Миллиардер Фаттоҳ Шодиев Сирдарёга 40 миллиард сўм маблағ ажратди

Жорий йил 9 апрель куни асли келиб чиқиши ўзбекистонлик ҳозирги кунда Қозоғистон Республикасида ўз тадбиркорлик фаолиятини юритиб келаётган саҳоватпеша инсон Фаттох Қаюмович Шодиев делегациясини вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев кутиб олди. Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати маълум қилди.

Учрашувда делегация аъзолари Фаттох Шодиев ташаббуси билан “Шодиев Халқаро фонди” жамғармаси томонидан Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, хусусан Сирдарё халқининг турмуш тарзини янада яхшилаш, ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари учун ҳомийлик ҳисобига 40 млрд. сўм (4,7 млн доллар) маблағ ажратилиши режалаштирилганлигини айтиб ўтди.

Бугун ажратилиши режалаштирилган маблағнинг қарийб 30 млрд. сўми вилоятимизнинг махсус ҳисоб рақамига келиб тушди.

Мазкур маблағлар “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилиши белгиланган вилоятимизнинг чекка қишлоқларини одобонлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини, автомобил йўлларини, оқова сув тизимларини мукаммал таъмирлаш бир сўз билан айтганда аҳолини турмуш тарзини яхшилаш учун йўналтирилади. Шунингдек, маблағнинг бир қисми муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан Ховос туманида барпо этилаётган “Xovos city” қурилишига сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Асли ўзбекистонлик, ҳозирда Бельгия фуқароси ҳисобланган Фаттоҳ Шодиев 1996 йили ўз номи билан аталувчи фондга асос солган. Фонднинг бош офиси Лихтенштейнда жойлашган. Фонднинг асосий мақсади илмий, тиббий, ижтимоий, маданият ва таълим соҳаларида хайрия лойиҳаларини амалга оширишдир.

2017 йил сентябрида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Шодиев халқаро фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини рўйхатга олган эди. Қайд этиш жоиз, Фаттоҳ Шодиев меҳнат фаолиятини Сирдарё вилоятидан бошлаган.

Аввалроқ россиялик миллиардер Алишер Усмонов Наманган вилоятида «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш учун 50 миллион доллар ажратиши ҳақида хабар берилган эди.