиниши билан бирга ҳар томонлама тўғри ишлаб чиқилган давлат дастурлари асосида ҳимоя қилинаётганидан ва бу қонунларнинг ижро этилишидан хабардор бўлиши шарт.

4. Ватандошларимиз яшаб турган давлатнинг қонунларига кўра кафолатланган ижтимоий тартиб ҳамда қонун устуворлигини баҳолайдиган ижтимоий интизом қанчалик даражада қонунга мос равишда ишлаётганини назорат қилишда мамлакатнинг иқтидордаги ҳукумати амалга ошираётган ички ва ташқи сиёсати шу давлатда яшовчи Ватандошларимизга нисбатан қандай ишламоқда бўлганлигидан хабардор бўлиши шарт.

5. Ватандошларимиз яшаб турган давлатининг ижро ҳокимияти шу давлатда яшаётган Ватандошларимизни қонуний йўл билан ҳимоя қилаётганлигини ва бу жараённи давлат қонунига кўра тўғри амалга ошираётганлигини назорат қилиш каби масалаларда давлатнинг ижро тизимининг ҳаракатларини белгиловчи давлат қонунининг шакли умуминсоний ҳуқуқ меъёрларига кўра ишлаб чиқилганлигидан хабардор бўлиши шарт.

6. Ватандошларимизнинг миллий ҳақ-ҳуқуқлари, улар яшаётган давлатнинг қонунларида кўрсатилган тартибга кўра ва умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлар меъёрларига мос равишда таъминланаётгани ва ижро этилаётгани назорат қилиниши шарт.

7. Ватандошларимиз, ўзлари истиқомат қилаётган давлат ичида инсониятга қарши қилинаётган барча ноқонуний ҳаракатларни бартараф қилиш учун зиёли кишилар томонидан ташкил қилинган жамиятлар ва ижтимоий ташкилотлар ёрдамида сиёсий-ижтимоий, маданий-маърифий йўллар билан кураш олиб боришлари ҳам мумкин. Уларнинг бу фаолиятлари ўзлари яшаб турган давлат қонунларига кўра зиддиятли бўлмаслиги зарур.

8. Ватандошларимиз ўзининг миллий онгини бегона ва ёт ғояларнинг ҳуружидан асраш учун энг аввало умуминсоний қонун-қоидаларга кўра асосланган маърифий-маданий усуллар билан ҳаракат қилишлари лозим ва бу шонли вазифани ўз миллий тушунчаси ҳамда ўз миллатининг ҳаётий вазифаси сифатида қабул қилишлари учун ҳаракат қилинади.

9. Ўзбекистон Республикаси, сиёсий ва маданий томондан кучли бўлишини ва халқаро ҳамжамият олдида ривожланган давлат сифатида тан олинишини истайдиган ҳар бир Ватандошимиз бошқа давлатнинг эмас, энг аввало айнан ўзининг «Ўзбек Миллий Мафкураси» маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастурига кўра ҳаракатланиши мақсадга мувофиқ бўлади.

(ДАВОМИ БОР)

Шухрат Саломов БАРЛОС,
Тарихчи публицист.