Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси паспорт юзасидан тушунтириш берди

Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси Facebook ижтимоий тармоғида тарқалган эътирозлар бўйича ўзининг расмий саҳифасида Ўзбекистон фуқароларига қуйидагича тушунтириш берди.

“Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасида бўлиб турган фуқаролари диққатига.

Ҳурматли ватандошлар!

Охирги вақтларда, жумладан куни кеча, 18.06.2019й., ижтимоий тармоқда Ўзбекистон фуқароси томонидан эски биометрик паспортлар билан боғлиқ хабар тарқатилди. Унда билдирилишича, “Туркиянинг Миграция идораси (Göç İdaresi) эски биометрик (яшил рангли) паспортларга эга фуқароларимиз учун мазкур мамлакатда вақтинча туриш ҳужжатини 2019 йилнинг 1 ноябрь кунигача бўлган муддатга расмийлаштирмоқда ҳамда ундан кейинги муддатлар учун фуқародан янги биометрик (қизил рангли) паспортлар талаб этилмоқдадир”.

Шу муносабат билан, Элчихона маълум қиладики, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти (яшил рангдаги) Туркияда бўлиш ва ҳаракатланиш учун мазкур паспортнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар ҳақиқий ҳисобланади. Бу ҳақида, Туркиянинг тегишли мутасадди ташкилотлари Ўзбекистоннинг Анқарадаги Элчихонаси томонидан ушбу мамлакатнинг Ташқи ишлар вазирлиги воситасида расман хабардор қилинган.

Мазкур масалада, муаммо чиққан ҳолатларда, фуқароларимизнинг Элчихона консуллик бўлимига мурожаатлари асосида консуллик бўлими Туркиянинг тегишли идоралари билан қўшимча тарзда алоқага кириши натижасида кўп ҳолларда масала ижобий ҳал этилган. Шунинг билан биргаликда, “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти (яшил рангдаги) Туркияда бўлиш ва ҳаракатланиш учун мазкур паспортнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар ҳақиқий ҳисобланиши” тўғрисида Туркия Ташқи ишлар вазирлигига такроран расмий нота юборилган.

Зикр этилган хабарларда келтирилган “Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги Элчихонаси томонидан нотўғри нота юборилган”, “эски биометрик паспортлар муддати тугагунча амалда бўлиши Турк томонига билдирилмаган”, “янги нота юбориш учун Рамазон таътилларининг ўтиши кутилган” каби иддаолар ҳақиқатга зиддир.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги Элчихонаси ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Туркиянинг тегишли идоралари билан музокаралар олиб бормоқда.

Бу жараён давомида фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги Элчихонаси томонидан Туркиянинг тегишли идораларига тақдим этиш мумкин бўлган расмий маълумотнома тайёрланиб, қуйида илова қилинмоқда. Уни фуқароларимиз тегишли идораларда эркин қўллашлари мумкин. Бу маълумотнома фуқароларимиз учун қулайлик яратиш мақсадида тайёрланган.

Шунинг билан биргаликда, зарурат туғилган ҳолатларда фуқароларимиз Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги Элчихонаси консуллик бўлимига ёки/ҳамда Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонасига бевосита мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Анқара шаҳридаги Элчихонаси консуллик бўлимига телефон орқали маслаҳатлар олиш учун (0312) 441-17-46 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.
E-mail: uzconsul.ankara@gmail.com Факс: +90 312 442 70 58

Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига телефон орқали маслаҳатлар олиш учун (+90 212) 323-20-37 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.
Email: uzbekconsul@yahoo.com Факс: +90 212 312 20 40

Фуқароларимизга қулайлик таъминлаш мақсадиди Элчихона ва Бош консулликда навбатчилик йўлга қўйилган бўлиб, мурожаатлар доимий равишда, шу жумладан дам олиш кунлари ҳам қабул қилинмоқда. Шошилинч фавқулодда вазиятларда ва дам олиш кунлари Элчихонанинг навбатчи (0312) 441-38-71 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.

Қадрли ватандошлар!

Элчихона ва Бош консуллик Туркиядаги фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ўз фаолиятини самарадорлигини ошириш учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Биз Сизлардан бу борада амалий ҳамкорликни кутиб қоламиз. Тегишли таклиф ва мулоҳазаларингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз.

Хорижий юртда ўзаро ҳамжиҳатлик, бир-биримизга ёрдам, муштарак ҳурмат ва ишонч асосида мулоқот қилиш, текширилмаган маълумотлар, нотўғри хабарларнинг ноўрин тарқатилишини биргаликда олдини олиш масалаларимизни тезкор ва самарали ҳал этишда қўшимча имкониятлар яратишига ишонамиз.

Ҳурмат билан,
Ўзбекистон Республикасининг
Туркия Республикасидаги Элчихонаси Консуллик бўлими
19.06.2019й., Анқара.”