Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хориждаги ўзбекистонликларни ишга таклиф қилади

Ўзбекистонда илк маротаба Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси томонидан хорижий мамлакатларда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар учун Career Bridge лойиҳаси доирасида видеоконференция ўтказилди, деб ёзади ЎзА.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, тўғридан-тўғри мулоқот шаклида ташкил этилган видеоконференцияда Россия, Япония, Туркия ва Латвиядаги етакчи олий таълим муассасаларининг икки мингдан ортиқ ўзбекистонлик битирувчиси иштирок этди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги онлайн конференцияда сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган ишлар билан бирга олий таълим тизимида мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида тақдимот ўтказди.

Онлайн мулоқотда вазирлик хориждаги ўзбекистонликларни олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда иштирок этишга ва Ўзбекистон равнақига биргаликда ҳисса қўшишга чақирди.