АҚШнинг энг кўҳна университетларидан бири Ўзбекистонда ўз кампусини очиши мумкин

25 февраль куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов мамлакатдаги энг кўҳна университетлардан бири Сиракуз университети директори билан учрашди, деб хабар бердиТИВ матбуот хизмати.

Ушбу хусусий тадқиқот университети АҚШнинг шимоли-шарқида жойлашган Сиракуз шаҳрида 1870 йилда ташкил этилган.

U.S. News & World Report нашри маълумотига кўра, Сиракуз универиситети АҚШнинг давлат бошқаруви ва ахборот технологиялари соҳасидаги энг яхши учта университетидан бири ҳисобланади.

2018 йилда Тошкент ахборот технологиялари университети ва Сиракуз университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Учрашув давомида Сиракуз университетининг Тошкент шаҳридаги кампусининг очилиши масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси берган маълумотга кўра, университет маъмурияти март ойи охирида Ўзбекистонга ташриф буюради ва ушбу масала кенгроқ муҳокама қилинади.