Зебинисо Камалова: Кимнинг ҳиммати миллат бўлса, у бир бошига бир миллатдир!

(Ёш ўзбек тарихчи олимаси Зебинисо Камалова билан суҳбат)

Зебинисо Камалова – тарихчи, шарқшунос, диншунос. Тошкент Ислом университетини 2001-2005 йиллар бакалавр, 2005-2007 йилларда магистр даражаси билан тугатган. «Зиё» диний-маърифий студиясида, Ҳидоят журналида ишлаган. 2012 йилдан бошлаб Истанбул университетида докторантурада ўқиб, диссертациясини ҳимоя қилган. “Туркий маданий меросимизда қилич ва қалам тутган аёллар” китобининг муаллифи. Икки фарзанднинг онаси.  

Vatandosh: Аввало, Зебинисо Камалова ҳақида гапириб берсангиз, унинг олима бўлиб етишиш йўли қандай кечган?

Зебинисо Камалова: Менга “олима” деб мурожаат қилдингиз, авваломбор бу шарафга лойиқ кўрганингиз учун катта раҳмат, аммо ҳали бу сўзнинг ҳаққини бера олганим йўқ. Ўрганиш, илм олиш йўлига анча олдин қадам қўйдим. Раҳматли отамнинг хизмати буюк. Отам бизга қизбола бўлишимизга қарамасдан ҳаётда катта одам бўлиш орзусини, олдинга қараб буюк қадам босиш жасоратини ўргатди. Оилада олти қиз, бир ўғилмиз. Отам “қизларимнинг бири олима, бири шоира, бири у давлатнинг элчиси, бири бу давлатнинг элчиси, бири шифокор, бири исломшунос бўлади”, дер эдилар. Шунга кўра келажак хаёлларини қура бошладик. Аллоҳга шукур, ҳаммамиз касб эгасимиз. 

Тақдир тақозоси билан илм олиш йўлида кўп манзил ўзгартирдим. Олти ёшимда Шаҳрисабз туманидаги «Крупская» номли (кейинчалик «Амир Темур» деб аталди, негадир бу ном яна олиб ташланди ва бугун 31-ўрта умумтаълим мактаби дейилади) ўрта мактабда биринчи синфдан ўқишни бошладим. Тўртинчи синфнинг ярмидан Тошкент шаҳридаги 196-мактабда ўқишни давом эттирдим. Еттинчи ва саккизинчи синфларни эса Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 4-махсус жаҳон тиллари интернат мактабида инглиз тилига ихтисослашган синфда ўқидим. Ўқув йилининг охирларида рўмол ўраганим боис мактабдан кетишга мажбур қилиндим. Яна қишлоғимдаги 31-мактабга қайтдим. Бу ерда ҳам рўмолим билан кўп таъқиқ кўрдим, бунга қарамасдан аъло баҳоларда ўқишда давом эттим. 9 синфлар бўйича туман олимпиадасига тарих, она тили ва адабиёт фанидан қатнашиб фахрли ўринларни эгалладим. Лекин, барибир мактабни тарк этишга қарор қилдим. 9 синфни битириб бир йил танаффус бердим. Қишлоғимиздаги отам барпо қилган боғда отамнинг ёнида меҳнат қилиш билан бирга ўзим мустақил ўқидим. 1999 йил апрель ойида Тошкент Ислом Университети ташкил қилинди ва бу хабар мен учун айни муддао бўлди. Тошкент Ислом Университети менга ўқиш имкониятини тақдим қиладиган, орзуларимни рўёбга чиқарадиган жозиба марказига айланиб бўлган эди. Ўқишни давом эттиришга қарор қилдим ва рўмолимни орқадан ўраб кейинги йилда ўзимнинг синфдошларимдан бир синф пастда қишлоқ мактабида ўрта таълимни давом эттирдим. Қаттиқ истак, ишонч ва мужодала ортидан Аллоҳга шукур Ислом Университетига грант асосида ўқишга кирдим. Фақат бу қувончимни тўйиб яшолмадим, чунки моддий ва маънавий дунёимнинг устуни, ҳаёт йўлимнинг раҳнамоси бўлган отам имтиҳон арафасида йиқилиб инсулть бўлиб қолдилар.

Тошкент Ислом Университетида ҳам бакалавр, ҳам магистратура босқичларини тамомладим. Бу икки босқичда малакавий битирув ишларимни Алишер Навоий асарлари асосида устоз Нажмиддин Комилов раҳбарлигида ва маслаҳатларига таяниб ёздим. Илмий изланишни мақсад қилгач, айни шу университетга аспирантура учун ҳужжат топшириб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтдим. Фақат бу сафар ҳам яна шу рўмол масаласи билан ўқишдан четлатилдим.

2012 йили Туркия грантлари дастури ҳақида эшитиб қолдим. Айни мана шу дамларда Туркистон ва Ўрта Осиё тарихи бўйича тадқиқот олиб борган тарихчи ва шарқшунос олим Боймирза Ҳайит (1917-2006) ҳақида ўрганиб, унинг мақолаларини ўқиб юргандим. Ўзбекистонлик Боймирза Ҳайит II-жаҳон урушида олмонларга асир тушиб Туркистон Легионига қўшилади. Маълумки, Туркистон Легионерлари Олмонияда Туркистонлик асирлар тарафидан ташкил қилиниб ватанларининг истиқлоли ва истиқболи учун Советларга қарши курашишган. Бу мавзуга қизиқиб қолдим. Ватан учун курашган туркистонлилар ҳали ҳам юртимизда оқланмаган, улар ҳақида кўп маълумотлар ёритилмаган эди. Туркия Грантларига мурожаат қилиб Истанбул университети умумий турк тарихи йўналиши бўйича докторантурага топширдим ва омадим келиб қолса ушбу мавзуда тадқиқот олиб боришни дилимга тугдим. Аллоҳ насиб қилган экан у ерда таҳсил олдим, фақат Истанбул университетидаги устозларимнинг таклифи билан Қўқон хонлигининг сўнгги ҳукмдори Худоёрхон ҳақида илмий тадқиқот мавзусини танладим. Ҳали ҳеч бир жойда биографик тадқиқот қилинмаганини асос қилиб ва тарихимизнинг таназзулга юз тутган даврларини ўрганиш мақсадида илмий изланишларимни олиб бордим. Шу йилнинг февраль ойида диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилдим.

Фото: Зебинисо Камалова Истанбул университетида PhD илмий ишининг ҳимоясидан сўнг устозлари билан.

Vatandosh: Хорижда таҳсил олишингиз қандай имкониятлар, имтиёзлар яратади, нималарни қозондингиз?

Зебинисо Камалова: Саволингизни кейинги қисмига жавоб беришдан бошлайман. Ватан остонасидан ҳатлаб чиқиш хоҳ саёҳат учун, хоҳ тижорат учун ёинки таълим мақсадида бўлсин инсонга маданий ва руҳий томондан кўп нарса қозонтиради. Мусофирлик ҳам бир илм. Саёҳат ҳам бир тажрибадир. Авваломбор, дунёқараш ўсади, шахсиятингизни ривожлантирасиз, кузатиш, таҳлил қилиш қобилияти ошади, солиштириш, таққослаш имкони пайдо бўлади. Мусофирлик Ватанни севишни ўргатади, соғинч инсон руҳини йўғиради, имон ва эътиқодни, шижоатни тарбиялайди. Тил ўрганиш билан бирга маданиятларнинг тўқнашуви жараёнида инсон ўзлигига кўпроқ боғланар экан.

Тарих соҳасида таҳсил олганим учун ҳар бир масалага ёндашишда ўтмиш ва келажак ўртасидаги бугунни талқин қилишга аҳамият берадиган бўлдим. Тарих илми ўтмиш ҳақидаги илм бўлса ҳам бугуннинг фойдасига хизмат қилади. Замон ва макон тафовути ҳодисаларнинг ўхшаш жиҳатларига таъсир қилмайди. Натижада бугун бўлаётган ўзгаришлар кечанинг давоми эканлигини назарда тутиб, ўтмишнинг талқини асосида хулоса қила бошладим.

Истанбулда туриб тадқиқот олиб боришим менга кўпгина имкониятлар ҳосил қилди эмас, балки интилган одамга дунёда жуда кўп имконлар борлигини ўргатди. Имтиёзлар ҳам ҳаракатга яраша ортиб бораверади. Шуни айтиш жоизки, имкониятлар бу дунёда берилмайди, уларга борилади, олинади. Шундай экан кишининг шахсияти, билим ва тажрибаси кўпроқ рол ўйнайди бу борада. Истанбул Университетининг дунёнинг илк беш юз университетлари орасидан жой олиши бу даргоҳдан қўлга киритган дипломим билан кўпроқ имкониятлар эшигини таққиллатиш имтиёзини беради, деб ҳам ўйлайман.

Бунинг билан бир қаторда Истанбулда ўз соҳангиз бўйича талабалар ўртасида ташкил қилинган клубларда иштирок этиб, билим, тажриба, маҳоратингизни оширишингиз мумкин бўлади. Семинар уюштириш, конференцияларда қатнашиш мумкин. Соҳангиздан ташқари қизиққан дарсларингизга қатнай оласиз. Шаҳар ҳокимлигининг, вақф ташкилотларининг тил бўйича, турли фанлар ва касб-ҳунарларни ўргатувчи бепул курсларидан фойдаланса бўлади. Мен ҳам бу санаб ўтган имконлардан ўзимни ривожлантириш мақсадида қўлдан келганча фойдаландим.

Vatandosh: Хорижда илмий иш қилишни хоҳлаганларга улар Ўзбекистондалик вақтида нима ишларни (ҳужжат, ташкилий-ҳуқуқий) қилиб олишини маслаҳат берарсиз? Келгусида хорижда қийналмаслиги учун.

Зебинисо Камалова: Бу саволингизга икки хил ёндашув билан жавоб бераман: биринчиси, маънавий заруратларни тилга олмоқчиман. Чунки, моддиятдан олдин руҳиятнинг ҳолати муҳимдир. Хорижда таълим олиш учун энг бирламчи зарурий эҳтиёж, қатъиятдир. Киши мақсадини аниқ белгилаб олиши керак бўлади. Чунки, танлов муҳим жараён. Кишининг ўз қизиқиши ва севган соҳасига қараб одимлаши муваффақиятнинг катта қисмини йўлнинг бошида тақдим этади. Кейингиси ахлоқ ва ирода. Бу хусусларга батафсил тўхталмайман, аммо ахлоқсиз илм ва малака олиш имконсиздир.
Иккинчиси, масаланинг моддий тарафидир. Хорижда таълим олиш ҳаракат ва харажат талаб қилади. Дастлаб номзоднинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, маълумотини белгилаб берувчи диплом ва иловаси, расмий доиралар учун тушилган расм керак бўлади. Номзоднинг шахсига берилган тавсиянома ҳам муваффақиятни оширувчи омил ҳисобланади. Ўз она тилини мукаммал билиш билан бирга хорижий тилларни ҳам яхши билиши керак бўлади. Тилларни деган сўз ишлатдим, чунки, бугун битта чет тилини билишнинг ўзи камлик қиляпти. Икки, уч ва ундан зиёд тил билиш тобора рақобат ошиб бораётган дунёда муваффақият гаровидир. Тил билишни тасдиқловчи халқаро тил имтиҳони (IELTS, TOEFL) натижалари керак бўлади. Инглиз тилида таълим берувчи хориждаги магистратура ва докторантура дастурларида таҳсил олиш учун керак бўладиган GMAT (Graduate Management Admission Test) GRE (Graduate Record Examination) каби илмий савияни ўлчовчи имтиҳон натижаси талаблари ҳам мавжуд.

Vatandosh: Ўзингиз ўқиган, ишлаётган давлат Туркияда PhDда ўқиш, илмий иш қилиш тартиби, жараёни ҳақида гапириб берсангиз?

Зебинисо Камалова: Бу ердаги таҳсил жараёни мамлакатимиздаги таълим тизимидан фарқ қилади. Туркияда давлат, шахсий ва вақф университетлари мавжуддир ҳамда бу турдаги олийгоҳларнинг барчаси МEБ (Миллий Таълим Вазирлиги)га тобе шаклда фаолият кўрсатади. Олий таълим даргоҳларига мурожаат қилиш саналган тартибда амалга оширилади. Туркия ватандошлари ва чет эллик талаба номзодлари учун қабул шартлари ва жараёни фарқ қилади. Чет эллик талаба номзодларининг қабул қилиш тартиби, талаби ҳамда вақти университетларга қараб фарқланади. Университетларда таълим грант дастури орқали ёки ўз ҳисоби билан амалга оширилиши мумкин. PhD учун хорижлик талабадан турк тилини билишини тасдиқловчи сертификат талаб қилинади. Ўқув тили инглизча бўлган бўлимлар учун инглиз тилини билишини тасдиқловчи ҳужжат, яъни тил имтиҳони натижаси лозим бўлади. Талабанинг олдинги ўқиган соҳаси фарқли йўналишда бўлса бир ёки икки семестр бўйича тайёрлов дарслари олиш ҳуқуқига эгадир. Ўқиш машғулотлари икки семестр (бир йил), диссертация ёзишдан олдин топширилиши мажбурий бўлган имтиҳонга тайёрланиш учун бир семестр (ярим йил), мавзуни танлаш ва тасдиқлаш жараёни ҳам бир семестрни ташкил қилади. Икки йил давомида эса диссертация ёзилади. Мавзунинг кўлами ва манбаларни таъминлаш босқичида юзага келган муаммо ва қийинчиликлар сабаб қўшимча вақт талаб қилиш мумкин бўлади.

Vatandosh: Сизнинг соҳангизда илмий ва таълим ишлари бўйича хорижда қандай янгиликларни, услубларни кўрдингиз? 

Зебинисо Камалова: Менинг йўналишим ижтимоий соҳага киради. Ўзбекистонда PhD қилаётган тадқиқотчи ўқиш ва ёзиш жараёнини баробар олиб боради. Бу ерда эса илмий изланиш учун тамоман вақт сизга тобе бўлади. Дарс олиш жараёнида бизга қўйилган талаб кундалик 50 саҳифа китоб мутолаа қилиш, устозлар тарафидан берилган мавзулар бўйича манба таҳлили, мақола, китоб тақдимоти талаб қилинди. Европа Бирлиги проекти асосида амалга ошириладиган “Эрасмус” дастури бўйича қисқа муддатли талаба алмашинув имконияти, “Мавлоно” дастури орқали Туркиянинг маҳаллий олийгоҳлари ҳамда чет эл университетлари ўртасида амалга ошириладиган талаба алмашинуви жараёнидан фойдаланиш мумкин. Фарзандларим ёш бўлгани учун мен бу дастурларга мурожаат қилолмадим.

Шуни таъкидлаб ўтишим лозим: Туркияда талаба ва устоз орасидаги муносабатлардаги самимият мени жуда ҳайратлантиради. Профессор даражасидаги устозлар билан дарс давомида чой ичиб тортишувлар қилдик, баъзан ташқарида кўклам устида тарих мавзусида мулоҳаза юритдик, устозлар уйида меҳмон бўлдик. Ажойиб хотиралар қолди. Бундан ташқари тарих соҳасида фаолият юритаётган PhD талабалари учун тарихий маконларга саёҳатлар ташкил қилинади. Қизиқсангиз мурожаат қилиб қатнашасиз. Вақфлар, махсус соҳани ривожлантиришга қаратилган марказлар тарафидан бутун харажатлар қопланади. Энг айниқса “Буюк Ипак Йўли бўйлаб” деб номланган саёҳат дастури менга жуда кўп таассурот ва тажриба қозонтирган эди. Туркиянинг жанубий вилоятлари бўйлаб (Онадўлининг ички ҳудудларига) тарихчи, санъат тарихчилари, туркча тил билимдонлари иштирокида бир неча кунлик илмий-амалий сафар қилганмиз. Ўшанда мен Амир Темурнинг юрган йўллари ва идораси остидаги ҳудудлар бўйлаб ўтмишга саёҳат қилган каби тасаввур қилиб, кўз ўнгимда жонлантирганман.

Фото: Зебинисо Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан Истанбулда конференциядаги учрашувда.

Vatandosh: Яқинда мана илк китобингизни чоп этдингиз. Шу асарингиз ва яқинда ўтган китоб анжумани ҳақида гапириб берсангиз.

Зебинисо Камалова: Турк тилида чоп қилинган ушбу китобни Туркий маданий меросимизда қилич ва қалам тутган аёллар деб номладим. Мақсадим туркий халқлар тарихини муштарак изоҳлаш, бизни биз қилган қадриятларимизни ўзаро баҳам кўриш, халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатликни ўз соҳам доирасида мустаҳкамлашдан иборатдир. Фаолиятимнинг дебочаси сифатида тарихий меросимизда чуқур из қолдирган машҳур шарқ аёллари бир китобда тилга олинди. Шунингдек, ўзбекнинг тарихидан муҳим жой олган қилич ва қалам соҳибаларини Туркияда танитиш фурсати бўлди. Дунё тарихида илк ҳукмдор аёл сифатида талқин қилинган Тўмарис билан бошлаб, Хоразмшоҳлар, Салжуқийлар давридаги Туркон хотунлар, Темурийлар, Усмонийлар, Бобурийлар сулоласи ҳукмдорлиги даврида фаолият юритган аёллар ҳамда Қўқон хонлиги адабий муҳитида қалам тебратган, қилич тутган аёллар шахсиятлари ҳақида маълумотларни тарихий фактлар асосида тақдим қилишга уриндим. Албатта, ҳали илова қилиш мумкин бўлган айни моҳиятга дахлдор тарихий шахслар жуда кўп. Ҳатто қаламга олинган қаҳрамон вакилалар ҳақида алоҳида китоблар ҳозирланиши мумкин. Чунки, ҳақиқатда ёзишга арзийдиган, танқид қилишга ҳам яроқли тарихий маълумотлар етарлидир. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаб ўтишни лозим топдим: ўтмишимизда аёллар наслларни давом эттиришдек шарафли вазифани амалга ошириш билан бир қаторда оилада, жамиятда муҳим мавқега эга бўлишган. Эркаклар билан баробар жамиятнинг бутунлигини муҳофаза қилган, от минган, қилич ўйнатган, экин-текин, ишлаб чиқаришга ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Керак бўлганида сиёсий ва идоравий масалаларда, давлат бошқарувида маълум вазифани бажаришган. Бу масалаларни эркакнинг мавқеига дахл қилиш деб тушунмаслик лозим, бирлик ва баробарлик нуқтаи назаридан изоҳлаш мақсадга мувофиқдир.

Исломдан аввалги ҳамда Исломдан кейинги даврларда ҳукмдорлар замон ва маконга боғлиқ ҳолда, урф-одатлар ва эътиқодлари доирасида унвон қўлланишган. “Ҳоқон”, “Хон”, “Султон”, “Подшоҳ” каби ҳукмдор аёллари ҳам шундай унвонларга эга бўлишган. “Эл билга”, “Хотун”, “Туркон”, “Султон”, “Бегим”, “Бону”, “Ойим” каби унвонлар билан аталган. Қаламга олинган бу тарихий маълумотлар орқали ўтмишимиздаги аёллар сиймосини ифодалаш билан бирга ана шундай мард оналар, жасур ва донишманд аёлларнинг миллатимизнинг бақосида ҳам иштирокини кўрсатишни мақсад қилдик. Атоқли социолог ва тарихчи, мутафаккир Ибн Ҳалдун “Сув сувга қандай ўхшаса, бир миллатнинг келажаги ўтмишига ўшандай ўхшайди”, дейди. Мен ҳам бу таъбирга ишонаман. Яқин тарихимиздаги ҳодисалар ва ҳолатнинг асоратини ўнглаш мумкинлигини, бунинг учун аёлларни тарбия қилиш, ўтмишдан ибрат олиб иймон-эътиқод, садоқат ва матонат каби қадриятларга таяниш заруратини идрок этишимиз лозим. Дунёнинг яримини аёллар ташкил қилса, қолган ярми шу аёлларнинг тарбия қилиб етиштирганларидир. 

Туркиянинг турли вилоятларида ташкил қилинаётган китоб фуарларида ушбу китобим билан иштирок этаяпман. Бу билан бир қаторда маърузалар билан ҳам чиқиш қилиб, йўқорида айтиб ўтган тарихий шахсларнинг фаолияти орқали ўтмишда, бугун ва келажакда аёлларнинг ўрни ва аҳамиятини тилга олмоқдаман. Китоб тақдимоти жараёнида кўпчилик китобхонлардан асарнинг бадиий талқиндаги нусхасини талаб қилишганига ҳам гувоҳ бўлдим. Келажак режаларим орасига бу масалани киритиб қўйдим. 

Vatandosh: Ҳозирда қандай илмий-амалий ишлар билан бандсиз, келгуси режаларингиз?

Зебинисо Камалова: Ҳозирда илмий, адабий матнлар устида ишлаяпман. Шу йил ниҳоясига етмасидан олдин илмий тадқиқот ишимни китоб ҳолатида нашр қилиш ниятим бор шу мақсадда ҳаракат қиляпман. Халқаро илмий нашрларда мақолалар чоп этишга уриняпман. Олий таълим муассасаларига иш юзасидан хужжат йўллаганман, соҳам бўйича баъзи лойиҳаларга мурожаат қилдим: уларнинг натижаларини кутяпман. Қиладиган ишлар талайгина, масъулият оғир, аммо шижоат етарли. Авлонийнинг шундай гапи бор: “Шижоатнинг ҳақиқати қалбнинг матонатидан, руҳнинг саломатидан иборатдир”. Худо хоҳласа саломат бўлсак риёзатдан саодат топишда давом этаверамиз.

Vatandosh: Илмий изланувчи қатъий амал қилиши керак бўлган уч та шахсий қоидага нималарни белгилаб берган бўлар эдингиз?

Зебинисо Камалова: Бу саволингизга ҳам ахлоқий ва техник жиҳатига кўра фикр билдирмоқчиман. Ахлоқий жиҳати: интизом, тавозе, қизғонмаслик. 

Техник қоида эса: манбанинг аслига таяниш, ёзилган маълумотни мунтазам қайд қилиш, умумдан хусусга чуқурлашиш.

Vatandosh: Суҳбатимиз сўнггида дунё бўйлаб тарқалган Ўзбекистонлик ватандошларимизга тилакларингиз.

Зебинисо Камалова: Орифлардан бўлган Зуннуни Мисрийнинг шундай гапи бор: “Бир одамнинг қиймати ҳимматининг нисбатичадир”. Кимнинг ҳиммати миллат бўлса у бир бошига бир миллатдир. Дунёнинг тўрт тарафида турли сабаб ва мақсадлар билан бир бошига бир миллат бўлиб истиқомат қилаётган юртдошларимни Рамазон билан табриклайман. Бизларни боғлаб турган ришталар мустаҳкам бўлсин. Олтин бошлари омон бўлсин. Юртимиз бағридаги оила аъзоларимиз, дўстларимиз, ватандошларимизга ҳам қалбдан дуоларимизни йўллаб қоламан.

Vatandosh: Қизиқарли ва сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур. Келгуси илмий ва шахсий ишларингизда муваффақият доим ёр бўлсин.