Нью-Йорк пластик халталарни тақиқлаган иккинчи штатга айланади

The Associated Press атроф-муҳит ҳимоячиларининг таҳлилига асосан берган хабарига кўра Нью Йоркда ҳар йили 23 миллиард дона пластик халталар ишлатилади экан.

Чиқиндининг бу ёқимсиз тури билан атроф-муҳитни ифлосланишининг олдини олиш мақсадида Нью-Йорк қонун чиқарувчилари бутун штат бўйлаб чакана савдода бир марталик пластик халталарнинг ишлатилишини тақиқлаш ҳақида қонунни тайёрлади.

Бу ташаббус Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо томонидан илгари сурилган ва бу билан штат 2016 йилда пластик халталарни чакана савдода тақиқлаган Калифорниядан кейинги иккинчи штатга айланади.

Гавайяда ҳам пластик халта тақиқланган, Нью-Йорк келгуси йилнинг март ойидан тақиқни кучга киритишни режалаштирмоқда. Бу тартиб чакана савдо дўконларига тегишли бўлади. Пластик халталар майда микро организмларга ажралмаслиги, чиримаслиги билан ёввойи табиат ва атроф-муҳитга катта зарар етказади.

Бу таъқиқнинг харажатлари штат бюджети томонидан қопланиши кутилмоқда. Таъқиқ доирасига овқатни ўзи билан олиб кетишга ишлатиладиган, гўшт маҳсулотларини ўраш учун, ун ва майда заррачали маҳсулотларни қадоқлаш учун ишлатиладиган пластик халталар ва кийим, газета солинадиган пластик халталар ҳамда улгуржу сотиладиган пластик халта тўпламлари учун таъсир қилмайди.

Қонун лойиҳасида маҳаллий ҳокимликлар томонидан 5 центлик қўшимча тўлов ажратиш назарда тутилиб, бу тушумлар Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фондига ва шунингдек, истеъмолчилар учун кўп марта фойдаланиладиган экологик халталар сотиб олишга йўналтирилади.

Губернатор Эндрю Куомо масаланинг долзарблиги ҳақида гапириб: “Пластик халталар экологияни ифлослантирибмоқда, сув қувурларига тиқилиб қолиб муаммолар келтириб чиқармоқда. Бу тартибни йўлга қўйиш келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаб қолиш ва тоза экология қолдиришга сабаб бўлади”, дея таъкидлади.

Бундан ташқари, кўплаб штатлар ҳам турли пластик идишлар, халталарни таъқиқлаш бўйича чораларни ишлаб чиқмоқда. Гавайя қонун чиқарувчилари ресторан тузилмаларида пластикларни таъқиқлаш бўйича қатъий қонун лойиҳаларини тасдиқлашни режалаштирмоқда. Шунингдек, Мэриленд мамлакатда полистиролдан тайёрланган овқат идишларини мутлоқ таъқиқлаган биринчи ҳудудга айланиши мумкин.