Transparency International Ўзбекистонга коррупцияга қарши курашишда ёрдам беради

    Transparency International халқаро ташкилоти Ўзбекистонга коррупцияга қарши курашишда ёрдам беради. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Таҳлилнома” кўрсатувида маълум қилинди.

    Ушбу ташкилотнинг минтақавий менежери Светли Савицкаянинг айтишича, Transparency International коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш соҳасида кўмак беришга тайёр.

    “Тошкентда апрель ойи охирида Transparency International экспертларини жалб қилган ҳолда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар ва замонавий амалиётни Ўзбекистонда жорий этиш масалаларига бағишланган ҳамкорликдаги тадбир ўтказишга келишиб олинди”, дейилади хабарда.

    Айни пайтда Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш рейтингида 180 та давлат ичида 158-ўринни эгаллаб турибди. Мазкур рўйхат эса айнан Transparency International томонидан тузилади. Солиштириш учун, мамлакат 2017 йилда 180 та давлат ичида 157, 2016 йилда 176 та давлат ичида 156-ўриндан жой олганди.

    Бундан олдин БМТ Ўзбекистонга коррупцияга қарши курашиш учун 8 миллион АҚШ доллари йўналтириши ҳақида хабар берилган эди.

    Маълумот учун, Transparency International бутун дунёда коррупцияга қарши курашиш ва коррупция даражасини тадқиқ этиш бўйича ноҳукумат халқаро ташкилотдир. Ушбу халқаро ҳаракатга 1993 йилда Жаҳон банкининг собиқ директори Петер Айген томонидан асос солинган.

    Айни пайтда унинг дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида бўлинмалари мавжуд.