Туркияда Ўзбекистон кунлари

Жорий йил 14-30 июн кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида “ЎЗБEКИСТОН: ЗАМОНЛАРДАН ОШГАН МАДАНИЯТ” мавзусида ижтимоий-маданий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Бу ҳақда Жаҳон ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Туркия Президенти маъмурияти шафелиги ҳамда ушбу мамлакат ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), Истанбулдаги Инсон ва маданият ҳаракати жамияти билан ҳамкорликда уюштирилган мазкур тадбир доирасида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, сайёҳлик салоҳияти, турли соҳаларда эришилаётган ютуқлар, бугунги кунда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг тақдимот маросими ташкил этилди.

Унда Туркия вице-президенти Фуат Октай икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларни юқори баҳолаб, “Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилаётган мунтазам учрашув ва мулоқотлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Томонларнинг муштарак интилиши ва саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик босқичига кўтарилди”, деди.

Туркия Камончи-ўқчилар жамғармаси таъсисчилар кенгаши вакили, Ёшлар жамғармаси олий маслаҳат кенгаши аъзоси, Дунё этноспорт конфедерацияси раиси Нажмиддин Билол Эрдўған Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа қадим маданият ўчоқлари жойлашган Ўзбекистон инсоният цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшганини таъкидлади. У, шунингдек, мамлакатимизда бой маънавий ва маданий меросни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари, ТИКА раиси Сердар Чам Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланиш ва жадал тараққиёт жараёни ҳақида сўз юритиб, Туркия-Ўзбекистон муносабатлари юксак даражага кўтарилганидан икки мамлакат халқлари ғоят мамнун эканини қайд этди.

Истанбулда, шунингдек, Ўзбекистон-Туркия муносабатларига бағишланган илмий симпозиум ташкил этилди. Унда турли университет ва эксперт марказлари вакиллари икки мамлакат ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Хусусан, Анқара стратегик тадқиқотлар маркази директори профессор Меҳмет Сейфиддин Эрол Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон кўплаб соҳаларда, жумладан, ташқи сиёсат, сўз, дин ва виждон эркинлигини таъминлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларни тўлиқ амалга ошириш борасида янгидан-янги марраларни забт этаётганини таъкидлади.

Ўзбек рассомларининг ижод намуналаридан ташкил этилган кўргазма истанбулликлар ва шаҳар меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.

“Дунё” АА,
Анқара-Истанбул.