Ақидахон Европада ўтказилган халқаро фанлар олимпиадасида 1-ўринни эгаллади

Шу йилнинг март ойида Испания давлатида бўлиб ўтган ўрта мактаб ўқувчилари ўртасидаги халқаро фанлар олимпиадасида Ўзбекистонлик Ақидахон Арслонхонова инглиз тили фанидан қатнашиб 1-ўринни эгаллади.

Ақидахон Тошкент шаҳридаги “Genesis Education” номли хусусий мактабнинг 8-синф ўқувчиси ҳисобланади.

Ёш авлоднинг келажаги ота-оналар, катта авлоднинг қўлида. Уларнинг бугунги эътибори, ғамхўрлиги болаларнинг етук шахс бўлиб тарбияланишига сабаб бўлади.

Олимпиада ғолибаси Ақидахон Арслонхонова

Ақидахоннинг бу ютуғи ушбу фикримизнинг амалий тасдиғидир. Ота-онасининг эътибори, устозларининг таълими билан бугунги натижага эришди.

Бугунги кунда инглиз тили нафақат халқаро тил, балки, фан ва технологияларининг ҳам тилига айланиб бўлди. Замонавий ахборот технологиялари инглиз тилида яратилиб бутун дунёга тарқалиб бормоқда.  Шу нуқтаи назардан инглиз тилини ўрганиш долзарб масалага айланди.

Дунёдаги энг йирик хусусий ўқув муассасаси Education First (EF) давлатлар аҳолисининг инглиз тилини билиш даражаси бўйича ҳар йиллик глобал рейтингини эълон қилади. Афсуски, Ўзбекистон бу рейтингда жуда паст 86-ўринни эгаллаб турибди. Охирги йилларда давлат томонидан таълимни ривожлантиришга, хусусан хорижий тилларни ўргатишга эътиборнинг кучайтирилиши яқин келажакда ўз самарасини бериши аниқ.

Ўз ўрнида фарзандининг келажаги ҳақида қайғурган ота-оналар фарзандлари сифатли таълим олиши учун барча имкониятларни яратишга ҳаракат қилиши керак.

Бугунги кунда хусусий таълимнинг ривожланиши соҳада рақобатнинг кучайишига туртки бўлмоқда ва бу ўз ўрнида мақоламиз қаҳрамони бўлмиш Ақидахон каби иқтидорли болаларнинг кўпайишини таъминламоқда.

“Қизингиз келажакда қайси касб эгаси бўлишни орзу қилади?”деган саволимизга Ақидахоннинг онаси Санобар Аҳмедова “Келажакда кучли кардиолог шифокор бўлишни орзу қилади”, деб жавоб бердилар.
Биз Ақидахонга ўз орзусига етишида тилакдошмиз. Унинг кейинги ўқишларида ҳам омад ҳамроҳ бўлсин деймиз. Қаҳрамонимизга ўхшаган ёшлар юртимизда қўпаяверсин. Зеро, тараққиёт ва фаровонликни билимли инсонлар бошлаб беради.