Президент мактаблари қандай бўлади?

Ўзбекистон раҳбарининг қарори билан Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этилмоқда.

Президент мактабларига қабул қилиш республика умумтаълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади.

Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади.

Биринчи ўқув йилида Президент мактабларининг ҳар бирига 5-10-синфларга 144 нафардан ўқувчи ўқишга қабул қилинади.

Президент мактабларида таълим жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилидаамалга оширилади.

Президент мактабларида “STEAM – таълим” (Science – табиий фанлар, Тechnology – технологиялар, Engineering – техник ижодкорлик, Аrt – санъат, Мathematics – математика) дастури жорий этилади.

Президент мактабининг 9-11-синфларида ўқитиш ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хусусиятларини инобатга олган ҳолда, айрим фанлар ва уларни ўрганиш даражасини танлаб олиш орқали ўқув жараёнини индивидуаллаштиришни кўзда тутади.

Асосий ўқув дастури билан биргаликда Президент мактабларида ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда синфдан ташқари амалий машғулотлар ўтказиш назарда тутилади.

Президент мактаблари битирувчиларига белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, аттестат) билан бир қаторда, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларига кириш имконини тақдим этувчи халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) берилади.

Президент мактаблари бевосита Халқ таълими вазирлигига бўйсунади.

Ўқувчилар бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминланади.