Google ходимлари фойдаланувчиларнинг Google Assistantга айтган гапларини эшитади экан

Оммага сиздирилган аудиоёзувлар Бельгия давлатининг VRT оммавий ахборот воситаси томонидан аниқланган бўлиб, улар 1000дан зиёд аудио ёзувларни таҳлил қилиб чиққан ва 153 та аудиоёзув тасодифан Google Assistant томонидан ёзиб олинганлигини аниқланган.

Компания ўз маҳсулотларида ёзиб олинган бир қанча аудиоёзувлар оммага сиздирилганидан кейин, сунъий интеллект тизими ҳисобланган «Google Assistant» томонидан баъзи гаплар ёзиб олиниши, эшитилиши мумкинлигини тан олди.

Пайшанба куни Голланд тилидаги баъзи аудиоёзувлар тарқалиб кетганидан сўнг, шундай ҳолат бўлиши мумкинлигини тасдиқлаган. Ҳозирда Google ушбу бузилишни текширмоқда.

Google Assistant одатда фойдаланувчи томонидан «ОК, Google» уйғотиш сўзи айтилганидан бошлаб автоматик равишда овоз ёзишни бошлайди.

Google, тилларнинг хусусияти ва урғуларини яхшироқ тушуниш мақсадида овозлар ёзиб олиниб эшитилишини ва бу дастурий таъминотдан фойдаланиш қоидалари доирасида амалга оширилишини қайд қилиб ўтган. Дастурнинг бу хусусиятни ўчириб қўйиш мумкин, аммо, бу Assistantнинг имкониятлари чекланиб қолишини англатади.

VRT хабар берган бу аудиоёзувларда фойдаланувчи инсонларнинг идентификация қилинадиган маълумотлари бўлган. Жумладан, бир киши уй манзилини айтган, яна бир киши невараларининг исмини, бошқа фойдаланувчилар ўзларининг севги ҳаётларини муҳокама қилган ва битта фойдаланувчи бола қанчалик тез ўсиб бораётгани ҳақида гапирган.

VRT томонидан эълон қилинган бу аудио ёзувлар, 2018 йил май ойида кучга кирган Европа Иттифоқининг «Умумий маълумотларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Низомига мос келмаслиги мумкин. Бу низомда Эвропа Иттифоқида жойлашган ёки бизнес юритадиган компанияларга истеъмолчиларнинг маълумотларини сақлаш ҳуқуқини чекловчи тартиблар белгиланган.

Google ушбу хабарлар бўйича ҳали изоҳ бермади.